ИҚТИДОР СОҲИБАЛАРИГА ҚАНОТ БАҒИШЛАБ...
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши изланувчан, фаол, ташаббускор ва иқтидорли қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, янги марралар сари илҳомлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият соҳаларида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган бир гуруҳ қизлар иштирокида пойтахтимиздаги олий таълим даргоҳлари, маънавият масканлари, музейларда учрашувлар бўлиб ўтди.
Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Турин политехника университетида ташкил этилган ана шундай учрашувда турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар, Зулфия номидаги Давлат мукофотининг 2011 йилги совриндорлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Мустақиллик майдонида бўлиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи — Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйдилар.
Ўзбекистон халқ таълими вазири А. Мараҳимов, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари М. Каримов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б. ўаниев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим-тарбия, илм-фан, маънавият каби соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшлар тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга, уларнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Буни Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари қўлга киритаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Мазкур мукофот билан тақдирланган қизлар ўтган вақт мобайнида ўз йўналиши бўйича самарали фаолият кўрсатиб, илм-фан соҳасида тадқиқотлар олиб бормоқда, юртимиздаги етакчи ташкилот ва идоралар, таълим муассасалари, ижодий ташкилотларда фаол меҳнат қилмоқда. Айни пайтда уларнинг кўпчилиги мамлакат ва халқаро миқёсдаги турли кўрик-танлов, фестиваллар ва спорт мусобақаларида муваффақият қозонмоқда.
Зулфия номидаги Давлат мукофотининг 2011 йилги соҳибаларидан бири — Бибиноз Қаипова Нукус шаҳридаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг 9-синфида ўқийди. Тасвирий санъатга меҳри баланд бу қизнинг иқтидори юртимизнинг моҳир мусаввирлари ва санъатшунослари томонидан эътироф этилган. Бибиноз юртимизнинг бетакрор табиати манзаралари, обод ва файзли шаҳару қишлоқларимиз, гўзал удумларимиз, осуда ва фаровон ҳаётимизни рангин бўёқларда акс эттиришни жуда ёқтиради.
Ёш ижодкор “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси томонидан ўтказилган “Янги авлод — 2009” болалар ижодиёти фестивали, “Ўзбекистон тасвирий санъат ҳафталиги — 2009” каби тадбирлар, Ҳиндистон, Польшада болалар расмлари бўйича ўтказилган халқаро кўрик-танловларнинг ғолибасидир.
— Президентимиз Ислом Каримов томонидан ёшлар камолоти ва истиқболи йўлида кўрсатилаётган меҳру эътибор Қорақалпоғистон ёшлари ҳаётида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда, — дейди Б. Қаипова. — Кўплаб янги мактаблар, ёшлар, болалар бадиий ижодиёт марказлари, спорт-соғломлаштириш муассасалари барпо этилмоқда. Барча соҳада ёшлар ўз ижодий салоҳиятини кенг намоён қилиши учун зарур шарт-шароит яратилган. Бу бизни янада фаолликка ва изланишга ундайди.
Зулфияхоним қизлари сафига жорий йилда қўшилишга муяссар бўлганлардан яна бири Умидахон Жўраева — Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг биринчи босқич талабаси. У математика фани бўйича ўтказилган республика олимпиадаларида бир неча бор зафар қучган. Умиданинг турли мураккабликдаги математик масалаларни ечишдаги қобилияти 2008 йил Россияда, 2010 йилда Қозоғистонда ўтган халқаро математика олимпиадаларида кумуш медалга лойиқ топилган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Акбарова сўзга чиқди.
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири.