ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ
Муҳтарама онахонлар!
Мунис опа-сингиллар, лобар қизларим!
Гўзал юртимизга барчамиз орзиқиб кутган кўклам нафаси кириб келаётган мана шу ёруғ кунларда сиз, азизларимни, сизлар орқали бутун Ўзбекистон хотин-қизларини 8 март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этишдан бахтиёрман.
Баҳор тобора кучга кириб, табиат уйғониб бораётган шу қутлуғ айёмда сизларнинг азиз ва қадрдон юзларингиз, кўзларингизга боқиб, самимий туйғу ва тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биз баҳор ва аёл сўзларининг нақадар уйғун ва ҳамоҳанг эканини янада чуқур англаймиз. Аёл зоти чиндан ҳам ўз тимсолида гўзаллик ва нафосат, эзгулик ва фидойилик каби олижаноб инсоний фазилатларни мужассам этганига яна ва яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Дарҳақиқат, биз ҳаётимиз мазмуни бўлган севги ва садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик, сирли туйғуларни Яратганимизнинг беқиёс мўъжизаси бўлмиш аёл зотисиз асло тасаввур этолмаймиз.
Аёл деганда, кўз ўнгимизда, аввало, оқ сут бериб, барчамизни ўз бағрида асраб-авайлаб вояга етказадиган, бутун ҳаётини фарзандига бахшида этадиган дунёдаги энг муқаддас зот — Она сиймоси намоён бўлади.
Меҳрибон ва мушфиқ оналаримизнинг ана шундай буюк хизматини сўз мулкининг султони, улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг “Жисмни қил садқа ано бошиға” деган ҳикматли сўзларидан ўтказиб ифода этишнинг ўзи қийин, деб ўйлайман.
Шу маънода, асрлар мобайнида Ер юзида ҳаёт давомийлигини таъминлаб келаётган азиз ва мукаррам Она сиймоси, аёл зоти олдида бош эгиб таъзим қилиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.
Қадрли опа-сингиллар!
Бугунги кунда ҳаётимизнинг қайси соҳа ва йўналишини олмайлик — бу давлат ва жамият қурилиши ёки ишлаб чиқариш тармоқлари бўладими, фермерлик ва тадбиркорлик, тиббиёт, таълим-тарбия, фан ва маданият, санъат бўладими — уларнинг ривожи ва самарасини оширишда, юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишда, халқаро майдонда давлатимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришда опа-сингилларимизнинг катта ҳисса қўшаётгани ҳақида кўп гапириш мумкин.
Хусусан, аёлларимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва таъсири ортиб бораётганини давлат ҳокимиятининг барча бўғиндаги вакиллик органларида 1131 нафар хотин-қиз, жумладан, Олий Мажлисимиз таркибида 48 нафар сенатор ва депутат фаолият кўрсатаётгани, қарийб 332 минг аёл сиёсий партияларнинг аъзоси сифатида ўз салоҳиятини намоён қилаётгани, фуқаролик жамиятининг таянчи бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларда уларнинг фаол иштирок этаётганида кўриш, кузатиш қийин эмас.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқариш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширган улкан ишларимиз ҳақида албатта кўплаб мисолларни олиб келиш мумкин.
Биргина “Соғлом она — соғлом бола” деб ном олган, бугунги кунда умуммиллий ҳаракатга айланган дастуримиз доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг ўзи илгари ҳаётимизда, тарихимизда ҳеч кўрилмаган салмоқли натижалари билан кўпчиликнинг ҳайрати ва ҳавасини уйғотмоқда.
Юртимизда замонавий тиббиёт муассасаларининг мустаҳкам тизими яратилиб, барча ҳудудларимизда скрининг ва перинатал марказлари, туғуруқхона ва соғломлаштириш комплекслари, 3200 та қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилгани, улар зарур тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминлангани бу борадаги улкан ишларимизнинг бир қисми, холос. Бунга қўшимча қилиб, ўтган йили амалга оширилган “Баркамол авлод йили” Давлат дастури бўйича шу йўналишда 8 триллион сўмдан зиёд маблағ сарфланганини яна бир бор эслаш ўринлидир.
Бу каби ютуқ ва марралар, албатта, барчамизни мамнун этади, лекин бундай кенг кўламли, узоқни кўзлаб олиб бораётган ишларимизнинг маъно-моҳиятини, келажак авлод учун аҳамиятини, ҳеч шубҳасиз, энг аввало, аёлларимиз, оналаримиз кўпроқ тушунади ва қадрига етади, деб ўйлайман.
Бизнинг айнан ана шундай улуғ мақсадга қаратилган барча саъй-ҳаракат ва интилишларимиз бугунги кунда жаҳон жамоатчилиги томонидан юксак баҳоланиб, холис эътироф этилмоқда.
