Микронутриентларнинг аҳамияти тўғрисида
Давлатимизда аҳоли соғлиғини сақлаш, келажак авлод саломатлигининг ажралмас қисми ҳисобланган ҳаёт учун ўта муҳим аҳамиятли моддалар, яъни микронутриентлар етишмаслигининг олдини олиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, она ва бола саломатлигини асрашга доир дастурлар ижроси доирасида амалга оширилган чоралардан бири бўлган унни бойитилган ҳолда истеъмол қилиш натижасида мамлакатимизда анемия касаллигининг ҳозирга келиб 3-5 фоизга қисқарганлиги аниқланган. Шу каби таҳлиллардан келиб чиқиб, оналар ва болалар орасида темир моддаси етишмаслигининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 августдаги "Унни бойитиш Миллий дастури" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарори қабул қилинди. Ушбу вазифалар ва юқорида таъкидланган ҳолатлардан келиб чиқиб, 2010 йил 7 майда Олий Мажлис Сенати томонидан "Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида"ги қонун маъқулланиб, 7 июнда матбуотда эълон қилинди ва кучга киритилди.
Ушбу қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
микронутриентлар – инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган, ўрнини бошқа нарса боса олмайдиган озиқ-овқат моддалари (витаминлар ва минерал моддалар);
микронутриент етишмаслиги – инсон организмининг озиқ-овқат билан тушадиган микронутриентлар етарли эмаслиги сабабли касалликларнинг ривожланишига олиб келадиган ҳолати;
бойитилган озиқ-овқат маҳсулоти – ишлаб чиқариш жараёнида микронутриентлар билан бойитилган (фортификация қилинган) озиқ-овқат маҳсулоти;
микронутриентлар саплементацияси – аҳолининг муайян гуруҳлари ўртасида микронутриентларнинг дори воситалари тарзида профилактик дозаларда қўлланилиши;
аҳолининг муайян гуруҳлари – микронутриент етишмаслиги профилактик чора-тадбирлари амалга оширилаётган аҳоли гуруҳлари. Ҳозирги вақтда озиқ-овқат моддалари нутриентлар деган халқаро термин билан аталади.
Озиқ-овқат моддаларининг биринчи гуруҳи макронутриентлар бўлиб, уларга оқсиллар, ёғлар, углеводлар ва минераллардан ташкил топган макроэлементлар киради. Озиқ-овқат моддаларининг иккинчи гуруҳи микронутриентлар деб номланиб, улар ҳар қандай инсоннинг бир кунлик овқатида оз миқдорда бир неча миллиграмм, баъзан микрограмм бўлади. Уларга ҳаётий зарур моддалар: витаминлар, минерал моддалардан иборат микроэлементлар киради. Микронутриентлар одамнинг яшаши учун зарур моддалар ҳисобланиб, уларга менсимасдан қараш аксарият тананинг иш фаолияти ва тузилишидаги чуқур бузилишларга олиб келади.
Витамин (дармондори)лар одам организми учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, организмнинг нормал ўсиши, ривожланиши ва ҳаёт фаолияти учун зарур. Бундан ташқари, бу кичик заррачалар меҳнат қобилияти ва танамизнинг турли касалликларга чидамини оширади. Инсон организмига витаминлар етарли миқдорда тушмаса бир қатор касаллик (гиповитаминоз)лар юзага келади. Истеъмол қилинган овқат таркибида витаминлар бутунлай бўлмаса, авитаминозлар келиб чиқади. Бу эса саломатлик учун зиёндир. Организмга, айниқса,
А, В1, В2, РР, В6, С витаминларининг аҳамияти жуда муҳим.
А витамини (ретинол) – организмнинг ўсиш ва ривожланиш витамини. Ўсмир овқати таркибида витамин А бўлмаслиги кўз касаллиги – шабкўрликка олиб келади. Организмнинг юқумли касалликларга нисбатан қаршилиги сусаяди. Денгиз балиқлари, жигар, тухум сариғи, сут, сариёғ, балиқ мойи ҳамда сабзавотлар (сабзи, помидор, қовоқ, салат, исмалоқ, наъматак)да А витамини миқдори кўп бўлади.
В1 витамини (тиамин). Овқатда ушбу витамин бўлмаганда соғлиққа катта зарар қилади, одам тез чарчайди, юрак уриши тезлашади, ҳолдан тояди, қуввати кетади. В1 витамини ачитқи, буғдой, тухум сариғи, мол жигари, дуккаклилар, гречиха, сули ёрмасида кўп. Катта ёшдаги одамнинг В1 витаминига бўлган суткалик эҳтиёжи 1,8-2,0 мг.
