АЁЛ СОҒЛОМ БЎЛСА, МИЛЛАТ БАРКАМОЛ
“Туркистон” саройида 5 март куни Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди
Аёллари соғлом элнинг фарзандлари баркамол, келажаги нурафшондир. Бу борада ўзбекистонлик хотин-қизларга — азиз ва муҳтарама онажонларимиз, мунис опа-сингилларимизга ҳавас қилса арзийди. Бугун юртимизда қайси соҳани олиб кўрманг, ўз ўрнини топаётган аёллар сафи кенгаймоқда. Аслида аёлнинг жамиятда ўз ўрнини топиши — унинг ҳаётдан мазмун ва қувонч топиб яшаётганидан далолатдир.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақилликнинг илк йилларидан хотин-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, қисқача айтганда, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасини бугун ҳар жиҳатдан соғлом ва етук фарзандларимиз тимсолида ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Зеро, аёл саломатлиги — оила соғломлиги, жамият мустаҳкамлиги, мамлакат барқарорлигидир.
5 март куни пойтахтимиздаги Мустақиллик майдони ҳар қачонгидан тароватли ва кўркам қиёфа касб этди. Хотин-қизлар ташкилотлари фаоллари, иқтисодиёт, ҳуқуқ, илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида самарали меҳнат қилаётган хотин-қизларимизнинг ўзларидек гўзал гуллари ва латиф табассуми Бош майдонимизга ажиб бир латофат ва файз бағишлади.
Ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи — Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига қўйилган гуллар бахтли хотин-қизларимизнинг шукроналиги ифодасидир. Шу дамда Бахтиёр она ҳайкали сиймосида ҳам, унга боқиб турган аёлларимизнинг юз-кўзида ҳам муштарак эзгу фазилатлар — меҳрибонлик, фидойилик, пок ният, ҳаётидан мамнунлик ҳисси зуҳур этарди.
Шу куни “Туркистон” саройида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда турли соҳаларда кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар, нуроний онахонлару лобар қизлар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, жойлардаги хотин-қизлар ташкилотлари, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.
Тантанали йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Р. Усмонов очди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Акбарова мустақил Ватанимизнинг ўтган йигирма йиллик тараққиёт йўлида халқимиз эришган ҳар бир ютуқ замирида фидойи ва жонкуяр хотин-қизларимиз меҳнати мужассамлигини, буларнинг барчаси Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимиз хотин-қизларининг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, эзгу интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг юксак самаралари эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Соғлом она — соғлом бола, соғлом бола — соғлом келажак, демакдир. Бу борада изчил амалга оширилаётган “Соғлом она — соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастур асосидаги кенг кўламли чора-тадбирларни эслашнинг ўзи кифоя. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида барпо этилган ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган диагностика, скрининг ва перинатал марказлари бугун ҳар жиҳатдан соғлом наслни тарбиялаш имконини бермоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг самарасида бугун юртимиз дунёнинг 125 давлати орасида хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Бу йўналишда мамлакатимизда яратилган миллий тизим дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида намуна сифатида ўрганилаётир.
Юртимизда хотин-қизлар ўртасида спорт тобора оммалашиб, спортнинг қизларимизга мос турлари жадал ривожланмоқда. Сўнгги икки йилда мамлакатимизда бадиий гимнастика билан шуғулланадиган қизлар сони уч баробар ошди, стол тенниси ва сузиш билан шуғулланаётган қизлар сафи кенгайиб бормоқда. Тўмарису Барчиной издошларининг истеъдод ва маҳорати дунё спорт жамоатчилигини ҳам ҳайратга солмоқда. 2010 йилда халқаро миқёсдаги 42 мусобақада юртимиздан 500 нафардан зиёд ёш спортчи иштирок этган бўлса, уларнинг учдан бир қисми қизлардир.
Миллат давомчиси ва келажак авлод тарбиячиси бўлган хотин-қизларимизга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида ўтаётган тадбирларда яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Бугун чекка-чекка қишлоқларимизда ҳам тадбиркор, меҳнатсевар, фидойи ва қўли гул хотин-қизларнинг эзгу интилишларига кенг йўл очилмоқда. Бу — аёлларимизнинг меҳнати қадрланаётганидан, истеъдод ва салоҳияти рўёбга чиқаётганидан далолатдир. Агар 2005 йилда 198,4 минг нафар хотин-қиз иш билан таъминланган бўлса, 2010 йил давомида опа-сингилларимиз учун қарийб 460 мингга яқин иш ўрни яратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
— Мамлакатимизда хотин-қизларнинг эзгу интилишларини рўёбга чиқариш борасида яратилаётган кенг имкониятлар бизни янада фаол ва ташаббускор бўлишга ундамоқда, — дейди Андижон туманидаги “Савоб файзу барака” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азима Ботирова. — Қишлоғимизда ташкил этилган зардўзлик ва тикувчилик цехларида қизларимиз тиккан миллий ҳунармандчилик буюмлари жуда харидоргир. Шу билан бирга, уч гектар ерда иқлим шароитимизга мос бамбук ўсимлигини парваришлаяпмиз. Унинг ёғочидан кўплаб мусиқа чолғуларини ясаш мумкин. Буларнинг барчаси ўнлаб қишлоқ ёшларини иш билан таъминлаш имконини бермоқда.
...Тадбирда Президентимиз Ислом Каримовнинг қарорига мувофиқ, адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият соҳаларида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган 14 нафар қизга ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Зулфия номидаги Давлат мукофотининг бу йилги соҳибалари — Самарқанд давлат университетининг 1-босқич талабаси Умидахон Жўраева, Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Бибиноз Қаипова, Фарғона давлат университетининг 2-босқич талабаси Дилнавоз Қўлдошева хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш борасида кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдирдилар.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов хотин-қизларга юртимизда кўрсатилаётган юксак эҳтиром баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилишини таъкидлади. Она сиймоси улуғланган шеърини ўқиб берди.
Сарой фойесида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Бадиий академия, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида тасвирий санъат ва миллий ҳунармандчилик соҳаларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар ижодига бағишланган кўргазма ташкил этилди.
Кечада санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрам концерти намойиш қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси И. Собиров, Қонунчилик палатаси Спикери Д. Тошмуҳамедова, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.
Умид ЁҚУБОВ,
ЎзА мухбири.