UZ RU
02.04.2011

Шифокорларга кўмак – доимий эътиборда

Президентимиз Ислом Каримов 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида фуқаролик жамиятлари институтларини ташкил этиш ва ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада бир қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди.

 Пойтахтимизда Ўзбекистон врачлар ассостиастияси кенгашининг йиғилишида ана шу вазифалар ижроси ҳақида сўз борди. Унда ассоциациянинг ҳудудий бўлимлари раислари, тегишли вазирликлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва мутахассислар иштирок этди.

 Ўзбекистон врачлар ассоциацияси раиси А.Худойбергенов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасини янада равнақ топтириш, шифо масканлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Бугун юртимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасида эришилаётган ютуқлар бунинг ёрқин далилидир.

 Ассоциациянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва барча вилоятлардаги бўлимлари 29 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимини бирлаштирган. Ташкилотнинг асосий вазифаси – халқимиз соғлигини муҳофаза этиш жараёнида, врачларни ижтимоий ҳимоялашда фаол иштирок этиш, врачларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий билимини ошириш, хорижий мутахассислар иштирокида симпозиумлар ташкил этиш ва мавжуд ютуқларни амалиётга татбиқ этишдан иборат.

 Ассоциациянинг халқаро ҳамкорлик алоқалари тобора фаоллашмоқда. Унинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Европа тиббиёт ассоциациялар форуми каби нуфузли халқаро ташкилотларга аъзолиги информатсион тизимни жорий қилиш, электрон касаллик тарихлари ва амбулатор карталарни юритиш, фавқулодда вазиятларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, кашандаликка ва ичкиликбозликка қарши кураш каби соҳадаги энг долзарб масалаларни ҳал этишда зарур тавсияларни ўз вақтида тиббиёт муассасаларига етказиш имконини бераётир. Бунда масофадан ўқитиш дастурларидан самарали фойдаланилмоқда. 

 Юртимизда фаолият юритаётган ҚВПларда ишлаётган врачларнинг билим ва малакасини мунтазам ошириб боришни таъминлаш тиббиёт ташкилотчилари олдида турган муҳим вазифалардандир. Ассоциация томонидан таъсис этилган “Ўзбекистон умумий амалиёт шифокорлари ахборотномаси” ҳам ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

 Йиғилишда Ўзбекистон врачлар ассоциацияси олдида турган муҳим вазифаларнинг ижросини таъминлаш, бунда тиббиёт муассасалари ва жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.

Сайёра Шоева,

ЎзА.