UZ RU
02.05.2011

"Устоз-шогирд" анъанаси амалда

Давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва қўллаб-қувватлаши туфайли касб-ҳунар коллежи ўқувчиларини иш билан таъминлаш, уларга малакали устозларни бириктириш, халқ ичида "Устоз-шогирд" анъанасини давом эттириш каби устувор вазифалар давлат сиёсати даражасида олиб борилмоқда. Хусусан, Жиззах вилояти Ғаллаорол тиббиёт коллежи негизида ҳам бу каби ижтимоий тадбирлар кенг оммалашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Тиббиёт коллежлари ўқувчилари учун "Устоз-шогирд" анъаналарини жорий этиш тўғрисида"ги буйруғи ва муваққат Низом талабларига асосан тиббиёт коллежларида тайёрланаётган кадрлар сифатини ошириш, улар олган назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, мутахассислик бўйича зарур кўникмалар ҳамда иш тажрибасини пухта ўргатиш бўйича "Устоз-шогирд" анъаналарини жорий этиш, тиббиёт коллежларининг даволаш-профилактика муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик ишларини такомиллаштириш мақсадида Ғаллаорол тиббиёт коллежида иш берувчи корхона ва ташкилотлар билан кўпгина лойиҳалар ҳамда амалий ишлар олиб борилмоқда.

"Устоз-шогирд" анъаналарини ривожлантириш ва бу ишларни тизимли равишда олиб бориш масалаларига коллежимизда катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, таълим сифатини ошириш, "Устоз-шогирд" анъаналарини давом эттириш ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш ишларини такомиллаштириш мақсадида коллежнинг 2-курсдаги 560 нафар, 3-курсдаги 639 нафар ўқувчилари Ғаллаорол туман тиббиёт бирлашмаси ва унга қарашли қишлоқ врачлик пунктларидаги 447 нафар врач ва тажрибали ҳамшираларга бириктирилган. Ўқувчилар ҳафтада бир марта ўқув машғулотидан кейин ўз устозлари билан учрашиб, амалий кўникмаларини бойитадилар. Шунингдек, дарс режасига "Устоз-шогирд" тизими бўйича 2 соатлик ўқув машғулоти киритилган.

Ғаллаорол туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти ва ўқувчиларга бириктирилган шифокор-ҳамширалар бу ишларга ижобий ёндашиб, уларнинг амалиёт ўташлари учун керакли шароитлар яратиб беришда амалий ёрдамларини кўрсатмоқдалар. Коллежда бириктирилган ўқитувчилар ўқувчиларнинг фаолиятини белгиланган тартибда назорат қилибгина қолмай, балки уларнинг танлаган касбларига бўлган қизиқишларини янада ошириш учун ўқув машғулотларини талаб даражасида ўтказишга ҳаракат қилмоқдалар.

Мазкур жараёнларнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида иш берувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари белгиланмоқда. Ягона мақсадимиз, ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг келажакда жамиятимиз ва тараққиётимиз, халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қиладиган масъулиятли вазифаларда фаолият юритишларига кўмаклашишдир.

А. НОРҚЎЗИЕВ,

Ғаллаорол тиббиёт

коллежи директори.

Мамлакатимизда кадрлар тайёрлашни кучайтириш ва ёшларни касбга йўналтириш бўйича барча таълим муассасаларида самарали ишлар бажарилмоқда. Айниқса, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, уларга малакали устозларни бириктириш орқали илм-фан тармоғини ривожлантириш масаласи кун тартибидаги асосий вазифамизга айланмоқда. Мазкур жараёнларни Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш Андижон филиали фаолиятида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг "Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва ўтказишни такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Тиббиёт коллежлари ўқувчилари учун "Устоз-шогирд" анъаналарини жорий этиш тўғрисида"ги буйруғида "Устоз-шогирд анъаналарининг ҳуқуқий асосини жорий этиш, ҳамкорлик ишларини такомиллаштириш муносабатлари биз педагог-ўқитувчилар олдига катта масъулият юклайди. Ушбу жараёнда ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш эса энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Халқимизда "Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар" деган ибратомуз ҳикмат бор. Унда миллий ва халқона қадриятларимиз, урф-одатларимиз тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, асрлар оша ўз қадр-қимматини йўқотмай келмоқда. Устоз – шогирднинг тарбия таянчи, у ҳунарга, касбга, билим олишга ўргатади, тафаккур ва дунёқарашини шакллантиради, йўлланма ва кўрсатма беради, камчиликларини бартараф этади. Шогирдни мутахассис даражасига етказиш учун устознинг касбий кўникмаси, малака ва тажрибаси етарли бўлиши талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, устоз ўз касбининг моҳир билимдони, илмий ва маънавий етук инсон бўлиши лозим. Бугунга келиб, "Устоз-шогирд" анъанаси узлуксиз таълимнинг барча босқичларида татбиқ этилиб, кадрлар камолотида муҳим аҳамият касб этмоқда. Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш Андижон филиалида малака оширувчилар ва барча соҳа ўқитувчилари ўртасидаги мулоқотлар узлуксиз давом этмоқда. Ҳар йили тиббиёт ходимларининг касбий малакаси бойитиб борилади. Ўз навбатида тайёрланган мутахассислар ёш кадрларга устозлик қилади. Коллеж маъмурияти билан ўзаро келишилган ҳолда ўқувчилар сонига қараб шифокор ва ҳамширалар бириктирилади. Ундан ташқари, ҳар ойда ташкилот ва иш берувчи корхоналар томонидан очиқ эшиклар ярмаркаси ўтказилади. Унда ҳам филиалимиз ходимлари фаол қатнашиб, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирадилар.

Бу борадаги асосий мақсадимиз сифатли тиббий хизмат кўрсата оладиган ёш малакали кадрлар сафини кенгайтириш, уларнинг билим кўникмасини бойитиш, илм сирларини эгаллашларига амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Г. ТЎРАХЎЖАЕВА,

Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар

малакасини ошириш ва ихтисослаштириш

Андижон филиали директори.