UZ RU
06.05.2011

ИЛМИЙ САЛОҲИЯТ ВА КЛИНИК ФАОЛИЯТЛАР ИСТИҚБОЛИ

Жорий йилнинг 25 апрель куни М. Федорович номидаги клиник санаторийси билан PHILIPS компанияси ўртасидаги стратегик ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ўзаро келишув шартномаси имзоланди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган санаторий директори Зуннур Исмоилов клиникадаги фаолиятлар замон талаблари даражасида олиб борилаётганлиги ва у ердаги илмий ходимлар малакаси, жорий этилган янги технологиялар аҳоли саломатлигини яхшилаш, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими фаолиятлари ижобий томонга ўзгаришида муҳим босқич бўлишини таъкидлади. Клиника тасарруфига PHILIPS компаниясининг энг сўнгги тиббий технологиялари жорий этилиши мураккаб хасталикларга тўғри ташҳис қўйиш ва даволаш йўналишида кенг имконият яратади. Янги келишув доирасида клиникага биринчи даражали 256-қирқимли Philips Brilliance ICT томографи, юқори майдонли Achieva 3.0T магнит-резонансли томограф ва маммографик текширувлар учун замонавий MammoDiagnost ускуналари тақдим этилди.

– Бугунги кунда бизнинг компания соғлиқни сақлаш соҳаси йўналишини белгилаб берувчи йирик ташкилотлардан биридир. Philips бутун дунёда 100 дан ортиқ референт муассасаларнинг стратегик ҳамкори. Мазкур клиник санаторий ҳам бизнинг халқаро ҳамкорларимиз доирасида муҳим ўрин эгаллаган экан, бу жараён Ўзбекистон аҳолиси саломатлигини яхшилаш ва тизим фаолиятини юксалтириш йўлида ўз самарасини кўрсатади, деб ишонаман, – дейди мулоқот чоғида Philips компаниясининг "Соғлиқни сақлаш" бўлими тижорат директори Андре Демел.

Тан олиш керак, М. Федорович номли клиник санаторий замон талаблари даражасида қайта таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланди. Унда энди беморлар нафақат даволаниш, балки касалликка тўғри ташҳис қўйиш имкониятларидан ҳам унумли фойдаланадилар. Ҳамкорлик доирасида Philips компанияси маҳсулотларининг клиникага тақдим этилиши бу жараёнлар қанчалик узвий ва узоқ мақсадли эканлигидан далолат беради. Яна таъкидлаш муҳимки, мазкур компания республикамиздаги кўпгина тиббиёт муассасалари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаб келмоқда. Айниқса, рақамли компьютер томограф, МРТ, рентген, ультратовуш технологиялари ўзининг афзаллиги, сифатлилиги билан жаҳон стандартларига жавоб беради.

Семинарда клиника директори амалга оширилаётган ана шундай узоқ муддатли келишув шартномасини қўллаб-қувватлаб, Philips компаниясига ўз миннатдорчилигини изҳор этди. Ўз навбатида компаниянинг "Соғлиқни сақлаш" бўлими тижорат директори ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш йўлидаги фаолиятлардан мамнун эканлигини билдирди.

Тадбирда қатнашган иштирокчилар мазкур ўзаро келишув шартномаси халқимиз соғлигини яхшилаш йўлида қилинган энг катта мақсадлардан бири эканлигини таъкидладилар.