UZ RU
10.05.2011

ҲАМШИРАЛАР МЕҲНАТИГА ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИК

Жорий йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг "12 май – Халқаро ҳамширалар кунини нишонлаш тўғрисида"ги 124-сонли махсус буйруғи қабул қилинган эди. Шунга асосан, ушбу байрамни тиббиёт муассасаларида кўнгилдагидек ўтказиш, кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга, юқори билимли ҳамшираларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ ибратли тадбирлар бўлиб ўтди. Бу йилги Халқаро ҳамширалар куни "Уйғунликни таъминлаш – имкониятларни кенгайтириш ва тенгсизликни бартараф этиш" шиори остида ўтказилиши соҳа фидойилари ва ҳамширалар учун янгича мазмун-моҳият касб этиб, уларнинг иш фаолиятига бўлган ҳурматини янада оширмоқда. Бугунги кунда республикамиз тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ҳамшираларнинг кўпчилиги замон талаблари даражасидаги билимий салоҳиятга, тажрибага эга бўлаётганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Айниқса, "Устоз-шогирд" анъанасини давом эттириш мақсадида соҳага янгича фикрлайдиган кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларининг ижобий тус олаётганлиги ва бу билан боғлиқ ҳолда олий маълумотли ҳамшираларни тайёрлаб, уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтиришга қаратилган мақсадлар мутахассислар олдидаги вазифалардан биридир.

Шу маънода Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг мажлислар залида бўлиб ўтган байрам тадбири кенг кўламли ва рағбатлантирувчи ўринларга бойлиги билан ажралиб турди. Тадбирни кириш сўзи билан очган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва ўқув юртлари Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Матлуба Алимова ҳамшираларни касб байрами билан қутлар экан, уларнинг меҳнати қанчалар шарафли ва масъулиятли эканлигини, шунингдек, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратиш, ёш ҳамшираларни ҳар томонлама етук, билимли, замонавий қиёфада тайёрлаш масалаларига алоҳида урғу бериб, бу борада қилинаётган ишлар салмоғини ижобий баҳолади, сўнгра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан таъсис этилган "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонини тантанали равишда топширди.

– Назаримда, бу мукофот фақатгина менга эмас, балки мен билан елкама-елка туриб камтарона меҳнат қилаётган муассасамиз ҳамшираларига билдирилган юксак баҳо деб биламан, – дейди 2-Республика клиник шифохонаси бош ҳамшираси Маҳмуда Эгамназарова. – Муассасамизда 108 нафар ҳамшира фаолият юритаётган бўлса, уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор билан қарайман. Айниқса, янги келган ҳамшираларга кўпроқ беморлар билан мулоқотда бўлиш, ўз устида тинимсиз ишлаш, билим ва малакасини ошириш борасида астойдил меҳнат қилиш кераклигини ўргатиб бораман. Бугунги тадбир чинакамига ҳамшираларнинг бир-бирига бўлган меҳри ва садоқатини ошириб юборади десам, янглишмайман. Аввало, ушбу мукофотга мени лойиқ деб билган Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ҳамширалар Ассоциацияси, шифохонамизнинг бош шифокори ва барча ташкилотчиларга чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Демак, касбим олдидаги масъулият яна бир карра ортди. Ҳамшираликни танлаб адашмаганимни бугун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ ҳис этиб турибман.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жонкуярлик билан меҳнат қилган, ўз билими ҳамда ақлий заковатига эга бўлган тажрибали ҳамширалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Аҳамият берадиган бўлсак, республикамизда "Ҳамширалик иши"га бўлган эътибор кун сайин ривожланиб бормоқда. Айниқса, қишлоқ жойларида меҳнат қилаётган ҳамшираларнинг билимий салоҳиятини ошириш, замонавий руҳда фаолият юритишини таъминлаш, хорижий давлатлар билан ўрнатилаётган ҳамкорлик муносабатлари олиб борилаётган тезкор жараёнларда ўз аксини топиб бормоқда. Фахр билан айтиш мумкин, шу кунга қадар кўпчилик ҳамшираларимиз Исроил, JICA Халқаро ҳамкорлик агентлигининг бевосита кўмаги билан Япония давлатларида бўлишиб, у ерда йўлга қўйилган ҳамширалик иши ва жараёни билан боғлиқ фаолиятлар билан танишиб, ўзаро тажриба алмашиб қайтдилар. Мазкур амалий жараёнларнинг узлуксиз давом этишида бор куч-ғайратини аямаётган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Ҳамширалик иши" бўйича бош мутахассиси, Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциацияси раиси Рихси Салиходжаева шундай дейди:

