Соғлом она, соғлом бола – миллатимиз келажаги
Ҳаммамизга маълумки кейинги йилларда давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ибратли ишлар республика соғлиқни сақлаш тизими ҳамда бир қанча ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилиб, ютуқли натижаларга эришилаётганлигига ҳар биримиз гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Бундай самарали натижалар Юртбошимиз томонидан ҳам бир неча бор эътироф этилиб, соҳа мутахассисларининг бу борадаги фаолиятларига ижобий баҳо бериб ўтилганлиги ҳам ҳеч биримизга сир эмас.
Қарийб икки йил мобайнида репродуктив саломатлик, баркамол авлодни вояга етказиш, соғлом оилани шакллантириш борасида Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мунтазам тарздаги ишлар изчиллик билан олиб борилиб, Президентимизнинг 2009 йилдаги 1096 ва 1144-сонли Қарорлари ижроси бўйича вазирликнинг махсус буйруқлари ишлаб чиқилиб, жойларда самарали фаолиятлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада пойтахтимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессорўқитувчилари, ихтисослаштирилган илмийамалий тиббиёт марказлари, илмийтекшириш институтлари мутахассислари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида (юртимизнинг чекка ҳудудларида) бўлишиб, уларга амалий ёрдам бериб келмоқдалар. Таҳририятимиз ходимлари куни кеча Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги "Назарбек" қишлоқ врачлик пунктидаги фаолиятлар билан яқиндан танишиб, аҳоли билан суҳбатда бўлишди.
"Назарбек" қишлоқ врачлик пункти нигоҳимизда
Биз ҚВПга кириб борар эканмиз, аҳолининг гавжумлигини кўриб, мазкур муассасада фаолиятлар меъёрида олиб борилаётганлигига амин бўлдик ва ҚВП мудираси Мақсуда Варисовани суҳбатга тортдик.
– Ҳудудимизда 26 минг 950 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларга 12 нафар умумий амалиёт шифокори ва 40 нафар ҳамшира тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шу ўринда айтишим жоизки, муассасамизда фаолиятлар тўғри йўлга қўйилган бўлиб, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда Юртбошимиз томонидан соҳага оид чиқарилаётган Фармон ва Қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида амалий ишлар ўз ифодасини топиб келмоқда. Айниқса, репродуктив саломатлик, соғлом оилани шакллантириш борасида умумий амалиёт шифокорлари ҳамда патронаж ҳамшираларимиз кўпроқ вақтларини аҳоли орасида ўтказиб, тарғибот ва ташвиқот масалаларига катта эътибор қаратмоқдалар. Президентимизнинг 1096-сонли Қарори бўйича ўтган йили туғиш ёшидаги аёлларнинг 7025 нафари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди, улардан 2275 нафарида экстрагенитал касалликлар аниқланиб, соғломлаштирилди. Шунингдек, контрацепция воситалари билан қамраб олиш натижасида 3326 нафар аёлга бачадон ичи воситаси, 48 нафар аёлга орал, 100 нафар аёлга эса инъекцион контрацепция воситалари қўлланилган бўлса, 177 нафар аёлга ихтиёрий хирургик контрацепцияси ўтказилди. Бунинг баробарида 1-марта ҳомиладорлик 230 та бўлса, 4 ва ундан ортиқ ҳомиладорлик 10 нафарга камайган. Фертил ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёллар учун ҚВПмизда барча шароитлар яратилган бўлиб, акушергинеколог, доя ҳамда патронаж ҳамшираларимиз томонидан тиббий кўриклар ўз вақтида ўтказилиб, соғломлаштириш ишлари кучайтирилган. Бундан ташқари, ҳомиладор аёллар, болаларда учраётган камқонлик касалликларининг олдини олиш бўйича керакли тавсия ва маслаҳатлар билан бир қаторда, давлатимиз томонидан беморлар учун ажратилган (бепул) темир моддасини кўпайтирувчи препаратлар, жумладан, 5 ёшгача бўлган болаларга феранат препарати ҳамда ҳомиласи катта бўлган аёлларга поливитамин, шунингдек, ҳомиласи кичик бўлган ёш оналарга яқинда берилган 114 қути "Мама" компливит таблеткасини тарқатиб келмоқдамиз. Шу ўринда айтишим жоизки, "Мама" компливит таблеткаси аёлнинг ҳомиласи бенуқсон ривожланишида катта аҳамиятга эга эканлигини оилаларга тушунтирмоқдамиз.
