UZ RU
17.05.2011

ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН ИМКОНИЯТ

Мустақил диёримиз ўзининг 20 йиллик байрамини нишонлаш арафасида экан, ўтган давр мобайнида тиббиёт тизимидаги фаолиятларга назар ташлайдиган бўлсак, соҳада оламшумул ўзгаришлар амалиётда ўз ифодасини топиб, Ўзбекистон тиббиёти дунё ҳамжамиятидан ўрин олди, десак янглишмаган бўламиз. Зеро, Ана шундай ажойиб кунларда ўзининг 50 йиллик юбилейини нишонлаётган Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази истиқлол берган имконият туфайли ўзининг янгича қиёфаси-ю, замонавий технологиялар ва малакали кадрларига эга бўлди...

Эътироф этиш жоизки, истиқлолимиз бераётган имкониятлар боис, ҳар бир соҳада ютуқли натижалар қўлга киритилиб, жамиятимиз тараққиёти кундан-кунга ривожланиб, халқимизнинг яшаш тарзи ва фаровонлиги янада яхшиланиб, келажаги буюк бўлган юртимиз таниб бўлмас даражада гуллаб-яшнамоқда. Дарҳақиқат, мустақиллигимизнинг 20 йиллигини нишонлар эканмиз, ҳар биримизнинг қалбимиздаги чексиз фахр-ифтихор Ватанимизга бўлган меҳр-муҳаббатимизни янада ошириб, Ўзбекистон фарзанди эканлигимиздан фахрланиб кетамиз. Мана шу қисқа давр ичида юртимизда мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилиб, ютуқли натижаларга эришилди.

Айниқса, ислоҳотлар жараёнидаги фаолиятларга босқичма-босқич назар ташлайдиган бўлсак, сўзимиз камлик, қаламимиз эса ожизлик қилади. Инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият деб, тан олинган Ўзбекистонда бунинг аҳамияти ниҳоятда катта. Дарҳақиқат, Президентимиз таъбири билан айтганда: "Ислоҳот ислоҳот учун эмас, авваламбор, инсон учундир". Бундай пурмаъно сўзлар замирида инсон манфаати ва унинг саломатлиги ётар экан, серқуёш диёримизда бу борада самарали ишлар ўз ифодасини топиб келаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Шундай экан, барча соҳалар каби республика тиббиёт тизимида ҳам нуфузли ишлар амалга оширилиб, замонавий тиббиёт муассасалари қад кўтариб, янги технологиялар ва малакали кадрлар билан таъминланди. Аввало, халқнинг тиббиётга бўлган ишончи ошиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ортди. Бунинг исботи сифатида айтиш жоизки, Юртбошимиз 2010 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланишга бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисида, Конституциямиз қабул қилинганлигининг 18 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросим ҳамда 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаларида тизимда амалга оширилаётган самарали ишларга алоҳида эътибор қаратганликларига ҳар биримиз гувоҳ бўлдик.

Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан соҳага оид чиқарилаётган ҳар бир Қарор ҳамда Фармонлар замирида инсон саломатлиги ётар экан, бу борада республика тиббиёт тизимида қўлга киритилаётган ютуқлар бундан мустасно эмас. Жумладан, Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказимизда ҳам истиқлол берган имконият туфайли ижобий ишлар қилиниб, муассасамиз фаолиятида туб ўзгаришлар юзага келди. Муассасамиз ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариш, вилоят аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш учун астойдил хизмат қилиб келмоқда. 2007 йилда Юртбошимизнинг ПҚ-39/23-сонли Қарорига асосан касалхонамиз вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига айлантирилди. Бу билан муассасанинг фақатгина номи ўзгариб қолмасдан унинг асосий вазифаси аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишни ташкил қилиш ва уни амалга оширишдан иборатдир. Шифохонамизда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, янги стационар бўлимлари (урология, андрология, микрохирургия, қон-томирлари хирургияси ва нейрохирургик ўринлар) ҳамда бўлинмалар (қон қуйиш бўлими) ташкил қилинди. Баъзи бўлимлар эса профилига мос касалхоналарга ўтказилди (туғруқ бўлими). Шунингдек, дорихона, касалхона бинолари, коммуникация тизимлари қайта капитал таъмирланди. Дорихонада тайёрланаётган дорилар сони ва миқдори бир неча мартага кўпайди. Марказда фаолият юритаётган врачлар малакасини оширишга, моддий техникани мустаҳкамлашга ҳамда даволаш жараёнида янги технологияларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айни кунда врачларнинг 62 фоизи, ҳамшираларнинг 21 фоизи олий тоифага эга бўлиб, кейинги икки йил ичида тиббиёт ходимларидан 70 фоизи малака ошириб, жумладан, 10 нафар врачлар Россия, Украина, Ҳиндистон давлатларида малакаларини ошириб қайтдилар. 5 нафар врач тиббиёт фанлари номзодларидир. 2008-2009 йилларда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда замонавий мураккаб диагностика ва физиотерапевтик ҳамда ультратовушли допплер ДЗ "PHILIPS" Эхоэнцефалограф, биохимик анализатор, колпоскоп, ЭГДФС каби аппаратлар сотиб олинди. Ушбу аппаратларнинг амалга татбиқ қилиниши, кўплаб мураккаб патологик жараёнларни ўз вақтида аниқлаш, шунингдек, замонавий лаборатория аппаратлари эса мураккаб ва специфик анализларни бажариш имкониятини берди. Бугунги кунда марказ лабораториясида 148 турдаги таҳлиллар аниқланмоқда. Айтиш муҳимки, бўлимларда яратилган барча шароит ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда малакали кадрлар томонидан янги технологиялар асосида турли хилдаги операция жараёнлари муваффақиятли ўтказилмоқда. Микрохирургия ва қон-томирлар жарроҳлиги бўлимида узилган тана сегментларини реплантация қилиш, қон-томирларида реконструктив операциялар қилинмоқда. Шунингдек, кейинги йилларда сурункали мия қон-томир етишмовчилигини хирургик даволаш устида иш олиб борилмоқда. Бу йўналишда уйқу артерияларида операциялар йўлга қўйилган. Хирургия бўлимида ошқозон ости бези резекцияси, ўт йўлларида реконструкция, кардиоспазмда ва диафрагма релаксациясидаги операциялар, урология бўлимида эса сийдик йўлларини перкутан катетеризация қилувчи операциялар ҳам амалга оширилмоқда. Қоннинг тизимли касалликларига чалинган беморлар учун алоҳида бокс хоналар ташкил қилиниб, уларнинг ремессия даври бир неча йилларга чўзилмоқда. Беморларни даволашда фитопрепаратлардан фойдаланиш кенг йўлга қўйилган.