– Ушбу тадбирнинг яна бир ўзига хослиги бу бевосита Соғлиқни сақлаш вазирининг махсус буйруғига асосан "Уйғунликни таъминлаш – имкониятларни кенгайтириш ва тенгсизликни бартараф этиш" шиори остида ташкил этилганлиги билан аҳамиятлидир. Чунки, тадбир ҳар йили республикамиз миқёсида кенг нишонланади. Ҳамшира ўз номи билан меҳрибонлик ва эзгулик рамзи сифатида ардоқланар экан, унинг бемор олдидаги масъулияти, меҳнатсеварлиги эса ҳар қачонгидан кўра шарафлироқдир. Сир эмас, ҳамшираларимиз кўпгина давлатларда бўлиб, ўтказилаётган халқаро анжуманларда қатнашганликларининг ўзи фахр-ифтихоримизни оширади. Ўтказилаётган ана шундай йиғилишларнинг асосий мақсади ҳамширалик ишини ривожлантириш, чет давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тиббиёт ўқув юртларида янги йўналишдаги таълим жараёнини ташкил этиш, ҳамширалар фаолиятига эътиборни кучайтириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир. Ундан ташқари, JICA Халқаро ҳамкорлик агентлиги, МАШАВ дастури ва бошқа лойиҳалар асосидаги мақсадли режалар, ҳамшираларни қўллаб-қувватлаш, билимларини ошириш борасида Республика "Ҳамшира" кўрик-танловининг ўтказилиши, шунингдек, турли семинар-тренинглар олиб борилаётгани ишларнинг амалдаги ифодасидир.

Меҳри АДИЛОВА,

Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонаси бош ҳамшираси:

– Охирги пайтларда ҳамширалар фаолиятига бўлган эътибор сезиларли даражада кучайди. Айниқса, ҳукуматимизнинг бу касб эгалари меҳнатини эъзозлаб, яратаётган эркинлик ва қўллаб-қувватлашлари ҳар биримизнинг руҳиятимизни кўтариб, фаолиятимизга нисбатан сидқидилдан ёндашиш кераклигини эслатиб туради. Бугунги тадбирда кўпгина ҳамкасбларим тақдирланди. Улар меҳнати эътироф этилиб, эъзозланди. Жумладан, ўзим ҳам ана шундай эътирофга сазовор бўлганимдан бахтиёрман. Ҳамшира шифокорнинг яқин таянчи сифатида беморлар билан доимий мулоқотда бўлиб, ана шундай фахрланса арзийдиган фазилатларни ўзида мужассамлаштиргани билан қадрлидир, деб биламан. Шу сабабли барча ҳамкасбларимни ушбу халқаро касб байрами билан самимий қутлайман. Уларга оилавий бахт, баҳорий кайфиятни тилаб қоламан.

Тадбир давомида ҳамширалик жараёни ва ёзувлари, кадрлар тайёрлаш борасидаги муваффақиятлар, жорий этилган таълим тизимидаги янгиликлар ва айнан шу мавзуга яқин маърузалар тингланди ҳамда Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциацияси томонидан малакали, кўп йиллик тажрибага эга, жонкуяр ҳамшираларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Сўзга чиққанлар байрам таассуротлари билан ўртоқлашиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциацияси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ходимларига самимий миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Намоз ТОЛИПОВ.