Тез тиббий ёрдам такомиллашмоқда
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда тез тиббий ёрдам хизматининг ўрни ва аҳамияти катта. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ўз самарасини бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 21 майда қабул қилинган “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бугунги кунда Наманган вилояти аҳолисига 12 тез тиббий ёрдам бўлими ва 66 тез ёрдам пункти хизмат кўрсатмоқда. Уларга 147 махсус автомашина бириктирилган бўлиб, уларни туну-кун соз ва шай ҳолатда сақлаш учун 75 гараж ҳамда 56 айвон ажратилган, техник хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари яратилган. 515 нафар ҳайдовчининг аксарияти махсус кийим-бош билан таъминланган.
Чуст тумани тез тиббий ёрдам бўлими ҳайдовчиси Иминжон Аминов “Энг намунали тез тиббий ёрдам маркази” кўрик-танловининг вилоят босқичида “Энг намунали ҳайдовчи” номинатсияси бўйича ғолиб чиқиб, танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этди.
– Тез тиббий ёрдам ҳайдовчисининг ҳам масъулияти катта, – дейди И. Аминов. – Ҳайдовчи учун қулайликлар, шифокор ва бемор учун зарурий воситалар билан жиҳозланган шундай замонавий автомобил билан таъминланганимиз бизни сидқидилдан ишлашга ундайди. Энг муҳими, хизматимиздан аҳоли мамнун бўлсин.
Чуст тумани аҳолисига тез тиббий ёрдам бўлими ҳамда Ёрқишлоқ, Каркидон, Варзик, Баймоқ, ғова, Карнон, Оғасарой, Олмос қишлоқларидаги тез тиббий ёрдам пунктлари, 14 тез тиббий ёрдам бригадаси хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилда Ахча қишлоғида ҳам янги тез тиббий ёрдам пункти ташкил этилди. ўтган йили барча тез тиббий ёрдам пунктларида автогаражлар қурилди, мавжудлари таъмирланди, ёритгичлар ўрнатилди ва ҳозир уларни қиш даврида иситиш чоралари кўрилаётир. Ушбу автомашиналарда хизмат кўрсатаётган 45 ҳайдовчи махсус кийим-бош билан тўлиқ таъминланган. Туманда тез тиббий ёрдам кўрсатиш даражаси кейинги йилларда 3,8 фоизга ўсди.
Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими ҳам “Энг намунали тез тиббий ёрдам маркази” кўрик-танловининг республика босқичида 3-ўринга сазовор бўлди. Марказ тасарруфидаги 6 тез тиббий ёрдам пункти, 28 бригада, 30 санитар автомашина янги русумдаги алоқа воситалари ҳамда замонавий тиббий асбоблар билан таъминланган.
– Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар самарасида шошилинч тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базаси яхшиланиб бормоқда, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали директори ўринбосари Абдумутал Исломқулов. – Тизимимизнинг транспорт парки энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган 8 та “Хундай” ва 17 та “Дамас” автомашиналари билан бойитилди, шаҳар ва туманлардаги тез тиббий ёрдам бўлимлари ҳам тезкор ва юқори сифатли хизмат кўрсатиш имконини берадиган шундай машиналарга эга бўлди. Айниқса, Мингбулоқ, Чуст, Янгиқўрғон каби олис туманларга бу борада алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ишлар аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигининг ортишида муҳим ўрин тутмоқда.
Акрамжон САТТОРОВ.