БУНЁДКОРЛИК, БАўРИКЕНГЛИК, ЯШАРИШ ВА ЯНГИЛАНИШ АЙЁМИ
Тарихий манбаларда келтирилишича, Наврўзнинг ёши тўрт минг йилдан ошар экан. Шунинг учун ҳам Наврўз халқимиз тарихидаги энг қадимий ва умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган байрам бўлиб, у янги йил, янги кун бошланиши сифатида нишонланади.
Абу Райҳон Беруний, Фирдавсий ва бошқа алломаларнинг асарларида қадимда Наврўз шарафига катта сайиллар ўтказилиб, бутун халқ табиат қўйнида хурсандчилик қилганлиги, дастурхонлар ёзилиб, зиёфатлар уюштирилганлиги, сумалаклар пиширилиб, хайру эҳсонлар қилинганлиги ва муҳтожлар кўнгли кўтарилганлиги қайд этилади.
Бироқ бу байрам асрлар давомида бир неча марта қатағонга учраганлиги ҳам айни тарихий ҳақиқатдир. Хусусан, мустабид тузум даврида Наврўзни йўқ қилишга, уни ҳатто халқимиз хотирасидан бутунлай ўчиришга уринишди.
Халқимизнинг азалий қадриятлари, урф-одатлари, байрамлар, сайиллар, тўю томошалар, ҳатто маърака билан боғлиқ одатларимизни қатағон килиш, она тилимизни хўрлаш, миллатни айблаш, камситиш давом этиб турган оғир бир пайтда Ислом Каримов томонидан миллий қадриятларимизни тиклаш борасида қилинган ишлар беқиёс жасорат намунасидир. Дастлаб 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат мақоми берилган бўлса, орадан кўп ўтмай, Наврўз нишонлана бошлангани ана шу жасорат туфайлидир.
Бугун эл-улус қалбида бунёдкорлик кайфияти барқарор. Шу боис жойларда ободончилик-кўкаламзорлаштириш юмушлари авжида. Беморлар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга кўмак бериш ўзбекона хислат саналади. Ана шу фазилатлар эъзозланаётган шу кунларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида, энг чекка қишлоқларда ҳам Наврўз кўтаринкилик билан нишонланмоқда. Байрам шукуҳи аллақачон одамлар қалбига, шоир илҳомига, ҳофиз қўшиғига кўчиб улгурди.
Пойтахтимизнинг барча марказий майдонлари ва хиёбонларида ҳам байрам катта шодиёна ва кўтаринки руҳда ўтмоқда.
21 март. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи Наврўзга хос тарзда кўркамлик касб этган. Бу ерга ҳукумат аъзолари, депутатлар ва сенаторлар, фан, маданият, санъат, спорт намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, муҳтарам отахону онахонлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг вакиллари ташриф буюрган.
Миллий боғ йўлаклари бўйлаб турли қандолат, ноз-неъматлар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Сумалак, ҳалим, кўксомса сингари баҳорий таомларни кўриб, шу кунларга етказганига беихтиёр шукроналар айтасан, киши.
Муҳташам безатилган саҳна фонида Ўзбекистонимизнинг мафтункор, гўзал табиати, лолазорлар, яшнаган чаманзорлар жамоли, турфа безаклар, ранг-баранг пуфаклар, ленталар акс этганини кўриб, осмони мусаффо, замини ҳосилдор, суви тоза шундай гўзал юртда яшаётганинг билан фахрланасан...
Соат 10:30. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташриф буюради. Йиғилганлар давлатимиз раҳбарини гулдурос қарсаклар билан кутиб олишади.
Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилади. Президентимиз халқимизни қутлуғ айём — Наврўз билан табриклайди.
Майдонда карнай-сурнай садоси янграйди. Байрам тантаналари бошланади.
Бу йил истиқлолимизнинг қутлуғ 20 йиллигини нишонлаймиз. Мана шундай қисқа фурсатда озод ва обод Ўзбекистонимиз босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлида эришилган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, аввало, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани чуқур ҳамда пухта ўйланган мақсад ва муддаоларимизнинг ҳаётбахш самарасидир. Бошқача айтганда, “ўзбек модели” деб ном олган мамлакатимизнинг тараққиёт йўли нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи яққол тасдиқлаб бермоқда.
Президентимиз 2010 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, юртимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 2008 йилда 9 фоиз, 2009 йилда 8,1 фоиз, 2010 йилда эса 8,5 фоизни ташкил этди. Жаҳон молия институтларининг хулосасига кўра, бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири экани, албатта, барчамизга мамнуният бағишлайди.
Кейинги ўн йилда, яъни 2000 йилдагига нисбатан таққослаганда, 2010 йилда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот қарийб 2 баробар, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 1,7 баробар ошди. Буларнинг барчаси иқтисодиётимизнинг юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бораётгани ва мамлакатимизда рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришлардан далолатдир.
...Майдон узра жилдираб оқаётган сув садоси, булбуллар хониши, гуллар очилишини ифодаловчи рамзий лавҳалар кўзга ташланганда дилда ҳаяжон уйғонади. Беихтиёр саҳна атрофига разм соласиз ва турли бадиий жамоалар миллийликни ўзига хос йўсинда акс эттириб турганига гувоҳ бўласиз.
Наврўз нафақат эзгу тантаналар шодиёнаси, шу билан бирга, яратиш, яшнатиш, бунёдкорлик айёми ҳамдир. Шу маънода, бугун мамлакатимизнинг нафақат марказий ҳудудларида, балки энг чекка қишлоқларида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, замонавий академик лицей-у касб-ҳунар коллежлари, мактаблар, врачлик пунктлари барпо этилаяпти. Азиз-авлиёларнинг қадамжолари обод қилинмоқда, халқимизнинг ардоқли кишиларига муносиб эътибор кўрсатилаётир.
