UZ RU
19.05.2011

ОММАВИЙ ЭМЛАШ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Шу кунларда мамлакатимизда полиомиелитга қарши миллий эмлаш кунларининг олтинчи босқичи бошланди. 28 майга қадар давом этадиган ушбу тадбир доирасида беш ёшгача бўлган қарийб уч миллион нафар бола эмланади.

Юртимиз соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий йўналишдаги ислоҳотлар самараси туфайли аҳоли орасида даволаш-профилактика чора-тадбирлари ижобий томонга яхшиланмоқда. Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ, 16 ёшгача бўлган барча болалар оғир юқумли касалликларга қарши режа асосида эмланмоқда. Бундай тадбирларнинг натижасида мамлакатимизда юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият барқарор сақланмоқда. Бироқ, ўтган йили минтақамиздаги айрим давлатларда полиомиелит касаллиги қайд этилди. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган иммунопрофилактика ишларини янада кучайтиришни ва қўшимча чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Шунга мувофиқ, юртимизда босқичма-босқич миллий эмлаш кунлари ташкил этилмоқда. Бундан мақсад – полиомиелит бўйича вазиятни барқарор сақлаш, аҳоли, айниқса, болалар саломатлигини муҳофазалашдан иборат.

ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонасида миллий эмлаш кунларининг олтинчи босқичига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда маълум қилинишича, иммунизация тадбирларининг навбатдаги босқичида ҳам 5 ёшгача бўлган қарийб уч миллион бола қамраб олинади. Вакциналар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ кўмагида Бельгиянинг "GlaxoSmithKline" компаниясидан олиб келинди. Республикамизнинг турли ҳудудларига етказиб беришда уларнинг сифатини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Эмлаш ишларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида жойларда тиббиёт ходимлари иштирокида касалликнинг клиникаси, ташҳиси ва даволашнинг замонавий усулларига оид семинарлар ташкил этилди. Иммунизация тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида ўн мингдан ортиқ эмлаш пункти, чекка ҳудудларда вакцинация ўтказиш учун саккиз минг олти юзга яқин сайёр бригада ташкил этилди. Эмлашнинг болалар саломатлигини асрашдаги аҳамиятини аҳолига етказиш мақсадида жойларда турли учрашувлар, мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги ва жойларда ташкил этилган махсус штабларда эмлаш жараёнининг бориши ва унинг натижалари мунтазам мониторинг қилиб борилади.

Мавжуда ТЎЙЕВА.