UZ RU
18.05.2011

ҲАЛОЛЛИК МАРТАБАНИ БЕЗАЙДИ

Лидия Ҳасанова, Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази амалиёт блоки катта ҳамшираси:

– Аввало, биздек тиббиёт ходимлари меҳнатини қўллаб-қувватлаётган Президентимизга ўз ташаккуримни билдираман. Уларнинг фаолиятимизга бўлган эътиборлари боис, касбимизга меҳримиз ошиб, янада шижоат билан ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Мана 50 йилдирки, ушбу марказда меҳнат қилиб келяпман. Айниқса, шифо масканимиз мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида 50 ёшга тўлиши жамоамиз учун катта фахр десам, янглишмаган бўламан. Истиқлолимизнинг ҳар бир йили тарих зарварақларидан ўрин олар экан, бу албатта юртимиздаги туб ўзгаришларнинг амалдаги ифодаси билан ҳар бир қалбда муҳрланиб қолади. Ушбу давр мобайнида 50 йиллик тарихга эга бўлган марказимизда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилиб, муассаса қиёфаси янгича тус олиб, замонавий аппаратуралар ва малакали кадрлар билан таъминланди. Касбимни жон дилдан севаман. Шу кунга қадар кўплаб шогирдлар етиштирганимдан фахрланаман. Ҳар бир бўлимларда боғлов ҳамда операцион хоналар мавжуд бўлиб, уларда ишлаш катта масъулият талаб қилишини ҳамкасбларимга айтиб, тиббий ускуналардан оқилона фойдаланиш, айниқса, асептика-антисептика қоидаларига риоя этишларини ўргатиб келмоқдаман. Ҳамширалар фаолиятига катта эътибор қаратаётган давлатимизга, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳамда Марказимиз раҳбариятига миннатдорчилигимни билдириб, уларни истиқлолимизнинг 20 йиллиги билан қутлайман.

Гулнора Мамутова, Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази катта ҳамшираси: – Ҳамширалик касбини танлаганимдан ва шу соҳада 41 йилдан буён ишлаётганимдан мамнунман. Айниқса, Юртбошимиз, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳамширалик ишига бўлган эътибори боис, амалга оширилган ишлар туфайли Ўзбекистонда "Ҳамширалик мактаби" яратилди, десам муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциацияси ва унинг вилоят филалларининг фаолиятдаги ўрни бугунги кунда ўз нуфузига эга бўлаётганлиги республикамиз тиббиёт муассасаларида меҳнат қилиб келаётган 250 мингдан ортиқ ҳамшираларнинг касбга бўлган иштиёқи ҳамда халқимиз саломатлиги йўлида астойдил хизмат қилаётганликларидир. Мустақиллик шарофати билан марказимизда янгиликлар сари қадам ташланиб, мутахассисларнинг янги технологияларда мураккаб операцияларни бажариш жараёни, қолаверса, ўз тажрибаларини ошириш мақсадида тинимсиз изланиш олиб бораётганликлари, халқимизнинг тиббиётга бўлган ишончини янада оширмоқда. Ўз фаолиятим давомида иқтидорли, касбига меҳр қўйган ҳамшираларга устозлик қилиб келаётганимдан фахрланаман. Республикамиз ҳамширалари меҳнатини қадрлаб, улар мустақил ишлашлари учун имконият яратган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциацияси раиси Рихси Салиходжаева ва фаолиятимиз учун барча шароитларни яратиб берган Хуршеда Матлюбовага дил изҳоримни билдириб, уларнинг жамиятимиз тарққиёти йўлидаги ишларига ривожлар тилаб қоламан.

Шерали НорҚЎзиев, Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачининг хирургик ишлари бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди: – Кейинги йилларда Ўзбекистон тиббиёти мисли кўрилмаган даражада ютуқли натижаларга эришиб, хорижлик мутахассислар томонидан эътироф этилаётганлигига ҳар биримиз гувоҳмиз. Айтиш муҳимки, бугун қайси бир тиббиёт муассасасига борманг, у ердаги шароит, соғлом муҳит ҳеч биримизни эътиборсиз қолдирмайди. Соҳанинг ҳар бир йўналишида ўзига хос мактаб яратилаётганлиги қувонарли ҳолдир. Айниқса, хирургия йўналишида ҳам олиб борилаётган фаолиятлар бундан мустасно эмас. Академик Восит Воҳидовдек ва бир қанча устозларимизнинг хирургия мактабини яратиб кетганликлари биз учун катта мерос бўлиб хизмат қилмоқда. Таъкидлаш жоизки, мутахассисларимизнинг мураккаб операция жараёнларини муваффақиятли бажараётганликлари, хорижий давлатлардаги халқаро анжуманларда ўз маърузалари билан иштирок этиб, Ўзбекистон тиббиёти довруғини танитаётганликларини тилга олсак арзийди. Истиқлолимизнинг 20 йиллиги арафасида марказимизнинг 50 йиллик юбилейи нишонланар экан, ушбу маскан давр талаби даражасида ўз нуфузига эга бўлишида ҳалол меҳнатини аямаган марказ раҳбари Хуршеда Матлюбованинг жамият ва оилада тутган ўрни ҳақида қанчалик гапирсамда, озлик қилади. Қалби пок, куч­ғайрат ва шижоатга эга бўлган Хуршеда опанинг талабчану ташаббускор ҳамда фидойилиги билан марказ фаолияти тубдан ўзгариб, ходимлар учун етарли имкониятлар яратилди, муассаса ҳудудлари ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Мақсадимиз халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилиш экан, бор куч ва имкониятларимиздан оқилона фойдаланиб, Ватанимиз равнақини янада юксалтиришда ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Акмал Йигитов, Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг гематология маркази бошлиғи:

