ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ НАВРЎЗ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ СЎЗИ
Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Шу кунларда она-юртимиз — Ўзбекистонимиз заминига гўзал баҳор нафаси билан бирга барчамиз орзиқиб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.
Табиат очилиб, шаҳар ва қишлоқларимиз яшил либосга бурканиб бораётган мана шу лаҳзаларда сиз, қадрли ватандошларимни, бутун халқимизни Наврўз байрами билан чин юракдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг самимий тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман.
Ҳурматли дўстлар!
Халқимиз ҳамиша шоду хуррамлик билан кутиб оладиган қутлуғ байрамлар ва саналар кўп. Лекин шу кунларда эл-юртимиз нишонлаётган Наврўзи олам биз учун энг қадимий, асл миллий, ҳар қандай сиёсатдан холи бўлган, узоқ ўтмиш замонлардан буён қадриятларимиз тимсоли бўлиб келаётган хосиятли бир айём, яшариш ва янгиланиш фаслидир.
Шарқона янги йил бўлмиш бу сана одамзод қалбида эзгу интилишларни уйғотиб, унга умид ва ишонч, шукроналик туйғуларини бағишлайдиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркагу аёл, ёшу қари — барча юртдошларимизнинг энг ардоқли, катта хурсандчилик билан ўтказадиган севимли байрамидир.
Бу бетакрор айёмни ҳар бир хонадон, ҳар бир оилада, бағримизни кенг очиб, “Хуш келибсан ўлкамизга, Наврўзи олам, қадаминг қутлуғ бўлсин, юртимизга тинчлик-омонлик келтирсин!” деб қарши олиш азалий одатимизга айланиб қолган, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Ана шундай холисона, пок ниятлар билан заҳматкаш деҳқонларимиз офтоб нуридан тобора қизиб бораётган ерга уруғ қадаб, бепоён далаларимиздан мўл ҳосил ундириш мақсадида янги меҳнат мавсумини бошламоқда.
Бугун мана шу мунаввар дамларда ҳаммамизнинг тилагимиз: фидойи деҳқон ва фермерларимизнинг, барча меҳнатчиларимизнинг бахтини, омадини берсин, ишлари бароридан келсин.
Наврўз шукуҳи, кўклам шабодаси уфуриб турган шу дилбар фаслда инсон табиат билан янада яқинроқ ва уйғун бўлиб яшашга, ён-атрофидаги одамларга, оиласи, ёр-дўстларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳурмат ва эҳтиром, меҳр ва эътибор билдиришга эҳтиёж сезади, сумалак ва ҳалим, кўксомса каби тансиқ, ҳақиқатан ҳам миллий таомларимизни улар билан бирга баҳам кўришга интилади.
Маҳалла-кўй, эл-юрт билан аҳил бўлиб, кўмакка муҳтож бўлган инсонларга, ногирон ва беморларга беминнат ёрдам бериш, табаррук кексаларнинг дуосини олиш сингари азал-азалдан халқимизга мансуб бундай олижаноб фазилатларимиз айни шу кунларда ўзининг яққол тасдиғини топишини кузатиш мумкин.
Шуни айтиш керак — кимки халқимизнинг меҳрибонлиги ва бағрикенглигининг ёрқин ифодаси бўлмиш ана шундай ноёб одатларимизнинг намойишини кўрса, уларнинг чуқур инсоний маъносини англаса, ҳеч шубҳасиз, доимо ҳайратда қолиши муқаррар.
Наврўз руҳи, Наврўз фалсафаси билан ҳамоҳанг бўлган ўлмас шарқона қадриятларни неча-неча асрлар давомида безавол асраб-авайлаб, сақлаб келаётган халқимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак, арзийди, албатта.
Қадрли юртдошларим, азизларим!
Бугун Ўзбекистонимизнинг тараққиёт йўлида барқарор суръатлар билан ўсиб бораётгани, бизнинг асосий мақсадимиз бўлмиш янги жамият, янги ҳаёт қуриш, халқ фаровонлигини юксалтириш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб жой олиш учун қатъий қадамлар қўяётганимизни халқаро жамоатчилик эътироф этаётгани ҳаммамизни қувонтиради ва янги куч-қувват бағишлайди, албатта.
Аввало, халқимизнинг оғир ва машаққатли меҳнати, ўз кучимиз ва салоҳиятимизни оқилона ишлатиш ҳисобидан эришаётган юксак натижа ва марраларимиз ҳақида гапирганда, эътиборингизни икки масалага алоҳида жалб этишни зарур, деб билардим.
Биринчидан, бугун мана шундай хавфли-таҳликали, ўта нотинч бир даврда, жаҳон молиявий инқирози ҳали-бери давом этаётган пайтда эл-юртимиз нимаики натижаларни қўлга киритмасин, буларнинг барчаси юртимизда тобора мустаҳкам бўлиб бораётган тинчлик ва осудалик, миллатлар, динлар ва фуқаролараро тотувлик ва аҳиллик, бир-биримизга ҳурмат ва эҳтиром ҳисобидан, десак, ўйлайманки, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Бундай ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган бойликни кўз қорачиғидек асрашимиз ва сезгир бўлишимизни замоннинг ўзи талаб этади.
Иккинчидан, биз ҳаётимизда эришаётган ютуқ ва марраларни халқаро ҳамжамият билан ҳамнафас бўлиб, узоқ ва яқин, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликда иш тутишимизнинг самараси сифатида кўрамиз ва бундай ҳамкорликни янада кучайтириш тарафдоримиз.
Наврўз руҳи барчамизни айни шундай орзу-ниятлар ва интилиш билан яшашга даъват этади.
Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай шодиёна кунда шу юксак минбардан туриб, бугунги тантанамизда биз билан бирга иштирок этаётган чет мамлакатларнинг муҳтарам элчилари ва халқаро ташкилотларнинг вакилларига, бизга хайрихоҳ бўлган барча дўсту биродарларимизга миннатдорлик билдириб, уларни Наврўзи олам билан самимий қутлашга рухсат бергайсиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Бугунги унутилмас, улуғ айёмда нуроний отахон ва онахонларимизни, мунис опа-сингилларимизни, навқирон ёшларимизни — ҳаётимизда тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган менинг фарзандларимни яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Азиз бошингиз омон, умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда бўлсин!
Ҳар бир хонадонга, бутун юртимизга тинчлик-омонлик, меҳр-оқибат, бахту саодат ёр бўлсин!