В2 витамини (рибофлавин). Кўриш қобилиятининг нормал бўлишини таъминлаш ва организмда алмашинув жараёнларини тартибга солишда катта роль ўйнайди. В2 витамини етишмаса кўз ёшланиши, толиқиш, дармонсизлик, соч тўкилиши, лаб шиллиқ қавати зарарланиши, оғиз бурчаклари ёрилиб қонаши, мугуз парда яллиғланиши кузатилади, болалар эса ўсишдан орқада қолади. В2 витамини ачитқи, сабзавотларда бўлади. Овқатда 2,0-2,5 мг. В2 витамини бўлганда организмнинг бу моддага эҳтиёжи тўла қопланади.
В6 витамини оқсил, ёғ алмашинувида ғоят муҳим аҳамиятга эга. Бу витамин етишмаганда мушак сустлиги, асабийлашиш, уйқусизлик, соч тўкилиши, жигарнинг ёғли инфильтрацияси, камқонлик кузатилади. В6 витамини манбалари: ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотлари, мол, товуқ, гўштлари, жигар, буйрак, балиқ, ачитқи, кепак ва ҳоказолардир. Организмнинг В6 витаминига бўлган суткалик эҳтиёжи 2-6 мг.
В12 витамини (цианокобаламин) қон ҳосил бўлишида қатнашадиган ферментлар таркибига киради. Унинг етишмаслиги камқонлик касаллигига олиб келади. В12 витамини жигар, буйрак, балиқ ва сут маҳсулотларида кўп. В12 витаминига бўлган суткалик эҳтиёж овқатда 100-300 микрограмм.
С витамини кенг тарқалган ва керакли витаминлардан бири бўлиб, марказий асаб системаси фаолияти ва ички секреция безлари ишини яхшилаш, модда алмашинувини мўътадиллаш, организмнинг ҳимоя қобилиятини мустаҳкамлашда қатнашади. С витамини наъматак, қора смородина, кўкатлар, лимон, мандарин, апельсин, карам, картошка, кўк пиёзда кўп учрайди. С витаминига бўлган суткалик эҳтиёж 70 дан 100 мг.гача.
D витамини организмда суяк тўқимаси ҳосил бўлиши ва мустаҳкамланишида қатнашади. Шунинг учун ҳам уни болалар учун аҳамияти ниҳоятда катта. Бу витамин етишмаганда ёки бўлмаганда суяк ҳосил бўлиши бузилиши билан ўтадиган рахит касаллиги пайдо бўлади. Бунда суяклар юмшайди ва қийшайиб қолади. D витамини балиқ мойи, тухум сариғи, сариёғ, сутда кўп бўлади. Болалар организмининг D витаминига бўлган суткалик эҳтиёжи 0,0025-0,1 мг.
микроминерал элементлар овқат билан жуда оз миқдорда тушса-да, организм учун катта аҳамиятга эга. Буларнинг организмда етишмаслиги оғир касалликларга сабаб бўлади. Жумладан:
йод қалқонсимон безнинг нормал ишлашини таъминлайди. Денгиз маҳсулотлари, денгиз балиғи, денгиз ўтлари, сабзавот ва мевалар йод манбаи бўлиб хизмат қилади. Катта одамнинг йодга бўлган суткалик эҳтиёжи 0,1-0,2 мг.
Фтор тиш эмали, суяк тўқимаси шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Буғдой уни, ёрмалар ва сабзавотлар фторга жуда бой. Катта ёшли одамнинг фторга бўлган эҳтиёжи 0,5-1,0 мг.ни ташкил қилади.
Мис – қон пигменти – гемоглобин ҳосил бўлиши, углеводлар алмашинуви, темир моддаси сингишида иштирок этади. Мис – жигар, моллюска, қисқичбақасимон, ёнғоқ, қуруқ мева ва дуккаклиларда бўлади. Катта ёшли одамнинг мисга бўлган суткалик эҳтиёжи 2 мг.
Кобальт организм алмашинув жараёнларида қатнашади, В12 витаминининг таркибий қисми ҳисобланади.
Рух қон яратилиш жараёнларида қатнашади.
Хулоса қилиб айтганда, "Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида"ги қонун ижтимоий-иқтисодий эҳтиёждан келиб чиқиб қабул қилинган муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир. Демак, ҳар бир тиббиёт ходими соғлом турмуш тарзининг асосий йўналиши ҳисобланган тўғри овқатланиш тамойилларини тарғиб қилиши замон талабидир.
Лобархон ЗОКИРОВА,
Республика саломатлик ва тиббий статистика институти
"Соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва ўқитиш бўлими" бошлиғи.