UZ RU
25.03.2011

Саломатлик ва гўзаллик кўргазмаси

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида халқ табобати ва пардоз маҳсулотларининг “Саломатлик ва гўзаллик” халқаро кўргазмаси бошланди.

 

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Абу Али ибн Сино номидаги халқаро халқ табобати уюшмаси, “Аёллар кенгаши” Республика жамоат бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада юртимиз ва хориждаги фарматсевтика ва косметология компанияларининг маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

 

Кўргазманинг очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкам қарор топтиришга улкан эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда ўлкамиз табиатида учрайдиган шифобахш ўсимликлардан дори-дармон ва препаратлар ишлаб чиқариш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.

 

Мазкур кўргазмадан мақсад ҳам аҳолининг халқ табобати ва доривор ўсимликлар ёрдамида турли касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш усулларига бўлган қизиқишини ошириш, маҳаллий ва хорижий фарматсевтика компаниялари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборатдир.

 

Икки кунлик кўргазмада юртимизнинг “Шифобахш” илмий ишлаб чиқариш маркази, “Акташ” хусусий корхонаси, “Райҳон плус” масъулияти чекланган жамияти, атиргулдан мой олишга ихтисослашган “Гул” хусусий корхонаси каби кўплаб илмий марказлар, кичик корхоналарда тайёрланган шифобахш дори ва пардоз воситалари намойиш этилмоқда.

 

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги “Меҳригиё” кичик корхонаси доривор ўсимликларни етиштириш ва уларни қайта ишлаш асосида шифобахш чой тайёрлайди. Корхона кўргазмада катта ассортиментдаги шифобахш чойлари билан иштирок этмоқда.

 

– Корхонамизда сунбул, мойчечак каби шифобахш ўсимликлар етиштирилиб, улар асосида ошқозон-ичак, камқонлик сингари касалликлар профилактикасида фойдаланиладиган, иммунитетни оширувчи, қонни тозаловчи доривор чойлар тайёрланади, – дейди “Меҳригиё” кичик корхонасининг иш бошқарувчиси Баҳром Абдураззоқов. – Маҳсулотларимизга ички бозорда эҳтиёж катта. Айни пайтда мазкур кўргазма халқаро ҳамкорларни топишимиз ва улар билан яқин алоқаларни йўлга қўйишимизда муҳим аҳамият касб этади.

 

Кўргазмада Ҳиндистоннинг “Шрей Нутраcеутиcалс & Ҳербалс Пвт.Лтд”, “Саппҳире Ташкент Интернатионал”, Покистоннинг “Ҳербион”, Исроилнинг “Аҳава”, Россиянинг “Красная линия”, Вьетнамнинг “Данҳсон” каби доривор ўсимликлар асосида пардоз ва фарматсевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялари ҳам иштирок этмоқда.

 

– Компаниямизда табиий ўсимликлар асосида дори маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди Ҳиндистоннинг “Шрей Нутраcеутиcалс & Ҳербалс Пвт.Лтд” компанияси директори Вирендер Кумар. – Мазкур кўргазма фарматсевтика соҳасида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ривожлантириш, юртингизнинг наботот олами имкониятлари ва салоҳияти билан кенгроқ танишиш учун қулай имконият яратади.

 

Кўргазмада ўсимликлар билан даволаш ва профилактика ишлари, табиий дори воситалари, даволашнинг табиий муқобил усуллари, даволаш-реабилитатсия марказлари, табиий даволовчи воситалар, тери ва юз парваришига оид янгилик ва маълумотлар билан танишиш мумкин.

ЎзА.