Бу ҳақда гапирганда, Халқаро Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари бўйича офиси оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги дастурларни жорий қилишда Ўзбекистонни минтақадаги намуна деб тан олганини қайд этиш лозим.
Тинч ва осойишта ҳаётнинг, меҳр-оқибат, шафқат ва мурувват туйғуларининг қадрига етадиган жонкуяр ва оқила аёлларимизнинг оила ва маҳаллада, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, файзу барака, соғлом муҳитни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари ҳар қанча эътиборга лойиқдир.
Шу билан бирга, барчамиз яхши тушунамизки, бугунги мураккаб ва таҳликали замонда тинч ва осуда ҳаётимизни, фарзандларимизнинг бахту камолини кўролмайдиган ғаразли кучлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, дунёда, олис ва яқин атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб бораётган ҳозирги пайтда ёшларимизнинг онги ва қалбини турли зарарли таъсирлардан асраш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш зарурлигини асло эсимиздан чиқармаслигимиз даркор.
Азиз ватандошлар!
Биз бу йил Ўзбекистонимизнинг янги тарихидаги буюк сана — мустақиллигимизнинг 20 йиллигини энг улуғ ва энг азиз байрам сифатида кенг нишонлаймиз. Бир қарашда, 20 йил кўҳна тарих учун қисқа бир муддат, албатта. Лекин бу давр биз учун ўз моҳияти ва аҳамиятига, амалга оширган ишларимизнинг кўлами ва миқёсига кўра, ҳақиқатан ҳам, асрларга тенг давр бўлди, деб айтишга бугун барча асосларимиз бор.
Ана шу вақт мобайнида биз Ватанимизнинг ёруғ келажаги, унинг равнақи йўлида қанча-қанча оғир синовлардан ўтдик. 90-йилларда давлатимиз эндигина шаклланиб, мустақил тараққиёт сари дастлабки қадамлар қўяётган мураккаб кунлар бўладими, четдан туриб бизга таъсир ўтказиш учун қилинган турли босим ва тазйиқлар бўладими, иқтисодий узилиш ва етишмовчиликлар шароитида, ўта оғир бир вазиятда бозор муносабатларини жорий этиш бўладими, жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш бўладими — буларнинг барчаси, ўйлайманки, янги тарихимизда чуқур из қолдирадиган давр сифатида халқимиз хотирасидан ҳеч қачон кўтарилмайди. Ишонаманки, эркин ва мустақил фикрлайдиган ёш авлодимиз ҳам мамлакатимиз босиб ўтган бу ўчмас йўлдан зарур хулоса ва сабоқлар чиқариб, мағрурланиб яшайди.
Ортимизда қолган ана шу қийинчилик ва муаммоларни юртимиздаги ҳар қайси оила, ҳар қайси маҳалла, шаҳар ва қишлоқ аҳли ўз бошидан ўтказди. Лекин, қўлимизни кўксимизга қўйиб, холисона айтадиган бўлсак, бундай қийинчилик ва ташвишлар, авваламбор, заҳматкаш аёлларимизнинг елкасига тушди. Ва уларнинг сабр-бардоши ва чидамлилиги, донолиги ва шукроналик фазилатлари, эртанги кунга ишончи юртимизнинг ана шундай синовларни енгиб ўтишида мустаҳкам замин ва асос бўлди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Бугунги кунда, иқтисодиётимиз тобора ривожланиб, ҳаётимиз обод ва фаровон бўлиб бораётган, барқарор тараққиёт суръатларимизни дунё ҳамжамияти тан олаётган бир пайтда мана шундай ёруғ кунларга етиб келишимизга унутилмас ва беқиёс ҳисса қўшган, далада ва корхоналарда, таълим ва шифо масканларида, бошқа кўплаб соҳа ва тармоқларда ўзини аямасдан меҳнат қилаётган, оила ҳаётини тебратиб, ёш авлодимизни баркамол этиб тарбиялаётган сиз қадрдон опа-сингилларимизга тасаннолар айтиб, барча-барчангизга ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдиришга ижозат бергайсиз.
Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган барча режа ва дастурларимиз ва уларни амалга ошириш ҳақида гапирганда, бир ҳақиқатни такрор ва такрор айтишни истардим — ўз олдимизга қўйган эзгу мақсад-муддаоларимизга етишда мен сиз, азиз аёлларимизни асосий таянчим ва суянчим, энг яқин маслакдошларим деб билганман ва бундан буён ҳам шу фикрда қоламан.
Муҳтарама опа-сингиллар!
Барчангизни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклар эканман, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Доимо толеингиз баланд, ризқу насибангиз зиёда бўлсин!
Ҳамиша омон бўлинг, азизларим, меҳрибонларим!
Ислом КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти