UZ RU
04.06.2011

ТИББИЁТИМИЗ ТАРИХИ ВА РИВОЖИ

Айни кунда Қаюм Зоиров номидаги Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш музейига ташриф буюрсангиз у ердаги тозалик ва озодалик, ходимларнинг самимий муносабати ҳамда киравериш залларидаги замонавий тарзда ташкил қилинган рангли фотокўргазмалар диққатингизни ўзига жалб этади. Тиббиётимиз тарихи ва равнақи, унинг бой меросини ўрганиш мақсадида ташриф буюраётганлар сони тобора ортиб, ҳатто бир кунда 6-7 гуруҳгача етмоқда. Зеро, бундай файзли масканнинг янада ўзига хос мавқега эга бўлишида музейнинг жонкуяр, меҳнаткаш, талабчан раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Фарида Махсумованинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Шу боис, Халқаро музейлар куни муносабати билан музей директори Ф. Махсумова билан суҳбатда бўлдик.

– Фарида Қодировна, ҳар бир музейнинг ўз ўрни ва мавқеи бор. Сиз раҳбарлик қилаётган масканнинг халқимиз учун аҳамияти қандай бўлмоқда?

– Жуда ўринли савол бердингиз. Чунки, инсон учун соғлик – бу бебаҳо неъмат ҳисобланади. Тиббиётнинг асл мақсади халқ саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилишдир. Шундай экан, ҳар бир инсон, аввало, ўз соғлиғи йўлида тиббий билимга эга бўлиши муҳим. Бунинг учун тиббиётнинг ўтмиш тарихи ва бугуни тўғрисида маълумотга эга бўлмоқ лозим, деб биламан. Ана шундай маълумотга эга бўлишда ўзининг 38 йиллик фаолияти билан республикамиз тиббиёт тарихини халққа танитиб келаётган музейимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Даргоҳимизга киришингиз билан электрлаштирилган рангли кўргазмалар ёрдамида гигиенанинг ҳамма турлари: меҳнат, мактаб ва шахсий, овқатланиш, ижтимоий, радиацион ҳамда тупроқ, сув, тураржой гигиеналари билан танишасиз. Шунингдек, ҳар бир хонада тиббий тарихий манбаларнинг мавжудлиги, экспонат ва турли хилдаги ноёб топилмаларнинг ўрин олганлиги ўтмиш тиббиёт тарихини кўз олдимизга келтиради. Бундан ташқари, кўҳна ўзбек шаҳарлари Хива ва Бухоро ҳудудларидаги археологик қазишларда топилган канализация иншоотларининг суратлари ва Афросиёб заминидаги қазилмаларда топилган сополдан ясалган канализация шахобчаларининг қолдиқлари ота-боболаримиз ўз шаҳар ва қишлоқларида санитария ҳолатига қанчалик катта талаб қўйганлигининг гувоҳи бўламиз.

Овқатланиш гигиенасига бағишланган экспозиция овқатланиш тартибини ташкил этиш зарурлигига қаратилса, "Ҳаво гигиенаси" бўлимида электрлаштирилган чўзма ўпканинг фаолияти нафасга олинаётган ва чиқарилаётган ҳаво тартибини аниқ тасаввур қилишга ёрдам беради. Сув ва тупроқ гигиенасига бағишланган кўргазмалар ҳам жуда қизиқарли бўлиб, кераклигича маълумотларни олиш имконияти каттадир.

Музейимизнинг фахри ҳисобланган электрлаштирилган "Шиша одам" модели Германиянинг Дрезден Гигиена музейида тайёрланган. Бутун дунё бўйлаб олтита нусхада яратилган мазкур экспонат орқали инсон ички аъзолари – асаб, юрак-томир тизими, нафас, овқат ҳазм қилиш ва бошқалар навбатма-навбат ёритилади. Айни пайтда ҳар бир аъзонинг тузилиши ва асосий вазифаси изоҳланади, юзага келиши мумкин бўлган касалликлар ҳақида ҳикоя қилинади.

Тиббиёт тамал тошини қўйиб кетган Абу Али ибн Синога бағишланган мемориал залда қизиқарли экспонатлар жуда кўп. Шундай экан, музейимизга ташриф буюрган ҳар бир инсон бундай маълумотларга эга бўлса, масканимизнинг аҳамиятли ўрни ўз ифодасини топади, деб ўйлайман.

– Шу ўринда тиббиётимиз дарғалари тўғрисида ҳам гапириб ўтсангиз.

– Тиббиётимиз фахри бўлиб келган академик, профессор ва меҳнат қаҳрамонлари ўз фаолиятлари давомида шуҳрат қозониб, ҳурмат-иззатга сазовор бўлганликлари учун алоҳида маълумот папкалари, шунингдек, махсус хона ажратилиб, уларнинг фотосуратлари шу ердан ўрин олган.

– Музейга ташриф буюрувчиларга қандай хизмат кўрсатилмоқда?

– Экскурсоводларимиз тиббиётимиз тарихи ва бугуни тўғрисида келган гуруҳларга ўзбек ва рус тилларида маълумот бериб борадилар. Жамоамиздаги барча ходимларимиз ўз ишларига масъулият билан ёндашиб келадилар. Бу албатта, амалдаги ишларимизнинг самарасини кўрсатишда муҳим роль ўйнамоқда.

– Келгусидаги режаларингиз ва халқимизга тилакларингиз.

– Олдимизда улкан вазифалар турибди. Шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, музейимизга янги экспонатлар келтирилди. Бундай ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромовнинг ҳиссалари бениҳоя катта бўлди. Жамоамиз номидан вазирликнинг мутасадди раҳбарларига чин дилдан ташаккур билдираман.

Юртимизда фаолият юритаётган музейлардаги ҳамкасбларимизни Халқаро музейлар куни билан самимий қутлайман. Келгусида куч-қувватга тўлиб, соғ-омон бўлиб юришларини тилаб қоламан.

Намоз ТОЛИПОВ суҳбатлашди.