Мишель Тайад: «Ўзбекистонда салмоқли муваффаҚиятларга эришилган»
Мустақиллик йилларида юртимизда Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Бунинг натижасида бугун мамлакатимизда сифат жиҳатдан янги, энг юксак талабларга жавоб берувчи, ўз ичига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва турли йўналишларга ихтисослаштирилган марказларни олган тиббий муассасалар тармоғи яратилди. Вилоятларда кўп тармоқли шифохоналар фаолият юритмоқда, барча туманларда замонавий жиҳозлар билан таъминланган қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилган. Бунинг натижасида кейинги йилларда аҳоли ўртасида касалланганлик умумий даражаси кескин қисқарди. Ўртача умр кўриш давомийлиги эса анча ошди. Бутунжаҳон саломатлик куни арафасида мухбирларимиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мишель ТАЙАД билан учрашиб, унинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ва уни ислоҳ қилиш натижалари тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдилар.
— Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний ва маънавий соғлом авлодни тарбиялаш йўналишида салмоқли муваффақиятларга эришилди, — деб таъкидлади жаноб
М. Тайад. — Соғлиқни сақлаш тизимида кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилди, халқаро андозаларга асосланган тиббий хизмат кўрсатиш тузилмаси яратилди.
Шу муносабат билан 1998 йил ноябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурини таъкидлаб ўтишни истардим. Унинг асосий мақсади тиббий хизмат кўрсатишнинг ўзига хос моделини яратиш, мазкур соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишдан иборат эди. Ушбу дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши туфайли соғлиқни сақлаш тизимида даволашнинг илғор усул ва шакллари жорий қилинди. Соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғини, хусусан, қишлоқ врачлик пунктларининг базаси ғоят мустаҳкамланди, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий кадрлар тайёрлаш кўрсаткичларининг кескин яхшиланишига эришилди, фармацевтика жадал ривожланди. Шаҳар ва қишлоқларда ўнлаб тиббий муассаса, даволаш ва соғломлаштириш марказлари қад кўтарди. Бунинг барчаси инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, ўртача ҳаёт кечириш даврини узайтириш ва турмуш сифатини яхшилашга қаратилган.
— Мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ҳақида қандай фикрдасиз?
— Биласизми, тиббий хизмат кўрсатиш даражаси аҳолининг ўртача умр кўриши ҳамда оналик ва болалик ўлими кўрсаткичлари қай даражада эканлиги билан белгиланади. Шу маънода, айтиш мумкинки, Президент Ислом Каримовнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисидаги сўзлаган нутқида Ўзбекистонда оналар ўлими даражаси икки баравардан кўпроқ, болалар ўлими уч баравар камайгани таъкидланди. Охирги 20 йил ичида аҳоли ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса — 75 ёшгача ошди.
Қисқа муддатда республиканинг барча ҳудудларида кўп функцияли тиббий жиҳозлар ва малакали кадрлар билан таъминланган замонавий ташхис марказлари яратилди.
— Ўзбекистонда юқумли касалликлар профилактикаси бўйича олиб борилаётган ишларга қандай баҳо берасиз?
— Статистикага кўра, инфекцион касаллик ўлимга сабаб бўлиш жиҳатидан иккинчи ўринни эгаллайди. Айни вақтда унинг олдини олиш учун шифокорлар таъсирчан восита — вакцинали профилактикага эгалар.
Ўзбекистонда мазкур соҳада салмоқли муваффақиятларга эришилди. Вакцинали профилактика ҳисобига кўплаб юқумли касалликлар сони бир марталик ҳолатларгача қисқартирилди. Илғор жаҳон тажрибасига асосланган Миллий эмлаш тақвими қабул қилинди.
Зарур вакциналар билан ўз вақтида ва тўла ҳажмда таъминлаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўлда ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Бу соҳада қилинган улкан саъй-ҳаракатлар натижасида республикада, масалан, дифтерия касаллиги 2001 йилдан буён қайд этилмаган. “В” гепатити билан касалланиш даражаси 2010 йилда 1990 йилдагига нисбатан кўп маротаба қисқарди. Полиомиелит хасталиги 1996 йилдан буён қайд этилмаган. Вакцинали профилактика соҳасидаги бу каби муваффақиятли мисоллар Ўзбекистонда талайгина.
— Юртимиз билан чегарадош мамлакатларда эпидемик вазият қай ҳолатда? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи омиллар олдини олиш учун қандай чоралар амалга оширилмоқда?
— 2010 йилда Марказий Осиёнинг айрим мамлакатларида полиомиелит билан хасталаниш ҳолатлари қайд этилди. Келиб чиққан вазиятни ҳисобга олиб, республика ҳукумати халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида, вужудга келган таҳдидни бартараф қилиш бўйича тезкор чоралар кўрди. 2010 йил мобайнида Миллий эмлаш кунларининг тўрт раунди ўтказилди. Масалан, эмлаш кампанияси билан 11 миллиондан ортиқ одам қамраб олинди. Турли мутахассисликдаги врачларнинг полиомиелит хасталигида диагностика, даволаш, профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни ташкил қилиш борасида махсус билимларини юксалтиришга қаратилган ишлар амалга оширилди. Аҳоли ўртасида оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғибот ишлари олиб борилди. ЖССТ таклифига кўра, 2011 йил апрель — май ойларида ушбу хасталикка қарши навбатдаги Эмлаш кунларини ўтказиш мўлжалланган бўлиб, уч валентли полиомиелит вакцинасининг бир неча миллион дозаси харид қилинди.
