UZ RU
28.03.2011

Бемор дардига дармон бўлиш саодати

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасалари ва шифокорлари ўртасида эълон қилинган танлов якунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

 Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Икромов Ватанимизнинг йигирма йиллик тараққиёт йўлида миллий ва замонавий тамойилларни ўзида ифода этган, юксак технологияларга асосланган соғлиқни сақлаш тизими шаклланганини, бу жараёнда шошилинч тиббий ёрдам хизмати ҳам замонавий стандартлар ва юқори технологиялар асосида аҳолининг барча қатламларига тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатаётганини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси ва раҳнамолигида шакллантирилган бу хизмат бугун соғлиқни сақлаш соҳасининг муҳим бўғинига айланди.

 Ҳозирги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоятларда 13, туманларда 174 бўлими мавжуд. Унинг таркибида 194 тез тиббий ёрдам стансияси, 2,2 мингдан ортиқ тез тиббий ёрдам бригадаси ҳамда фавқулодда вазиятларда хизмат кўрсатишга ихтисослашган санитар авиатсия хизмати самарали фаолият юритмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 21 майдаги “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори хизмат кўрсатиш сифатини янада юксалтириш ва шошилинч тиббий ёрдам тизимининг моддий-техник салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлаётир.

 Бу йўналишдаги вазифаларнинг изчил ижроси самарасида мазкур тизим кейинги икки йилда қўшимча равишда беш юздан зиёд махсус транспорт воситаси билан таъминланди. Уларнинг юздан кўпроғи сунъий нафас бериш, ЭКГ, томирга дори юбориш, қон босими ва томир уришини ўлчайдиган ва бошқа зарур шошилинч муолажаларни йўл-йўлакай бажаришга мўлжалланган тиббий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган замонавий реанимамобеллардир. 

 Тизимда фаолият юритаётган шифокорларнинг малака ва маҳоратини ошириш – доимий эътиборда. Франсия, Жанубий Корея, Россия, Украина каби ўнга яқин хориж мамлакатларидаги нуфузли илм-фан марказлари ва клиникалари билан яқин алоқалар йўлга қўйилгани бу борада муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш, соҳа ходимларининг билим ва малакасини юксалтириш, ўзаро тажриба алмашишига кўмаклашиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам тузилмалари ўртасида икки йилдан буён танлов ўтказиб келинмоқда.

 Бу йилги танловда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими “Енг намунали тез тиббий ёрдам стансияси” деб топилди ва “Дамас” автомашинаси билан тақдирланди.

 Мазкур бўлимга бир йилда йигирма олти мингга яқин чақириқ тушган, шифокорлар ҳар бир мурожаатга ўз вақтида малакали ёрдам кўрсатган. Марказ 2010 йили янги бинога кўчиб ўтгач, бу ерда замонавий тиббий хизматни юксак даражада ташкил этиш учун янада кенг шарт-шароит яратилган. 

 – Давлатимиз раҳбарининг эл саломатлигини асрашга ва тиббиёт соҳасини ривожлантиришга қаратаётган доимий эътибори ютуқларимизда муҳим омил бўлаётир, – дейди Каттақўрғон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими мудири Аҳад Турсунов. – Бу эътибор самарасида тиббиёт масканларининг моддий-техник салоҳияти мустаҳкамланиб, хизмат кўрсатиш сифати ва шифокорлик касбининг обрўси ошмоқда. Танловда эришган ютуғимиз янада кўпроқ изланишга, эл хизматига доимий камарбаста бўлишга ундайди. 

 Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон филиали тез тиббий ёрдам шифокори Венера Гурянова танловда “Тез тиббий ёрдам стансиясининг энг малакали шифокори” деб топилди. 

 Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси Усмон Акобиров “Тез тиббий ёрдам стансиясининг энг интизомли ҳайдовчиси” номинатсияси бўйича ғолиб чиқди.

 Ғолиб ва совриндорлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

ЎзА