МЕҲРИДАРЎ, МЕҲРИБОН ИНСОН ЭДИ...
Руҳшунослар боланинг келажакда қайси касбни танлаши, ким бўлиб етишиши кўп жиҳатдан оиладаги шароит ва катталарнинг касби, қизиқишларига боғлиқ бўлишини қайд этишади. Бу ҳақиқат ҳаётда кўп бора ўз исботини топган. Гулноранинг ҳам шифокорлик, айнан травматолог-ортопед касбига қизиқиши отасига бўлган ҳавас десак, хато қилмаймиз.
Чунки, унинг отаси Суннат Қосимов малакали хирург, Жиззах вилоятининг бош травматологи эди. Гулнора кўп бора отаси қўлида даволаниб, дардига шифо топган беморлар уйга келиб, миннатдорчилик билдириб кетишганига гувоҳ бўлган. Ана шу пайтларда у отаси нақадар шарафли касбда ишлаши, одамларга фойдаси тегадиган, кишиларнинг дуосини олиб яшаш қанчалик бахт эканини англаб етган бўлса, ажаб эмас.
Падари бузрукворининг "Келажакда ким бўлмоқчисан, қизим?" деган саволига тўнғич фарзанди Гулнора "Сизга ўхшаб шифокор бўлмоқчиман", деб жавоб берганида Суннат аканинг кўзлари қувончдан ёшга тўлганди. Ҳатто ўша пайтлари мактабда "Ким бўлсам экан?" деган мавзудаги иншосида ҳам Гулнора "Отамга ўхшаб одамлар дардига малҳам бўладиган, уларга қувонч бахш этадиган шифокор бўламан", деб ±зган эди. Ана шу ҳавас ва иштиёқ боис, Жиззах шаҳридаги 1-сонли мактабни аъло баҳолар билан битирган Гулнора иккиланмасдан ҳужжатларини Самарқанд Давлат тиббиёт институти педиатрия факультетига топширди. Институтда ҳам аъло баҳоларга ўқиб, ўз устида тинмай изланди, жамоат ишларида фаол иштирок этди. Натижада, устоз ва талабаларнинг эътиборига тушди. Шу ерда ўқитувчилари унга келажакда илмий изланиш олиб боришни маслаҳат беришди. 1983 йилда тиббиёт институтининг педиатрия факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган қизининг илмий иш қилиш истагини Суннат Қосимов қўллаб-қувватлаб, ҳам ота, ҳам шифокор сифатида ундан маслаҳатларини аямади.
Гулнора Қосимова 1983-1984 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институтида болалар ортопедияси йўналиши бўйича интернатурани ўтади. Айни шу пайтда "Болаларда елка боғламидаги туғма жароҳатлар ва унинг оқибатларини ортопедик даволаш" мавзусида илмий-тадқиқот ишини ҳам бошлаб юборди. Бир неча йиллар давомида Жиззах шаҳридаги шифохонада болалар ортопеди бўлиб ишлаб, ўз илмий изланишларини давом эттирди.
1987 йилда Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институтига ишга келган Гулнора Қосимова 24 йил давомида мана шу масканда ҳалол, самарали меҳнат қилди, жамоадошларининг ҳурматини қозонди, бир қанча шогирдлар етиштирди, қанчадан-қанча одамларнинг фарзандларида аниқланган ортопедик касалликларни даволаб, уларнинг хизматида бўлди. 1988 йили у тиббиёт фанлари илмий даражасини олиш учун номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 1994 йилда илмий изланишлари материаллари асосида монография чоп эттирди. Умуман, Г. Қосимова фаолияти давомида болалар ортопедияси мавзусида яна бир қанча қўлланма, дарслик, рисола, услубий тавсия, 80 дан ортиқ мақола ва тезислар, шу билан бирга, болалар ортопедияси бўйича 4 та кашфиёт ва 9 та рационализаторлик таклифлар муаллифига айланди.
– Гулнора Қосимова институтимизда ортопедик касалликларнинг илғор технологияларини жорий этган ҳолда самарали даволашга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келаётган эди, – дейди болалар ортопедия бўлими бошлиғи Мурод Солиҳов. – "Артрология ва вертебрологияда даволашнинг янги юқори технологияли услубларини яратиш ва жорий этиш", "Йирик бўғимларнинг ортопедик касалликлари профилактикаси, ташҳис қўйиш ва даволаш. Янги технологияларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш" каби лойиҳалар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, у институтимизнинг ортопедия бўйича муаммо комиссияси, илмий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси травматолог-ортопедлари жамияти аъзоси, институт касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида ҳам илмий ва жамоат ишларида ўзининг муносиб ўрнига эга эди.
Мен Гулнора Қосимова билан бундан етти йил аввал танишгандим. У кишининг хонадонида икки соат суҳбатлашиб ўтирган бўлсамда, шу вақт ичида опани сўраб ўндан ортиқ қўнғироқлар бўлгани, икки-уч киши ҳатто эшик қоқиб келганини яхши эслайман. Қўнғироқ қилганлардан кимдир фарзандини қачон кўрикка олиб бориши мумкинлигини сўраса, бошқа биров опанинг муолажаларидан кейин фарзанди шифо топиб кетгани учун миннатдорчилик билдирарди. Ўшанда Гулнора Қосимова қўнғироқ қилган ёки хонадонига келган бирорта беморга овозини баландлатмаганини кўриб, бу аёл одамлардан ёрдамини аямайдиган меҳридарё инсон эканига амин бўлганман.
Инсон умри давомида кимгадир яхшилик қилиб яшашга интилади. Ана шундай эзгу мақсад йўлида фидокорона меҳнат қилиб кела±тган замондошимиз Гулнора Қосимовани бевақт ўлим кутилмаганда орамиздан олиб кетди. Гарчи у киши орамизда бўлмасада, аммо унинг эзгу ишлари, яхшиликлари, шогирдлари ва қолаверса, бемор болаларнинг ота-оналари ҳурмат-эҳтиром билан тилга олган азиз номлари қалбимизда абадий сақланиб қолади.
Дармон ИБРОҲИМОВ,
журналист.