Оммавий эмлаш ҳафталиги давом этади
Шу кунларда республикамиз бўйлаб полиомиелитга қарши оммавий эмлаш кунлари ўтказилмоқда. 5 ва 6-босқичдан иборат бўлган ушбу миллий эмлаш кунларида 3 миллион нафарга яқин 5 ёшгача бўлган болалар эмланади. Келажак авлод саломатлигига йўналтирилган бундай лойиҳалар дунё ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлмоқда.
Хабарингиз бор, болаларни полиомиелитдан ҳимоя қилиш бўйича Миллий иммунизация кампаниясининг 18-23 апрель ҳамда 23-28 май кунлари республика бўйлаб оммавий эмлаш ҳафталиги ўтказилади. Мазкур тадбир олдидан Соғлиқни сақлаш вазирлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Саидмурод Сайдалиев кириш сўзи билан очиб, мазкур хасталик қўшни республикалардан кириб келишига қарши зарурий чоралар кўриш, аҳолини, хусусан беш ёшгача бўлган болаларни оммавий равишда эмлаш тадбирларини ташкиллаштириш, бу жараёнда аҳоли хабардорлигини ошириш, оммавий ахборот воситалари фаоллигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидлаш жоизки, полиомиелитга қарши Миллий иммунизация кампанияси ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан республикадаги мавжуд клиника, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда болалар оғиз йўли орқали юбориладиган полиомиелит вакцинаси билан эмланади. Бу йил тадбирнинг 5 ва 6-босқичи ўтказилади.
– Эмлаш – болаларни полиомиелитдан ҳимоя қилишнинг ягона самарали усулидир, – дея таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Саидмурод Сайдалиев. – Ўтказиладиган иммунизация тадбирлари давомида беш ёшгача бўлган ҳар бир бола эмланиши ўта муҳим аҳамиятга эга. Полиомиелит даволаб бўлмайдиган ўткир инфекцион касалликдир ва ҳар бир болани фақат оғиз йўли орқали эмлаш самарали натижа бериши мумкин. Яна шуниси муҳимки, Ўзбекистонга Бельгиянинг "GlaxoSmithKline" компаниясида ишлаб чиқарилган 7 миллион 164 минг доза шол касаллигига қарши вакцина оиб келиниб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати марказларига "совуқлик занжири" қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда етказилди.
Миллий иммунизация кунлари доирасида ота-оналар ўзларининг беш ёшгача бўлган барча фарзандларини, шу жумладан, чақалоқларни полиомиелитга қарши эмлатиш учун яқин атрофдаги тиббиёт муассасаси, клиника ёки эмлаш пунктига олиб боришлари лозим, чунки, бу боланинг касалликка қарши иммунитетини кучайтиришга ёрдам беради. Болалар мазкур касалликка аввал эмланган бўлсалар ҳам, ҳафталик доирасида қайта эмланишлари керак. Ушбу жараённи самарали ўтказишда махсус тайёргарликка эга 9 мингдан ортиқ врач, 32 мингга яқин эмлаш ва патронаж ҳамшираси, мактабгача таълим муассасаси ҳамда меҳрибонлик уйлари ходимлари жалб этилган.
– Бир марта эмланган бола қайта эмланса, унинг соғлиғида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Аксинча, унинг саломатлиги мустаҳкамланиб, инфекцияга бўлган чидамлилиги ортади. Бу вакциналар ўз навбатида халқаро стандартларга жавоб берибгина қолмай, болалар учун энг хавфсиз ва ишончли йўл ҳисобланади, – дейди Тошкент шаҳридаги 17-сон оилавий поликлиника мудири Шаҳзода Алимова.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтказиладиган ҳафталик доирасида
3 миллиондан ортиқ болани эмлаш кўзда тутилган. Эмланган бола нафақат ўзини, балки атрофдаги болаларни ҳам полиомиелит касаллигига чалинишдан ҳимоя қилади. Зеро, соғлом фарзанд миллат келажаги экан, ҳар биримиз келгуси авлодларимиз саломатлигига эътиборли бўлиб, эмлаш кунларини уюшқоқлик ва кўтаринкилик руҳида ўтказайлик.