Фаолиятдаги самарадорлик ишнинг сифатига боғлиқ
Жорий йилнинг 26 апрель куни Бухоро вилояти ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг қўшма ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати, Бухоро вилояти ҳокими, туман ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмитаси раислари, тизимдаги молия бошқарма бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари, назорат инспекцияси бошлиқлари, ДСЭНМлар бош врачлари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоятлардаги филиаллари директорлари, илмий-текшириш институтлари директорлари, марказ раҳбарлари, олий тиббий ўқув юртлари, филиал директорлари, Навоий вилояти туман тиббиёт бирлашмаси бош врачлари, Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик ҳамда умумий масалалар бўйича ўринбосарлари, Бухоро вилоят, шаҳар, туман марказий шифохоналари ва ДСЭНМ бош врачлари, ҚВП мудирлари, шунингдек, коллеж, лицей директорлари иштирок этдилар.
Ташкил этилган ушбу қўшма ҳайъат йиғилишида асосан Бухоро ва Навоий вилоятлари соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар бўйича асосий масалалар кўриб чиқилди.
Ҳайъат йиғилишини Бухоро вилояти ҳокими Самойдин Ҳусенов кириш сўзи билан очиб, Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик боис, инсон манфаати ва унинг саломатлигини муҳофаза қилиш борасида самарали ишлар ўз ифодасини топаётганлиги, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошиб бораётганлигига алоҳида тўхталди. Бунинг баробарида Юртбошимиз ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан соҳага оид чиқарилаётган ҳар бир Фармон ва Қарорлар замирида инсон саломатлиги муҳим эканлиги, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатлик, тез ёрдам, кадрлар масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири эканлиги ва бу борада биргина тиббиёт ходимлари балки, барчамиз масъул эканлигимизни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Асомиддин Комилов республика соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Фармон ва Қарорларнинг жойлардаги ижроси ҳамда бу йўналишда амалга оширилаётган фаолиятларга атрофлича урғу берди. Шунингдек, Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари ва даволаш-профилактика муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Фармон ва Қарорларининг ижроси бўйича маъруза қилди. Маърузачи, вилоятда аҳолига даволаш-профилактика ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, амалдаги ижобий ишларга, яъни вилоят аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун 469 та даволаш-профилактика муассасаси замон талаби даражасида фаолият олиб бораётганлиги, 2010 йил давомида вилоятдаги тиббиёт муассасаларига замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари етказиб берилгани, жорий йилда ҳам давр талабидаги янги технологиялар келтириш режаси борлиги ҳақида гапирди. Бундан ташқари, ўтган йил инвестиция дастури асосида 3 та объектда 6196,5 миллион сўмлик қурилиш, шунингдек, таъмирлаш ишлари бажарилиб, Когон туман ва шаҳар санитария-эпидемиология марказларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун 343 та қишлоқ врачлик пункти "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида 2,1 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар билан таъминланган. Мавжуд ҚВПларда 596 нафар умумий амалиёт шифокори фаолият олиб бормоқда, уларнинг 133 нафари тиббиёт олийгоҳларини умумий амалиёт шифокори дипломи билан тугаллаган бўлса, 260 нафар шифокор лойиҳанинг 10 ойлик ўқув курсида таҳсил олган. Таъкидлаш муҳимки, ҚВПларни кадрлар билан таъминлаш даражаси деярли 100 фоизни ташкил этсада, лекин Қоровулбозор ва Ғиждувон туманларида кадрлар етишмовчилиги кузатилади. Вилоят даволаш-профилактика муассасаларида 4888 нафар врач ҳамда 19983 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатмоқда. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда врачлар билан таъминланиш 2009 йилга нисбатан 29,3 фоиздан 2010 йилга 29,7 фоизга қадар ўсганига қарамай, айрим туманларда шифокорлар билан таъминлаш кўрсаткичи етарли даражада эмас, шунингдек, ёш мутахассисларни ишга жалб қилишга эътибор қаратилмаган. Ҳозирги пайтда педиатр, фтизиатр, анестезиолог-реаниматолог ва врач-лаборантларга эҳтиёж сезилмоқда. Айтиш зарурки, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ташкил этиш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган ихтисослаштирилган марказлар ташкил қилиниши билан бир қаторда, тор соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлаш борасида давлатимиз томонидан етарлича шароитлар яратилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилнинг 18 декабрдаги "Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги 319-сонли қарори амалга татбиқ этилиши билан бир қаторда, Бухоро тиббиёт институти томонидан охирги 2 йил мобайнида 100 нафардан ортиқ клиник ординатурага тор соҳадаги мутахассислар тайёрлаш учун қабул амалга оширилди. Бунинг баробарида, илмий-текшириш институтлари, марказлар ва олий ўқув юртлари кафедраларида ҳар йили 70-80 нафар клиник ординаторлар мақсадли тайёрланмоқда. 2011-2012 ўқув йилидан бошлаб Бухоро тиббиёт институтида 4 турдаги мутахассислик – терапия, хирургия, акушер-гинекология ва неврология йўналишлари бўйича магистратура йўналиши очилиши кўзда тутилган. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида тор соҳаларга ихтисослаштириш мақсадида малака ошириш институтлари ташкил қилинган.
