ТИББИЙ ХИЗМАТ СИФАТИ ЮҚОРИ БАҲОЛАНДИ
Мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу йўналишда кўплаб қонунчилик тизими такомиллаштирилиб, меъёрий тиббий-ҳуқуқий нормалар амалиётда ўз аксини топмоқда.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган ютуқлар, қўлланилаётган амалиётлар соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Пойтахтимизда "Чегара билмас шифокорлар" халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилган анжуманда ҳам Ўзбекистон тиббиёти тизимида қўлга киритилган ана шундай тажрибалар хусусида сўз борди. Кейинги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар, давлат дастурларининг тўла-тўкис бажарилиши, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг кенгайиши туфайли касалликлар профилактикаси, диагностикаси, давоси, мутахассислар билим ва малакасининг ўсишида сезиларли натижаларга эришилди. "Чегара билмас шифокорлар" халқаро ташкилотининг навбатдаги анжумани айнан Ўзбекистонда ўтказилаётганлиги ҳам кўп жиҳатдан ана шу жиҳатларга боғлиқ. Симпозиумда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари, халқаро доирадаги экспертлар, шифокорлар ва соҳа мутахассислари Марказий Осиёда юқумли касалликларга қарши кураш, хасталикни ўз вақтида бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, минтақа аҳолисига дори воситаларини етказиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Андреас Бруендер,
"Чегара билмас шифокорлар" Халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
– "Чегара билмас шифокорлар" Халқаро ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан 2003 йилдан буён ҳамкорликда ишлаб келади. Ўтган йиллар мобайнида кўплаб турдаги дори воситаларига нисбатан чидамли бўлган юқумли касалликларни даволаш бўйича истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқдик. Ўзбекистонда икки ой аввал бундай юқумли касалликларга қарши кураш бўйича янги миллий дастур имзоланди. Унинг доирасида ҳамкорлигимиз янада кенгайишига умидвормиз.
Александр Телнов,
"Чегара билмас шифокорлар" Халқаро ташкилоти мувофиқлаштирувчиси:
– Юқумли касалликлардан айни вақтида ҳимояланиш учун шифокорлар таъсирчан восита – вакцинали профилактика усулини қўллайдилар. Ўзбекистонда мазкур соҳада салмоқли ютуқларга эришилди. Бундай усул ҳисобига кўплаб юқумли касалликлар сони қисқартирилиб, олди олинди. Жаҳон тажрибасига асосланган Миллий эмлаш тақвими қабул қилинди. Шунингдек, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник ҳолати ва бирламчи бўғинда фаолият кўрсатаётган мутахассисларингизнинг билим ва кўникмаларини юқори баҳолайман.
Анжуманда бу касалликка қарши комплекс чора-тадбирлар олиб борилаётганлигига қарамай, Марказий Осиё минтақасининг айрим давлатларида вазият мураккаблигича қолаётгани айтиб ўтилди. Бу борадаги чора-тадбирларни умумлаштириш, профилактика ишларини тўғри йўлга қўйиш, мутахассисларни тизимли равишда тайёрлаш ва малакасини ошириш, муассасалар фаолиятини оптималлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Бу жараёнда яна Ўзбекистон тажрибасига тўхталиб ўтилди.
– Жорий йилда республикамизнинг сил касалликларини даволашга ихтисослаштирилган бир нечта шифо масканлари капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди, – дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов. – Шу кунларда марказимиз ҳам буткул қайтадан таъмирланиб, қўшимча бинолар қурилмоқда. Нукус шаҳри ва Жарқўрғон туманидаги болалар сил касалликлари сиҳатгоҳлари эса тубдан қайта таъмирланиб, муҳташам кўринишга эга бўлди. Бу каби бунёдкорлик ишлари қолган ҳудудларда ҳам босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган.
Гомбогарам ЦОГТ,
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мувофиқлаштирувчиси:
– Бугунги симпозиумда кўплаб дори воситаларига нисбатан чидамли бўлган касалликларни даволашда мамлакатингиз улкан тажриба тўплаганининг гувоҳи бўлдик. Ўзбекистон ўз ютуқлари ва тажрибасини ўртоқлашишга тайёр эканлигини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларга нисбатан пешқадамда эканлигини намоён қилмоқда. Куни кеча Бутунжаҳон саломатлик куни арафасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўз чиқишида мамлакатда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний ва маънавий соғлом авлодни тарбиялаш йўналишида ҳам салмоқли муваффақиятларга эришилганлигини таъкидлаб ўтди.
Бу албатта, яхши кўрсаткич. Лекин атроф мамлакатлардаги ижтимоий вазият бу борадаги чора-тадбирларни янада такомиллаштиришни тақозо этаверади. Семинар давомида соҳа фаолиятини янада кенгайтириш борасида кўплаб таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди, уларнинг илғорларини амалиётда кенг жорий этишга келишиб олинди.