Ҳомиладор аёллар даврасидамиз
Муассасанинг коридори бўйлаб борар эканмиз, акушергинеколог хонаси ёнида навбат кутиб турган бир гуруҳ аёлларга кўзимиз тушди. Фурсатдан фойдаланиб, уларни суҳбатга тортдик. Саволларимизга биринкетин жавоб бераётган аёллардаги тиббий тушунча, яъни ўзларининг соғликларига бўлган эътиборни эшитиб, хурсанд бўлган бўлсак, мазкур ҚВПдаги тиббиёт ходимларининг эътибори ва кузатуви натижасида ҳомиладорлик даври яхши кечаётганлиги ҳамда уларнинг оилаларга доимий кириб бориши, суҳбат ва керакли тавсияларни бераётганликларини эътироф билан айтиб ўтишди.
Акушергинеколог хонасидамиз
Хонадаги акушергинеколог ва доянинг тезкор олиб бораётган ишларига назар солар эканмиз, уларнинг чаққонлик билан ҳомиладор аёлнинг қон босимини ўлчаётганлиги, берилаётган поливитаминнинг аҳамияти тўғрисида тушунтираётганлигини кўриб, келажак ворисларимиз учун давлатимиз томонидан ана шундай кенг имкониятлар яратилаётганлигига яна бир гувоҳ бўлдик. Айнан шу ернинг ўзида "Бешқўрғон" маҳалласида истиқомат қилаётган Гулшода Қаҳҳорова билан суҳбатда бўлдик.
– Бу менинг биринчи ҳомилам. Ушбу ҚВПнинг патронаж ҳамширалари тезтез уйимизга боришиб, бу борада менга керакли тавсия ва маслаҳатларни беришиб, акушергинеколог қабулига ўз вақтида келишимни айтишди. Тўғрисини айтганда улар бир томондан мени соғлигимни ўйлашса, иккинчи томондан бўлажак фарзандим соғлиги учун қайғуришмоқда. Ҳатто, яшашимдан то ебичишимдаги аҳволим билан ҳам танишиб чиқишди. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан она ва болага кўрсатилаётган ғамхўрликлар тўғрисида ҳам гапириб ўтишди ва ҳомилам бенуқсон ривожланиши учун "Мама" компливит таблеткасини тавсия қилишиб, уни ўз вақтида ичишим муҳимлигини таъкидлашди. Албатта, шифокорларимиз тавсияси ҳомилам ҳамда ўзим учун катта аҳамиятга эга эканлигини англаб етдим. Мақсадим, фарзандимни соғлом дунёга келтириш учун тиббиёт ходимлари берган маслаҳатларга доимий амал қилиш.
