ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ СИФАТИ ВА АМАЛИЁТИ
Жорий йилнинг 19 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Тиббиёт коллежларида таълим сифати ва амалиёти: муаммолар ва истиқболли вазифалар" мавзусида конференция бўлиб ўтди. Мазкур конференцияда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Соғлиқни сақлаш вазирликлари мутасадди раҳбарлари, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси масъул ходимлари, марказ директорлари, республика даволаш-профилактика муассасалари бошлиқлари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари бош врачлари, тиббиёт ўқув юртлари ўқитувчи-педагоглари, шунингдек, бош ҳамширалар ва оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.
Конференцияда асосан ёшларнинг таълим сифати ва амалиёти бўйича жорий этилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган кенг қамровли лойиҳалар ва келгусидаги режалар бўйича асосий масалалар кўриб чиқилди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши Раисининг ўринбосари Атажон Ҳамраев кириш сўзи билан очиб, кадрлар тайёрлаш сифати, уларни иш билан таъминлаш, шунингдек, тиббиёт коллежларини битираётган ёшлар халқимиз саломатлиги йўлида масъулият билан фаолият юритиши муҳимлигини, малакали кадрларни тайёрлаш, уларни замонавий талабларга мос, маънавий-ахлоқий етук ҳолда тарбиялаш вазифаси нафақат тиббиёт таълим муассасалари, балки соғлиқни сақлаш ходимлари олдидаги муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.
Сўнгра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Давлат санитария бош врачи Саидмурод Саидалиев мамлакатимизда кадрлар тайёрлашни кучайтириш ва ёшларни касбга йўналтириш бўйича қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ва бу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида тўхталди.
Тиббиёт таълим муассасаларида тайёрланаётган кадрлар сифатини ошириш ҳамда даволаш-профилактика муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бош мутахассиси Ж. Жумабаев, Тиббиёт коллежларида кадрларни тайёрлаш ва таълим сифатини ошириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва ўқув юртлари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари М. Алимова, "Устоз-шогирд" анъаналарини ривожлантиришга қаратилган замонавий талаблар бўйича Тошкент шаҳар 1-сонли Республика тиббиёт коллежи директори М. Зияева, Даволаш-профилактика муассасаларида тиббиёт коллежлари ўқувчиларининг ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётини ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби ҳақида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Р. Салиходжаева, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б. Абдиманов ва бошқалар "Устоз-шогирд" анъаналарини ривожлантиришга қаратилган замонавий талаблар хусусида маъруза қилдилар.
Йиғилишда таъкидланганидек, Президентимиз Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган "2010 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йил иқтисодий Дастурининг энг муҳим устувор вазифалари"га бағишланган мажлисидаги маърузасида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўзлари танлаган билим ва касб соҳалари бўйича тайёргарлик сифатини ҳозирги замон талаблари даражасига етказиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида тегишли вазирликларга кўрсатмалар берган эди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2011 йил 27 январда "Умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларини касбга йўналтириш, уларни тўлиқ ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қамраб олиш, касб-ҳунар коллежларида таълим сифатини ошириш, мос йўналишдаги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлигини ташкил этиш, битирувчиларни ишга жойлаштириш масалалари тўғрисида"ги селектор йиғилиш ҳам касб-ҳунар коллежларига қаратилган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан далолат беради.
Республикада ҳар ҳафтанинг пайшанба куни "Коллежлар куни" деб белгиланиши ўқувчиларнинг назарий ва амалий билим олишларига эътиборни янада кучайтиради. Бундан кўзланган асосий мақсад – академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига чуқурлаштирилган билим бериш, уларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши, ўзлари танлаган мутахассисликлари бўйича малакали билим ва амалий кўникмаларни эгаллаши ҳамда ишга жойлашишида рақобатни енга оладиган мутахассислар бўлиб етишишини таъминлашдан иборат.
Конференция якунида мутахассислар ечимини кутаётган вазифалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.