Юртбошимизнинг 2007 йилдаги 3923-сонли Фармонига асосан мутахассисларимиз вилоят, туман тиббиёт бирлашмаларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиб, бунинг баробарида, малакали мутахассислардан иборат гуруҳлар барча туманларга чиқиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ўрганиб, уларга керакли тавсияларни бериб келмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 13 апрелдаги "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлом авлодни шакллантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-1096-сонли ҳамда 1 июлдаги ПҚ-1144-сонли "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида марказдаги ишчи гуруҳ томонидан аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш билан бир қаторда, тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Марказ поликлиникасига мурожаат қилаётган ва стационар бўлимида даволанаётган фертил ёшидаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларда ҳомиладорликда монеликлар аниқланган ҳолда контрацепция воситалари қўлланилиб, ихтиёрий хирургик контрацепциялар қилинмоқда. 1985 йилда марказ (Самарқанд вилоят 1-сон бирлашган касалхонаси) 650 ўринга эга бўлган бўлса, бугунги кунда ўринлар сони 320 тагача камайтирилди. Беморларни даволашда замонавий техника ва технологияларнинг амалиётга татбиқ қилиниши, самарали дори воситалари ва физиотерапевтик усуллари қўлланиши стационарда беморларнинг даволаниш даврини қисқартирди. Юртбошимизнинг Фармонларида белгиланганидек, аҳолининг ижтимоий муҳтож қатламларига тиббий ёрдам кўрсатишда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Вазирликнинг 216-сонли буйруғига мувофиқ марказда беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Йилнинг ҳар чорагида туман тиббиёт бирлашмаларига беморларни амбулатор шароитда бепул текшириш ва даволаш учун йўлланма тарқатилади. Имтиёзли беморларга тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Марказимизда ихтисослаштирилган тиббий хизмат натижалари доимий равишда илмий нуқтаи назардан таҳлил қилиниб борилади.

Кўплаб беморлар дардига нажот бахш этиб келаётган жамоамиз аҳли билан қанчалик фахрлансак арзийди. Яна шуни эътироф этиш керакки, Президентимизнинг тиббиёт тизимига бўлган эътибор ва ғамхўрлиги, вазирликнинг саъй-ҳаракатлари боис, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш, меҳнатини эъзозлаш, уларни касбларига бўлган меҳрларни янада оширмоқда.

Шунингдек, бугунги давр талабларига жавоб бера оладиган муассасанинг янги қиёфага киришида, замонавий технологиялар билан таъминланишида ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишда марказ ходимларининг меҳнатлари беқиёсдир. Марказимиз ўзининг 50 йиллик юбилейини нишонлар экан, ушбу масканнинг нуфузи ошишида фаол иштирок этган қанчадан-қанча тиббиёт ходимларимизни ҳурмат билан тилга олсак арзийди.

Марказимиз фаолиятини янада жадаллаштириш ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда жамоамиз ходимлари куч ва имкониятларини ишга солган ҳолда мустақиллигимизнинг 20 йиллигини муносиб кутиб олиб, бурч ва қасамёдлари олдида астойдил хизмат қиладилар.

Хуршеда МАТЛЮБОВА,

Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт

маркази бош врачи.