— Ўзбекистон томонидан микронутриент етишмовчилигини профилактика қилиш соҳасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қандай баҳо берасиз?
— Аҳоли овқатланиш тизимини яхшилаш мамлакатингиз турмуш фаровонлигини юксалтириш Миллий стратегиясининг таркибий қисми эканлигини таъкидлаш жоиз. Овқатланиш муаммоларини ҳал қилишда устувор йўналиш ва ёндашувлардан бири ҳам аҳоли ўртасида микронутриент етишмовчилигини профилактика қилишдир. Бугунги кунда республикада озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш учун қонунчилик базаси яратилган. “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар, 2010 йилда эса “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ҳукумат томонидан болаларнинг жисмоний ва интеллектуал камолоти учун зарурий бўлган унни бойитиш, тузни йодлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Оналар соғлиғини мустаҳкамлаш ва туғма нуқсонли болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида давлат томонидан поливитамин мажмуаларини сотиб олишга 8 миллиард сўм ажратилди. Бу эса ҳар йили қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи 400 минг ҳомиладор аёлни соғломлаштириш имконини беради.
— Фикрингизча, Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасига халқаро андозаларни жорий қилиш борасида қандай натижаларга эришилди?
— Аёллар ва ўсиб келаётган авлодга ғамхўрлик кўрсатиш — жамиятнинг эртанги куни, келажак ҳақида қайғуриш демакдир. Айнан шу сабабли оналик ва болалик муҳофазасини тубдан яхшилаш вазифаси соғлиқни сақлаш соҳасида энг муҳим йўналишлардан саналади.
Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Она ва бола соғлиғини сақлаш юзасидан ҳуқуқий-меъёрий базани мустаҳкамлаш юзасидан катта иш олиб борилмоқда. Хавфсиз ҳомиладорликни таъминлаш, самарали перинатал парвариш, гўдаклар реанимацияси, кўкрак сути билан эмизиш, болалар ўсиши ва ривожланишини мониторинг қилиш, болалик ёшидаги хасталикларни интеграллашган ҳолда даволаш стратегиясини жорий этиш бўйича лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти республика соғлиқни сақлаш вазирлигини илк ёшдаги болалар хасталикларини интеграллашган ҳолда юритиш (ИЁБХИЮ) дастурини амалга оширишда фаол қўллаб-қувватламоқда. Чунки бу 5 ёшгача болалар орасидаги ўлим даражасини қисқартириш ва улар соғлиғини мустаҳкамлаш йўлида асосий стратегия саналади. Тиббий муассасаларда мазкур стратегия болалик ёшидаги хасталикларни амбулатория шароитларида тўғри даволаш, оғир хасталикка эга болаларни стационарга ўз вақтида йўналтиришга хизмат қилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ томонидан таклиф этилган халқаро мезонларни муваффақиятли жорий этмоқда. Хусусан, гўдаклар ўлими даражасини янада камайтириш дастури амалга оширилмоқда, кўкрак сути билан эмизиш тамойиллари жорий этилмоқда. 102 та туғуруқ мажмуаси, 74 поликлиника ҳамда қатор ҚВПлар ЖССТ ва ЮНИСЕФнинг нуфузли “Болаларга меҳрибон муассаса” сертификатини олдилар.
Мамлакатингизда тиббий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласи эътибор марказида турибди. Тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари таълим жараёнига энг илғор усуллар татбиқ этилаётир.
Моҳиятан, Ўзбекистонда ҳақиқий тараққиётга эришилди, бу ерда миллий соғлиқни сақлаш дастурлари доирасида аёллар ва болалар саломатлигига устувор эътибор қаратилди. Айни пайтда технология, даволаш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги инновацион қарорлар янада малакали ёрдам кўрсатишга хизмат қилиб, молиялашнинг янги ва амалдаги механизмлари эса тиббий хизмат кўрсатиш нархини янада мақбуллаштирмоқда.
— Президентимиз томонидан баркамол авлодни тарбиялаш, болалар спортини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақдаги фикрингиз қандай?
— Болалар — бизнинг келажакка киритаётган сармоямиз. Кейинги ўн йилликларда мамлакатдаги фаровонлик ва барқарорлик даражаси уларнинг саломатлигини ҳамда ўсиши ва ривожланишини, шу жумладан, ўсмирлик чоғидан камолот ёшигача бўлган давргача қай йўсинда таъминлашимизга боғлиқ. Президент Ислом Каримов томонидан болалар спортига қаратилаётган эътибор келажак авлод камолотига ЖССТ томонидан таклиф этилган стандартларга мувофиқлиги бизни ғоятда хурсанд қилади.
— Маълумки, жорий йилда Бутунжаҳон саломатлик куни мавзуи антибиотикларга чидамлиликка бағишланган. Бу масаланинг долзарблиги нима билан изоҳланади?
— Антибиотикларга чидамлилик — катта эътибор қаратилиши лозим бўлган халқаро аҳамиятдаги муаммодир. Антибиотиклардан нотўғри фойдаланиш уларга чидамлиликнинг ривожланиши ва тарқалишига хизмат кўрсатиши мумкин, кейинчалик эса хасталикни даволашнинг иложи бўлмайди. ЖССТ даволаш воситаларини тайинлаётган тиббиёт ходимларини, фармацевтика саноати вакиллари ва бошқаларни антибиотиклардан фойдаланишда масъулиятли муносабатни таъминлашга, уларнинг қўлланилиши устидан самарали мониторингни йўлга қўйишга чақиради.
Фурқат САНАЕВ суҳбатлашди.