РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИКНИ МУҲОФАЗАЛАШДА ҲУҚУҚИЙ АСОСНИНГ ТАКОМИЛЛАШУВИ
Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг "Репродуктив саломатликни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш – соғлом авлодни шакллантиришнинг ишончли омили" мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Зуҳра Ботирова кириш сўзи билан очиб, кейинги йилларда республика соғлиқни сақлаш тизимида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишларга атрофлича урғу бериб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Улуғбек Вафоев тиббиёт тизимидаги репродуктив саломатлик, баркамол авлодни тарбиялаш ва соғлом оилани шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, тиббиёт фанлари доктори, профессор Зуҳра Ботирова ўз маърузасида мамлакатимиз аҳолиси орасида репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзи ва ёшлар тарбияси билан боғлиқ бўлган фаолиятларга тўхталиб, энг муҳими, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш соҳасидаги барча муносабатларни қонуний жиҳатдан тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисида"ги Қонунини ишлаб чиқиш, уни кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилиш, мутахассис ва аҳолининг ўринли таклиф-мулоҳазалари, шунингдек, миллий манфаатларимизни ҳар томонлама инобатга олган ҳолда унинг қабул қилинишига эришиш лозимлигини таъкидлади.
"Аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилишда контрацептив воситаларнинг роли" тўғрисида Республика репродуктив саломатлик маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Маҳмуда Каттахўжаева ўз маърузасида соғлом онадан соғлом фарзандларнинг дунёга келиши, аёллар контрацепция воситалари билан қамраб олиниши ва бу борада олиб борилаётган ишларнинг мониторинги ва таҳлилий хулосаларига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Асомиддин Комилов мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш ишларига урғу бериб, Президентимизнинг соҳага оид қарорлари ижроси бўйича жойларда ўтказилаётган соғломлаштириш ҳафталиклари ва унда барча хотин-қизлар, болаларнинг кенг қамраб олиниши ижобий самара бераётганлигини ҳамда юқорида таъкидлаб ўтилган янги қонуннинг қабул қилиниши бу йўналишда албатта ўзининг амалий натижасини кўрсатиши ҳақида фикрларини баён этди.
Йиғилиш сўнгида кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.