UZ RU
24.05.2011

ТИББИЙ ПРОФИЛАКТИКА – САЛОМАТЛИК АСОСИ

Жорий йилнинг 20-21 май кунлари пойтахтимизда юрак, қон-томир тизими касалликларини даволашда қўлланилаётган янги технологиялар ва тиббий профилактика тадбирларида умумий амалиёт шифокорларининг ўрни мавзуига бағишланган илмий-амалий халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ва Ўзбекистон Кардиологлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуманда юртимиз олимлари ва шифокорлари билан бирга, Россия ҳамда Украинадан келган мутахассислар иштирок этди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Анвар Алимов мамлакатимиз тиббиёт тизимида аҳолига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган малакали тиббий хизмат турларининг тобора кенг тус олаётганлиги халқимиз саломатлигини яхшилаш, касалликлар профилактикасига хизмат қилибгина қолмай, балки илм-фан йўлидаги изланиш ҳамда ютуқлар соҳа тараққиётида кенгроқ оммалашишига олиб келаётганини таъкидлади. Айниқса, бирламчи тиббиёт бўғинида фаолият юритаётган умумий амалиёт шифокорларининг бу жараёндаги фаоллиги ва касб малакасини ошириш муҳим аҳамиятга эга эканлигига алоҳида тўхталди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг дастлабки босқичида ташкил топган ва соҳадаги долзарб вазифаларни ҳал этишга катта ҳисса қўшаётган етакчи тиббий- илмий марказлардан биридир. Ушбу марказ олимлари ва шифокорлари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли илмий изланишлар натижасида кардиологиянинг муҳим масалалари – артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қон айланиши етишмовчилиги, юрак аритмиялари диагностикаси ва даволаш стандартлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Марказда илгари инсон саломатлигига жиддий таҳдид туғдирган аритмия касаллигини тиғсиз даволаш амалиёти жорий этилди. Бунда шифокорларимиз томирларнинг ички ҳолатини юқори аниқликда ўрганиш имконини берадиган ангиографик текширув усулидан самарали фойдаланмоқда. Ҳаётда татбиқ этилаётган бундай юқори технологияли даволаш услублари касалликни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш, юрак хасталиклари натижасида келиб чиқадиган ўлим кўрсаткичларини камайтириш имконини бермоқда. Анжуманда қайд этилганидек, кардиологияда тиббий профилактика ишларини тўғри ташкил этиш бу борадаги натижаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади. Бу аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, юрак касаллигини келтириб чиқарадиган ирсий омилларни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга эътиборни янада кучайтиришни талаб этади. Бундай тадбирлар кардиолог, невропатолог каби мутахассислар билан бир қаторда, умумий амалиёт шифокорлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда уч мингдан зиёд қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда умумий амалиёт ва оила шифокори тизими ташкил этилган. Мазкур бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида диагностика ва даволаш ишларини юқори савияда ташкил этиш учун барча шароитлар яратилган. Умумий амалиёт ва оила шифокорлари ҳамда патронаж ҳамширалар ҳар бир оиланинг тиббий-ижтимоий ҳолатини мунтазам ўрганиб, аҳолига ўз вақтида профилактик ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Телекўприк тарзида ташкил этилган ушбу анжуман ишида вилоятларда фаолият юритаётган соҳа шифокорлари ҳам бевосита иштирок этди ва кардиологиядаги илмий янгиликлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Анжуманда кардиология соҳасида жаҳон тиббиёти ва мамлакатимиз илм-фани эришаётган натижаларни амалда қўллаш самаралари, юрак касалликларининг олдини олишда умумий амалиёт шифокорларининг ўрнига бағишланган маърузалар тингланди.

Намоз ТОЛИПОВ.