Яна бир йўналиш аҳолига шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатишда вилоятда 280 та автомашина мавжуд бўлиб, 112 таси тез тиббий ёрдам автомашиналаридир. Ўтган йилда 19 та тез тиббий ёрдам шахобчаларини таъмирлаш, 12 та янги шахобчалар очиш ва тез тиббий ёрдам автомашиналарини 85 та янги рациялар билан таъминлаш мақсадида 506 миллион сўм маблағ ажратилди. Жорий йилда 2 та автогараж ва 4 та автомашина таъмирланди. Бироқ, айрим туманларнинг тез тиббий ёрдам бўлимлари таъмирга муҳтожлиги кўзга ташланди. Давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлган соғлом она – соғлом бола, аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича ишларни такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш мақсадида қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, бу асосда Соғлиқни сақлаш ва бир қанча вазирликлар, маҳаллий ҳокимият, шунингдек, жамоат ташкилотлари билан биргаликда аниқ тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида фертил ёшидаги аёллар ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказилиб, контрацептив воситалардан тўғри фойдаланган ҳолда исталмаган ҳомиладорликнинг олди олинишига эришилмоқда. Юқоридаги фикрларга хулоса қиладиган бўлсак, Бухоро вилоятида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган муаммолар ҳам кам эмас. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими (мактаб, коллеж, лицей) ва Адлия (ФҲДЁ органлари) вазирликлари, прокуратура, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" ва "Нуроний" жамғармалари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ва диний қўмита фаолларининг ҳамкорликдаги фаолияти зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида Бухоро вилоятининг Ромитан, Когон, Ғиждувон, Олот ва Пешку туманлари ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлом авлодни шакллантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-1096-сонли ҳамда "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги ПҚ-1144-сонли Қарорлари ижроси бўйича Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман тиббиёт бирлашмалари ҳамкорлигида олиб борилаётган фаолиятлар бўйича ўз фикрларини билдириб ўтдилар. Шунингдек, Бухоро Давлат тиббиёт институти ректори Р. Аҳмедов олиб борилаётган таълим жараёнлари ҳамда фаолиятдаги асосий масалаларга атрофлича тўхталди.
Кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида келтирилган Қарорлари ижроси бўйича, Тошкент тиббиёт академияси проректори, профессор Д. Нажмитдинова республика миқёсида олиб борилган фаолиятларга алоҳида эътибор қаратди. Иккинчи масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 июлдаги "Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 156-сонли қарорининг ижроси ҳамда республика ҳудудларида спорт ва жисмоний тарбия, болалар саломатлигини ривожлантиришнинг таъсирини баҳолаш ва мониторинг олиб бориш бўйича амалдаги фаолиятлар тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Д. Аҳмедова маъруза қилди. Учинчи масала юзасидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори, профессор А. Хаджибаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 21 майдаги "Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-1114-сонли Қарори ижросининг бажарилиши бўйича самарали фаолиятлар ҳамда айрим муаммо ва камчиликларни алоҳида таъкидлади.
Мазкур қўшма ҳайъат йиғилишида Бухоро ҳамда Навоий вилоятлари соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинар экан, шу жумладан, Навоий вилояти соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар (Саломатлик ҳафталиги бўйича) тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хусусийлаштириш ва пуллик хизматни ташкил этиш маркази бошлиғи А. Агзамов ушбу вилоятда амалга оширилган фаолиятлар хусусида тўхталди.