UZ RU
02.03.2011

НАЗОРАТ, ИЖРО ВА ТАҲЛИЛ – КУН ТАРТИБИДАГИ МАСАЛА

Жорий йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Икрамов кириш сўзи билан очиб, тизимдаги фаолиятларнинг самарали амалга оширилиши ва бунинг натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ошиб бораётганлиги ҳамда халқнинг тиббиётга бўлган ишончи янада ортаётганлигини, шунингдек, мазкур ютуқлар билан бир қаторда, мавжуд камчиликларга барҳам бериш муҳим вазифалардан бири эканлигига алоҳида эътибор қаратди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан вазирликнинг Назорат инспекцияси бошлиғи Ў. Исмаилов Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Фармон ва Қарорлари, "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги 12-сонли "Ижро интизомини мустаҳкамлаш тўғрисида"ги қарор талабларининг Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида бажарилиши бўйича олиб борган текширувлари асосидаги таҳлилий натижаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасаларнинг 2010 йилдаги молия хўжалик фаолиятлари якуни ва 2011 йилга мўлжалланган истиқболли йўналишлар, республикадаги "Врачлик консультатив комиссия"ларнинг фаолият таҳлили ва уларни яхшилаш чора-тадбирлари, 2010 йилда тендер асосида марказлаштирилган ҳолда дори воситалари сотиб олиниши ва тарқатилиши, вазирликнинг 191-сонли буйруғининг муассасаларда бажарилиш ҳолати, вазирликнинг "Фертил ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш ҳафталиги" фармойишининг жойлардаги ижроси, ДПМларда қишки тайёргарлик ишлари, олиб борилаётган капитал таъмирланиш ва ободонлаштириш ишлари, ДПМларда марказлашган ҳолда сотиб олинган бир марталик тиббий воситалар, шприц ва системаларнинг тақсимоти, республикадаги "Намунавий ҚВП"ларнинг фаолияти, 2010-2011 йил тиббий чақирув комиссияларнинг иши ва чақирилувчилар билан олиб борилаётган даволаш-соғломлаштириш тадбирлари тўғрисида вазирлик мутахассисларининг маърузалари тингланди.

Юқоридаги долзарб мавзулар бўйича эришилган муваффақиятлар билан бир қаторда, муаммо ва камчиликлар мавжудлиги мутахассислар томонидан таъкидлаб ўтилди. Иштирокчилар кўрилган масалалар бўйича ечимини кутиб турган айрим камчиликларга ойдинлик киритиш мақсадида ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир сўнгида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Намоз ТОЛИПОВ.