– Марказимиздаги гематология маркази дастлаб бўлим сифатида 1965 йилда 1-сон вилоят қон қуйиш станцияси таркибида 30 ўринга мўлжаллаб очилган эди. Бўлим 1985 йилда 60 ўринга мослаштирилиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси буйруғи билан 1-сон бирлашган вилоят шифохонаси таркибига ўтказилди. 2000 йилда эса марказ бош врачи Х. Матлюбова ташаббуси билан иккита бўлим бирлаштирилиб, 42 ўринга мўлжалланган гематология маркази ташкил қилинди. 2002 йилда гематология маркази замон талабига жавоб берадиган алоҳида икки қаватли бинога кўчди. Марказда бир йил давомида ўртача 1200 нафар бемор даволанади. Самарқанд вилоятидан ташқари, қўшни вилоятлардан ҳам қон касалликлари билан оғриган беморлар шифо топиб кетмоқдалар. Марказимиз вилоят шифохонасининг биринчи хирургия бўлими билан биргаликда Идиопатик Тромбоцитопеник пурпураларда спленэктомия амалиётини йўлга қўйди. Янги препаратларда Нейпоген, Флюдорабин, Эритропоэтин, Венофер, Этопазит каби дори-дармонлар беморларга қўлланмоқда. Таъкидлаш муҳимки, 2010 йилда гематология марказида лейкоз касаллар учун алоҳида асептик блок ташкил қилинди. Экстрокорпорал қон тозалаш хонаси фаолияти Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтидан кейин иккинчи ўринда бўлиб, 2006 йилдан буён беморларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Мазкур хонада 200 га яқин касалликларга плазмаферез, лейкоцитоферез, тромбоцитоферез, эритроцитоферез ва бластоцитоферез операциялари ўтказилмоқда. 2006-2009 йиллар мобайнида фақат дискретный плазмаферез операцияси ўтказилган бўлса, 2009 йилдан бошлаб, аутоиммун касалликларида селективный плазмаферез операцияси ўтказиш йўлга қўйилди. Экстрокорпорал қон тозалаш – қўшимча даволаш усули бўлиб, гематологик, гинекологик, неврологик, хирургик, терапевтик, дерматологик, наркологик, реанимацион ва педиатрияда кенг қўллаш мумкин. Албатта бундай шароитларнинг яратилиши мустақиллигимизнинг шарофатидир. Айниқса, бу борада мутахассислар учун кенг имконият эшиклари очилаётганлиги, изланишларимизда катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Марказимиз ўзининг 50 йиллик тарихий санасини нишонлар экан, жамоамиз аҳлини байрамлари билан қутлаб, юртимиз тинч, халқимиз фаровон яшаб, мустақиллигимизнинг 20 йиллигини кўтаринки кайфият билан кутиб олишларини тилаб қоламан.

Қалбимиз тўла қувонч ва ҳис-туйғулар билан эътироф этишимиз жоизки, 20 йил ичида Она диёримиз мисли кўрилмаган даражада гўзаллашиб, ҳар бир соҳада катта ўзгаришлар бўлганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шундай экан, тиббиёт соҳасидаги янгилик, изланиш қолаверса, халқимиз саломатлиги йўлидаги эзгу ишларнинг равнақ топиб кетаётганлигини ҳар бир тиббиёт муассасасида учратиш мумкин. Ҳа, мустақил юртимизнинг 20 йиллик тўйи арафасида ўзининг муносиб 50 йиллик юбилейини кутиб олаётган Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази аҳил жамоасини қўшалоқ байрам билан чин қалбдан самимий қутлаймиз. Уларнинг эзгу ниятлар ила халқимиз саломатлиги йўлидаги фаолиятларига омадлар тилаб, муассасада соғлом муҳитнинг доимий барқарор бўлишини истаб қоламиз.