Тиббий хизмат сифати ошмоқда
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 1 июлда қабул қилинган “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур ҳужжат асосида олис, чекка ҳудудларда ҳам тиббий хизмат сифатини яхшилаш, “Соғлом она – соғлом бола” консепсиясининг ижросини таъминлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.
Фарғона вилояти Қўштепа туманида соғлом оилани шакллантириш, аҳоли ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ мақсадли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
– Соғлом фарзанд фақат соғлом онадан туғилишини, тиббий маданиятнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини аҳолимиз тобора чуқур англаб етмоқда, – дейди Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Ғаниев. – Туманимизда 45 мингдан ортиқ туғиш ёшидаги аёл бор. Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни мунтазам ташкил этиш, тиббиёт ходимларининг бу борадаги масъулиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ишлари ўз самарасини бераётир. Эрта ёшдаги туғруқлар, ногирон болалар туғилиши кескин камайди. Ўтган йили 90 фоиз туғруқлар 20-29 ёшдаги аёллар ўртасида кечди. Шунингдек, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш ишлари ҳам такомиллашмоқда.
Соғлом оилани шакллантиришда никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши муҳим аҳамиятга эга. Жорий йилнинг ўтган даврида тиббий муассасаларимиз томонидан 252 йигит-қиз никоҳ олди тиббий кўригидан ўтказилди.
Туманда 16 қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатмоқда. Замонавий шарт-шароитга эга мазкур тиббиёт масканлари “Саломатлик” лойиҳалари асосида илғор тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Ўтган йили “Қоражийда”, “Дўрмон” ва “Қашқар” врачлик пунктлари манзилли дастур асосида таъмирдан чиқарилди. Бугунга келиб, ҚВПга қишлоқ аҳолисининг ишончи ортиб бормоқда. Бу қишлоқ врачлик пунктларимизда малакали тиббий хизмат кўрсатилаётганидан далолатдир.