БУЮК КЕЛАЖАККА МУНОСИБ АВЛОД
Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги табиий фанларга ихтисослашган академик лицей ўқувчилари Москвада бўлиб ўтган 45-халқаро Менделеев олимпиадасида қатнашиб, ҳавас қилса арзигулик ютуқларни қўлга киритди
Мана, бир неча йилдирки ўқув масканида таълим олаётган ёшлар кимё фани бўйича ўтказилаётган Халқаро Менделеев олимпиадасида иштирок этиб, ҳавас қилса арзигулик ютуқларга сазовор бўлмоқдалар.
– Фарзандларимиз орасида иқтидорли ўғил-қизлар кўп, – дейди лицей директори Ортиқбой Эшонқулов. – Ўқувчиларимизнинг мавжуд истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш учун таълим даргоҳида барча имкониятлар етарли. Лицей ўқувчилари замонавий лаборатория ва лингафон хоналари, интернет тармоғига уланган энг сўнгги русумли компьютер жиҳозлари билан таъминланган ахборот-ресурс маркази, спорт мажмуаси сингари қулайликлардан унумли фойдаланмоқда. Турли фан тўгараклари ишлаб турибди. Ҳар бир ўқувчи илк босқичда таҳсил олаётган пайтидаёқ қизиқиш ва интилишига қараб муайян бир фан ўқитувчисига бириктирилади. Маҳоратли педагог ёрдами билан ёшларимиз илмий-тадқиқот олиб бориши, дарсдан ташқари индивидуал машғулотлар ўтказиши мумкин.
Лицей ўқитувчиларининг таъкидлашича, ҳозирги ёшлар янгилик ва маълумотларни тез илғай олиш қобилиятига эга. Улар учун интернет ёрдамида жаҳоннинг энг номдор ўқув даргоҳларида яратилган электрон дарсликлар билан танишиш, оламшумул янгиликлардан бохабар бўлиш имкони мавжуд. Бу эса ўқитувчи зиммасига улкан масъулият юклайди. Ана шу теран ҳақиқатни чуқур англаган лицей жамоаси доимо изланишда. Ёшларни дарс машғулотларига қизиқтириш борасида лицей ўқитувчиларининг ташаббускорлиги, улар орасидаги соғлом рақобат муҳити, янгиликка интилувчанлик беқиёс аҳамият касб этмоқда. Яъни бугунги кунда таълим масканида фаолият юритаётган фан доктори, фан номзоди даражасидаги малакали устоз ва мураббийлар муаллифлигида ўқув қўлланмалари ҳамда дарсликлар яратилаётир.
Ўқув масканида мавжуд шу каби қулай имкониятлар самараси ўлароқ, жорий йилда ҳам лицейнинг тўрт нафар ўқувчиси Москва шаҳрида бўлиб ўтган 45-халқаро Менделеев олимпиадасида фаол қатнашиб, кумуш (Дилафрўз Ғаниева) ва бронза (Ҳамидулла Тўхтаев) медаллари ҳамда олимпиаданинг махсус дипломлари (Шаҳбоз Убайдуллаев, Альберт Календарёв) билан тақдирландилар.
– Олимпиада М. В. Ломоносов номидаги Москва давлат университетида бўлиб ўтди, – дейди Дилафрўз Ғаниева. – Беллашувнинг тантанали очилишида академик Валерий Лунин бизни Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий каби жаҳонга машҳур буюк алломаларнинг авлоди, деб таништирди. Жуда ҳам фахрландик. Мана шу таърифнинг ўзи зиммамизда катта масъулият борлигини ҳар қадамда ёдимизга солиб турди. Уч босқичли беллашувда ўн учта мураккаб масаланинг ечимини топиш ва экспериментал шартларни бажариш талаб этилди. Астойдил ҳаракат қилганимиз боис, юқори балл тўплашга муваффақ бўлдик.
Дарҳақиқат, олимпиадада дунёнинг 18 мамлакатидан келган кучли билим соҳиблари билан тенгма-тенг беллашиш учун терма жамоамиз аъзолари астойдил ҳаракат қилишлари лозим эди. Шундай бўлди ҳам. Буни олимпиадага тайёргарлик жараёнлари қизғин кечганлигидан ҳам англаш мумкин. Лицей ўқувчилари жорий йилги халқаро беллашувда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгач, уларга ўқув даргоҳининг малакали ўқитувчилари, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги қатор илмий-текшириш институтларининг етакчи олимлари яқиндан кўмак беришди. Ёшлар Биокимё, Ўсимлик моддалари кимёси институтлари ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази лабораторияларида мураккаб тажрибалар ўтказишди.
– Менделеев олимпиадасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакили сифатида иштирок этдик, – дейди олимпиада терма жамоаси раҳбари Раъно Жўраева. – Олти кун мобайнида тадбир ташкилотчилари, олимпиада терма жамоаларининг раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлдик. Улар 2008 йилда пойтахтимиз мезбонлик қилган 42-халқаро Менделеев олимпиадаси ҳақида сўз юритиб, юксак савияда ташкил этилган тадбир таассуротлари барчанинг ёдида қолганлиги, Ўзбекистонда яна бир бор бўлиш орзусида эканликларини самимий изҳор этишди. "Ҳали ҳеч бир мамлакатда бизни юртингиздагидек катта иззат-икром билан кутиб олишмаган", дейишди улар. Миллий терма жамоамиз аъзоларининг билими, иқтидори ва журъатига юксак баҳо беришганида эса кўнглимиз янада ёришди.
Ҳа, ёшларимиз ютуғи биз учун энг катта бахт. Барчамиз гувоҳ бўлиб турибмизки, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлод вакилларининг энг замонавий билим даргоҳларида таълим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши учун беқиёс имкониятлар яратилмоқда. Юртбошимиз таъкидлаганидек, бизнинг фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайди ҳам!
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.