UZ RU
02.05.2011

БУГУНГИ ТАЛАБА – ЭРТАНГИ МУТАХАССИС

Мамлакатимизда ёшлар баркамоллигини таъминлаш, уларнинг истеъдод ва иқтидорларини, илм-фан йўлидаги иштиёқ ва интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратилмоқда.

Хусусан, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалидаги "Болалар касалликлари пропедевтикаси, педиатрия ва олий ҳамширалик иши" кафедраси жамоаси томонидан ҳам талабалар тураржойида "Устоз- шогирд учрашуви" мавзусига бағишлаб тадбир ташкил этилди. Тадбирда филиалнинг илк битирувчилари иштирок этиб, таҳсил олаётган талаба-ёшларга ўз касбий тажрибалари хусусида сўзлаб бердилар.

Айниқса, "Вилоят болалар кўп тармоқли ташҳис маркази" бош шифокори Отабек Сапаев филиални 1997 йилда имтиёзли диплом билан тамомлаб, айни пайтда "Вилоят болалар кўп тармоқли ташҳис маркази"нинг бош шифокори лавозимида ишламоқда. Хоразм вилояти "Ҳамширалар ассоциацияси" раиси Зоя Шукурова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳамширалар бўлими бошлиғи Инобат Дурдиева ҳам филиалнинг "Олий ҳамширалик иши" факультетини имтиёзли диплом билан тугатган илк қалдирғочлардан ҳисобланади. Сўзга чиққан собиқ талабалар таҳсил берган устозлари ҳақида гапирар экан, уларнинг машаққатли ва шарафли хизматлари эртанги авлод учун ибрат мактаби бўлишини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ёшларга талабаликнинг қизиқ воқеалари, талабалар тураржойининг олдинги ва ҳозирги қиёфаси, яратилган шарт-шароитлар, ижобий ўзгаришлар, замонавий ривожланишлар ҳақида сўзлаб бердилар.

– Филиалдаги талабалар тиббиётга оид барча янгиликлардан воқиф бўлишлари учун интернет тармоқлари ишлаб турибди. Бу маълумотларни устоз-мураббийлари билан биргаликда муҳокама қилиб, маслаҳатлашган ҳолда ўз билим ва тажрибаларини оширишлари мумкинлигига ишонч ҳосил қилдим, – дейди "Темир йўл тармоқлари Урганч бекати" шифохонаси бош шифокори ўринбосари Шавкат Ҳусаинов. – Қолаверса, ҳар бир фан учун ўқув адабиётларининг мавжудлиги талабалар билим олиши ва изланишларида кенг имкониятлар эшиги очиқ эканлигидан далолат беради.

– Биз ўқиган даврда дарсликлар етишмас, ҳозиргидай имкониятлар йўқ эди. Бугунги ёшлар жуда бахтли. Муҳтарам Юртбошимизнинг доно сиёсати билан таълим тизими янги босқичда ривожланиб бормоқда, – дейди филиалнинг маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари, доцент Мунаввар Искандарова.

Илк битирувчилар талабаларга эгаллаган касблари қанчалик масъулиятли эканлигини гапириб, бу касбни тўлиқ эгаллашлари ва моҳир билимдони бўлиб етишишлари учун мавжуд имкониятлардан фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар.

"Болалар касалликлари пропедевтикаси, педиатрия ва олий ҳамширалик иши" кафедраси мудири, доцент Мунаввара Алимуҳамедова собиқ талабаларнинг эришган муваффақиятларидан хурсанд бўлганлигини, ўз навбатида талаба-ёшлар улардан ўрнак олиб, тиббиёт сирларини чуқур ва синчковлик билан ўрганишларига ишонч билдирди.

Тадбирда талабаларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилиб, керакли кўрсатма ва тавсиялар берилди. Учрашув сўнгида собиқ талабалар ва устоз-мураббийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Зебо Тожиева,

Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалининг

маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъул ходими.