Репродуктив саломатлик ва ўшлар маънавияти
Маънавият соати
Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, мазкур йўналишдаги фаолиятларни кенгроқ татбиқ этиш, хусусан, ёшлар маънавиятига соғлом турмуш тарзи, соғлом оилани шакллантириш тушунчаларини сингдириш биз педагог-ўқитувчилар олдига катта масъулият юклайди. Тиббиёт коллежимизда репродуктив саломатликни сақлаш бўйича талабалар конференциясини ўтказиш яхши анъанага айланган. Яқинда коллежнинг "Оналикда ҳамширалик парвариши", "Акушерлик иши" фани ўқитувчилари томонидан конференция ўтказилди. Аввало, репродуктив саломатликни сақлаш ўз қўлимизда экан, бунинг учун аёлларимиз, айниқса, балоғат ёшидаги қизларнинг тиббий билимга эга бўлишлари талаб этилади. Бу йўналишда кенг жамоатчиликни жалб этиш маҳалла ва тегишли давлат идоралари билан ўзаро ҳамкорлик-тарғибот ишлари янада кучайишига кенг имкон бермоқда. Шу маънода коллежнинг ўқув дастурига "Акушерлик иши" йўналиши учун "Репродуктив саломатлик ва контрацептив технология" танлов дарси, "Ҳамширалик иши" йўналишидаги ўқувчилар учун "Фертил даврда ҳамширалик парвариши", "Контрацепциянинг замонавий усулларини қўллашда ҳамширанинг вазифалари" мавзуси киритилган.
Репродуктив давр ва соғлом ҳаёт
Бу давр жинсий етуклик даври ҳисобланади. Ҳар бир аёл бу даврда ҳомиладор бўлиш эҳтимоли юқорилигини инобатга олиб, ҳомиладорликдан сақланиш усулларини билиши ва қулайини танлай олиши, ўзи ва турмуш ўртоғининг соғлиги учун қайғуриши лозим.
Соғлом болани дунёга келтириш учун қуйидагиларга аҳамият бериш зарур:
1. Эрта оила қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўймаслик.
3. Ўзингиз ва турмуш ўртоғингизнинг яқин қариндошларида ирсий касаллик, туғма ногиронлик бор-йўқлиги ва унинг бўлажак фарзандингиз саломатлигига салбий таъсир этиш даражасини аниқлаш мақсадида генетик маслаҳатлардан ўтиш лозим.
4. Агар шундай хавф бўлса, она-бола скрининг марказида махсус текширувдан ўтиш мақсадга мувофиқ.
5. Фарзандлар оралиғидаги фарқ камида икки-уч йилни ташкил этиши керак, чунки, она организми ҳомиладорлик ва туғиш жараёнидан сўнг тикланиши, ўз ҳолига қайтиши зарур. Шунингдек, бола она сутига тўйиши лозим.
6. Аёл ҳомиладорлик даврида турли зарарли ва хавфли таъсирлардан сақланиши тавсия этилади.
Коллеж талабаларининг барчасида тиббий саводхонлик, билим олишга бўлган тиришқоқлиги ҳамда "Устоз-шогирд" анъанасига амал қилган ҳолда улар оилавий поликлиникаларда амалиёт олиб борадилар. Аҳоли билан репродуктив саломатлик борасидаги суҳбатларда қатнашадилар.
Балоғатга етмай ҳомиладор бўлишнинг зарарли оқибатлари
Бу масала бўйича махсус ўқув соатлари ажратилган бўлиб, ёшлар балоғатга етмай турмуш қуришлари, эрта ҳомиладорлик ва унинг туғилажак болага салбий таъсири борлиги хусусида кўп бора гапирилади. Маънавият соатларида ҳам бу мавзу асосий ўрин тутади. Яъни бу даврда ўсмир қизларнинг руҳияти, организмида жисмоний, ахлоқий ва ижтимоий ўзгаришлар кузатилади. Бундай даврда қизларни турмушга бериш салбий оқибатларга олиб келади. Ҳали тўлиқ ривожланиб улгурмаган организмда ҳомиладорлик кузатилса, ҳомила охиригача ривожланмай, вақтидан олдин туғилиши, эрта тушиши, юқумли инфекцияларнинг хавф солиши туғилган бола соғлигига ҳам жиддий таъсир қилиши мумкин. Ана шундай ҳолатларни инобатга олиб, қизларни 20 ёшдан бошлаб турмушга берсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Давлатимиз раҳбарининг оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган қарорларида ҳам бу масалалар жиддий эътиборда эканлиги билан ажралиб туради.
Юқоридаги билимларни мукаммал эгаллаган қизлар келгуси фаолиятларида, хусусан мустақил оила қурганларида ҳам устозлари берган ўгитларга амал қилиб, соғлом зурриётларни тарбиялаб беришларига ишонаман. Нигора ПАРМОНОВА, М. Турсунхўжаева номли тиббиёт коллежининг "Оналикда ҳамширалик парвариши" кафедраси ўқитувчиси.