Мамлакатимиз саноат корхоналари томонидан ўтган йили 160 дан ортиқ турдаги янги товар ва маҳсулотлар, жумладан, мутлақо янги технологик платформа негизида “Спарк” енгил автомобилини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Катта ҳажмда юк ташийдиган “MAN” автомобилларини, энергия тежайдиган лампалар, “LG” русумидаги жаҳонга машҳур холодильникларни йиғиш, калий ўғитлари ва бошқа муҳим маҳсулотларни ишлаб чиқариш бошлаб юборилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2010 йилда 1 минг 76 та лойиҳа амалга оширилди. Шунингдек, ўтган йилда 2009 йилдагига нисбатан 13,6 фоизга кўп, яъни 9 миллиард 700 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги инвестициялар ўзлаштирилди. Бу эса ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 25 фоизини ташкил этади.
2010 йилда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида хорижий инвесторлар билан эришилган битимлар доирасида 19 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Ана шу лойиҳалар доирасида жаҳон бозорида харидоргир бўлган замонавий маҳсулот ишлаб чиқарадиган 7 та корхона фойдаланишга топширилди.
Ҳаво транспорти ва темир йўл паркларини янгилаш ишлари давом эттирилмоқда. Ўтган йили “Эйрбас индастри” компаниясининг 6 та А-320-200 русумли самолёти, 8 та замонавий электровоз сотиб олинди, 1 минг 790 та юк ташийдиган ва 38 та йўловчи ташийдиган вагонлар қурилди, таъмирланди ва модернизация қилинди.
Президентимиз томонидан “Баркамол авлод йили” деб номланган 2010 йилда келажак ворисларига янада юксак эътибор қаратилди. Бу навқирон авлод учун беқиёс ғамхўрлик демакдир. Бугун жойларда ёшлар учун замонавий тураржой бинолари барпо этилаяпти, янги иш ўринлари яратилаяпти. Биргина 2010 йилнинг ўзида мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва лицейларда 2 минг 300 тадан зиёд компьютер техникаси ва мультимедиа ускунаси ўрнатилди. Униб-ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний жиҳатдан тарбиялаш ҳамда болалар спортини ривожлантиришга қаратилган дастурларни амалга ошириш бўйича ишлар изчил давом эттирилди. Бунинг натижасида 2010 йилда 72 та спорт иншооти, 27 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди, умумий қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган спорт инвентарлари ва ускуналар жойларга етказиб берилди.
Шунингдек, фарзандларимизнинг ижодий қобилияти ва маънавиятини юксалтиришга қаратилган мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қабул қилинган дастурни амалга ошириш бошланди. Агар 2009 йилда олтита мусиқа ва санъат мактаби қурилган ва реконструкция қилинган бўлса, айни пайтга келиб 46 та ана шундай мактаб фойдаланишга топширилди. Уларнинг қурилишига 51 миллиард сўмдан ортиқ капитал маблағ йўналтирилди.
...Наврўзни “Миллий анъаналаримизни намойиш этувчи кўзгу”, деймиз. Бунинг исботи тариқасида Наврўз удумлари — арқон тортиш, чиллак, полвонлар беллашуви сингари азалий ўйинлар ижро этилади. Масхарабозлар, қўғирчоқбозлар, ёғоч от ўйнатувчилар ҳам ўз истеъдодларини кўрсатадилар. Элимизнинг ардоқли санъаткорлари ижро этган халқ қўшиқлари, лапар, айтишувлар, ёр-ёру яллалар ёшлар ижросида талқин қилинади. Катта ашулалар ижро этилади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган ва республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказининг вилоятлардаги филиалларини ўз ичига олган тиббиёт муассасалари тармоғи шаклланди. Барча вилоятлар марказларида катталар ва болалар учун кўп тармоқли тиббиёт марказлари, ҳар бир туманда энг замонавий медицина асбоб-ускуналари билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу қишлоқ врачлик пунктларининг сони 2000 йилдагига нисбатан 2 баробар кўпайиб, 3 минг 200 тадан ошди.
Истиқлол йилларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, маънавий қадриятларимизга эътибор, келажак ворислари учун яратилаётган шарт-шароит ва ғамхўрлик, аҳоли саломатлигини асраш борасидаги туб бурилиш — буларнинг барчаси МУСТАҚИЛЛИК шарофатидандир. Зеро, халқимиз истиқлолнинг мазмун-моҳиятини англаб етди, Ватан равнақига ўз ҳиссасини қўшишга интилиш фуқароларимизнинг эътиқодий бурчига айланди. Наврўз байрамининг бугунги жозибаси ва шукуҳи ҳам, шак-шубҳасиз, Истиқлол туфайлидир.
Бугунги кунимизнинг мазмун-моҳиятини, устувор вазифаларини ўзида мужассам этган байрам кўринишлари ҳар бир дилга олам-олам шодлик улашади.
Юрт равнақини, баркамол авлод орзусини ўйлаб олиб борилаётган ислоҳотларни, шодиёна тароватини, улкан бунёдкорликни тараннум этувчи қўшиқлар янграйди. Юртимизнинг машҳур санъаткорлари, “Ниҳол” мукофоти соҳиблари ва ёш эстрада хонандалари ўзларининг дилбар қўшиқ ва рақслари билан байрамга шукуҳ, меҳмонлар қалбига завқ улашадилар.
Наврўз таровати бутун юрт узра, қалблардан қалбларга кўчиб юраверади. Жойларда, маҳаллаларда, юртимизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам халқ сайли давом этади. Байрам шукуҳи барчани яратиш, яшнатишдек эзгу юмушларга ундайди.
Юртимизга хуш келибсан, сафо келибсан, Наврўзи олам!