Диёра Каримова,
"Назарбек" маҳалласи:
– Бу менинг иккинчи фарзандим. Биринчи фарзандим ҳам дунёга келгунча мазкур ҚВП ходимлари томонидан соғлигим доимий назорат қилиб борилганлиги боис, болам соғлом туғилди. Уларнинг маслаҳати билан туғруқ оралиғини белгиланган муддат бўйича сақлаб, иккинчи фарзандимни ҳам соғлом дунёга келтирмоқчиман. Биз ҳомиладорлар учун энг қулай томони ҚВПда лаборатория, физиотерапия, муолажа ва стационар хоналари мавжудлиги ва улардаги шароитларнинг етарлилиги, шунингдек, ўз вақтида даво муолажаларини олаётганлигимиз бизга катта енгиллик туғдирмоқда. Иккинчи ҳомилам бўлсада, патронаж ҳамшираларининг узлуксиз тарзда оиламизда бўлиб, тушунтириш ишларини олиб бориши ва муассаса томонидан бепул берилаётган препаратларни ўз вақтида қабул қилишимни назорат қилишлари бўлажак фарзандим, қолаверса, ўз соғлигим учун асосий омил эканлигига янада ишонч ҳосил қилдим. Ва мутахассислар томонидан ўтказилаётган "Оналар мактаби"даги маслаҳатлар ҳамда тарқатилаётган буклетларнинг ҳам фойдаси катта бўлмоқда.
Таваккал ва Маҳфуза
Султоновлар оиласи:
– Маҳфузахон билан севишиб турмуш қурганмиз. Фарзандим Умиджоннинг дунёга келиши бахтли оилалардан бири эканлигимиздан далолатдир. Оилавий шароит ва аёлимнинг соғлигини инобатга олган ҳолда Умиджон 3 ёшга тўлганда иккинчи фарзанд кўришни мақсад қилган эдик. Айтишим муҳимки, аёлим ва унинг ҳомиласи соғлом ривожланишида ҚВП ходимларининг диққатэътибори катта бўлганлигини кўриб, оиламизда тиббиётга бўлган ишончимиз янада ошди.
– Биринчи фарзандим соғлом дунёга келишида ва ҳозирги ҳомилам тўғри ривожланишида турмуш ўртоғим, қайнонам ҳамда ҚВП мутахассисларининг ўрни катта бўлаётганлигини ҳомиладорлик даврида юз бераётган ҳар бир ҳолатда ҳис этаяпман. Айни кунда ҳомилам бенуқсон туғилиши учун муассаса томонидан бепул берилган "Мама" компливит таблеткасини истеъмол қилар эканман, бунинг баробарида сифатли таомлар, тоза ҳавода сайр қилишга ҳам эътибор қаратиб келмоқдаман. Она ва бола соғлиги борасида яратилаётган имкониятлардан ўз вақтида баҳраманд бўлаётганлигим учун давлатимиз раҳбарига, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди Маҳфузахон.
Баҳорнинг гўзал таровати "Назарбек" маҳалласига ҳам ўзгача ҳусн бахш этганлиги ҳар биримизнинг кайфиятимизни кўтариб юборди.
Ушбу маҳалладаги Иноғомовлар оиласига ташриф буюрар эканмиз, бизни хонадон бекаси, истараси иссиқ қайнона бўлмиш Гулмира опа ҳамда унинг келини Насибахон кутиб олдилар.
– Насибахон биринчи келиним. Қувонарлиси шундаки, набиралик бўлиш насиб қилган экан, мен бундан жуда бахтиёрман. Лекин, фарзанд дунёга келгунча она ва ҳомила саломатлиги асосий ўринга эга бўлишини жуда яхши биламиз. Албатта, биринчи марта оналик бахтига муяссар бўлаётган ёш аёлларимизга биз қайноналар ёрдам беришимиз, шифокор назоратида доимий бўлишларини таъминлашимиз зарур. Насибахонга ҚВП томонидан "Мама" компливит таблеткаси берилган экан, унинг ҳомила учун фойдаси нечоғлик зарурат эканлигини оила аъзоларимиз билан тушунган ҳолда ўз вақтида ичиб туриши лозимлигини уқтирдик. Келинимга она сифатида қандай ёрдам керак бўлса, доимо тайёрман. Чунки ҳар бир оилада наслимиз давомчиси, давлатимиз келажаги дунёга келар экан, бунинг учун қайнона-қайнота, бўлажак ота албатта, масъул бўлиши муҳим, деб биламан.
Ибодат СОАТОВА.