МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ – ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ
Президентимизнинг 2006 йил 25 августда қабул қилган "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бу йўналишдаги илғор тажрибани оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш Республика марказида "Мустақиллик ва маънавият" мавзуида республика ўқув-услубий анжумани ўтказилди.
Тадбирда вазирликнинг мутасадди раҳбарлари, Ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш Республика маркази вилоят филиалининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Маънавият ва маърифат маркази" бошлиғи Ўрол Абилов мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишдек эзгу мақсад йўлида халқимиз эришаётган муваффақиятларда маънавиятни юксалтиришга қаратилаётган доимий эътибор муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, глобаллашув жараёнида таҳдидий ғоялар ва терроризмнинг мақсад-муддаолари, диний экстремизмга қарши кураш, ёшларга миллий мафкура тушунчаларини сингдириш сингари асосий вазифалар тўғрисида ҳам гапириб ўтди. Бунда Юртбошимизнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч" асарининг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириш мақсадида ташкил этилаётган тадбирлар ижобий самара бермоқда. Бу борада Ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш Республика марказида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
– Марказимизда маънавий-ахлоқий, тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилмоқда, – дейди марказ директори Н. Муродов. – Бундан кўзланган мақсад, малака ошириш учун келган тиббиёт ходимлари онгига мустақиллик, миллий ғоя ва мафкура, демократик жамият қуриш сингари сиёсатимизнинг устувор йўналишларида алоҳида маънавият соатлари ажратилган бўлиб, бу албатта, уларнинг билим савиялари янада юксалишига хизмат қилади.
Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилот, корхона ва муассасаларда давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш масаласи доимий эътиборда бўлмоқда. Махсус ўқув семинарлари орқали жамоалардаги маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлар билим ва малакаси мунтазам ошириб борилмоқда. Тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан меҳнат жамоалари, аҳоли ва ёшлар ўртасида учрашувлар, суҳбатлар ўтказилмоқда. Хусусан, марказнинг вилоят филиаллари томонидан ҳам таълим муассасаларида гиёҳвандлик, одам савдоси, ОИТС ва диний экстремистик ғояларга қарши курашиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилиниб, ўрганилди. Айниқса, бу борада Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё, Андижон ва Фарғона вилоятларида кўплаб амалий тадбирлар олиб борилганлиги эътироф этилди.
Анжуман якунида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва галдаги вазифлар белгилаб олинди.
Иброҳим РУСТАМОВ,
Ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш
Республика марказининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари.