UZ RU
15.05.2011

ИЛМ-ФАН ЙЎЛИДАГИ ФИДОЙИЛИК

Дунёда шундай инсонлар борки, улар ўзларининг беминнат хизматлари-ю, меҳрибон ва самимийликлари билан халқ орасида обрў-эътиборга эга бўладилар. Дарҳақиқат, юқоридаги фазилатларни ўзида мужассам этган ажойиб инсон, санитария-эпидемиология, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган, моҳир ташкилотчи олим Акромжон Азизовнинг таваллуд топганига 70 йил тўлди.

Қалби илмга ташна бўлган Акромжон Азизов Тошкент Давлат тиббиёт институтининг стоматология факультетини тамомлагач, йўлланма билан Наманган вилоят санитария-эпидемиология станциясида санитар-врач сифатида фаолият кўрсатди. У 1972 йилдан бошлаб Республика санитария маорифи уйида услубиятчи-врач, бош врач муовини лавозимларида ҳам меҳнат қилди. Шу йиллар мобайнида тегишли тиббиёт олийгоҳларида ўзининг тиббий ва сиёсий билимларини ошириб, талабаларга маърузалар ўқиди. 1985 йилда А. Азизов аспирантурада таҳсил олиб, "Аҳолининг тиббий санитария маданиятини юксалтиришда ижтимоий-гигиенанинг муҳим жиҳатлари" мавзуида Москвадаги Бутуниттифоқ тиббий ва тиббий техникавий ахборот илмий-текшириш институтида "Ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш" ихтисослиги буйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1994 йилда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг "Ижтимоий тиббиёт ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш" кафедрасига катта ўқитувчи лавозимига таклиф этилиб, 2001 йилга қадар доцентлик лавозимида фаолият юритди. 2001 йилдан бошлаб янги ташкил этилган "Маркетинг ва мониторинг" бўлимига раҳбарлик қилди, 2008 йилдан эътиборан Ўзбекистон Врачлар Ассоциациясида бош мутахассис лавозимида ишлаб келмоқда.

А. Азизов профессор Қ. Зоиров, Д. Асадов, И. Ильинский, Ю. Лисицин, Д. Венедиктов, Д. Лоранский каби устозлари кўмагида улкан ташкилотчилик ва илмий-педагогик салоҳиятга эга бўлди. Ярим асрдан ортиқ ташкилий, амалий, назарий ва педагогик меҳнат фаолияти давомида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, илм-фан ютуқлари, касалликларга қарши кураш, аҳоли ўртасида гигиеник таълим-тарбия ишларини ташвиқот қилиш, тиббий-санитария ва турмуш маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларида тиббиёт ходимларининг ўрни, ҚВПлар ишини ташкиллаштириш каби бир қатор муаммоларга оид 250 дан ортиқ мақола, 40 дан ортиқ услубий қўлланма ва тавсиянома, рисолалар чоп этди. Шунингдек, тизимдаги амалий ютуқларни кенг тарғиб қилишга оид кўплаб ҳужжатли видеофильмларнинг ташаббускори ва муаллифига айланди.

А. Азизов узоқ йиллар фаол жамоатчи раҳбар сифатида соғлиқни сақлаш тизимида самарали фаолият юритди. Республика аҳолиси ўртасида гигиеник таълим-тарбия ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини кенг тарғибот қилиш, тизимдаги илм-фан ютуқларини телевидение, радио ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг ташвиқот қилишдаги фаол ташкилотчилиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда касаба уюшмаларининг кўплаб фахрий ±рлиқлари билан тақдирланди.

Бутун умрини тиббиёт илмига бахшида этган олим ўзининг камтарлиги, ишчанлиги, ширинсўзлиги ва шогирдларига бўлган меҳрибонлиги билан келажак авлодларга ибрат бўлиб келмоқда.

Тошкент Врачлар Ассоциацияси жамоаси, Акромжон Азизовнинг сабоқларидан баҳраманд бўлган шогирдлари устознинг 70 йиллик таваллуд куни билан қизғин табриклаб, унга узоқ умр ва илмий педагогик фаолиятида катта муваффақиятлар тилайди.