UZ RU
11.03.2011

ОНА ВА БОЛАГА ЭЪТИБОР – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЎТИНИНГ ИШОНЧЛИ ОМИЛИ

Эътироф билан айтишим жоизки, хотин-қизларимизга, айниқса, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилишга давлатимиз, қолаверса, Юртбошимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай фарзандларни дунёга келтириш учун аёлнинг ўзи, аввало, жисмонан, руҳан соғ-саломат, ҳалол ва пок, фикри теран, оддий қилиб айтганда, интеллектуал салоҳияти етарли даражада ривожланган, маънавияти юксак, фидойи, меҳнатсевар, ватанпарвар бўлиши, ўзи яшаб турган жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни онгли равишда ва ўз вақтида англаши ҳамда уларга нисбатан дахлдорлик ҳисси билан яшаши тақозо этилади. Азал-азалдан бизгача етиб келаётган бир халқ нақли бор: "Аёл бир қўли билан бешикни тебратса, иккинчи қўли билан дунёни тебратади" ёки муқаддас Қуръони каримда, ҳадисларда ҳам "Жаннат – оналар оёғи остидадир" каби сўзларда аёлнинг қадр-қимматини кўкларга кўтарувчи чуқур маъно ва мазмун, фалсафий моҳият ифода этилган. Буларнинг барчаси а±л табиатан кучли салоҳият ва қудратга эга эканлигидан, шунингдек, ҳар қандай жамиятдаги муҳит, маданият ва маънавиятнинг қандай бўлиши оналар дунёга келтириб, тарбияла±тган ворисларга – жамият аъзоларига боғлиқ бўлгани туфайли, яъни оддий қилиб айтганда, улардаги масъулият ва жавобгарлик устун турганлигининг гувоҳи бўламиз. Шундай экан, истиқлолимизнинг илк йиллариданоқ, хотин-қизларимизга давлатимиз томонидан катта ғамхўрлик ва эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан: - юртимиз аёлларининг жамиятдаги мавқеини, ижтимоий-сиёсий фаолликларини ошириш, уларнинг давлат бошқарувидаги, муҳим ҳукумат қарорларини қабул қилишдаги иштирокини таъминлаш; - уларнинг ўзларидаги салоҳиятни турли жабҳаларда намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш; - ҳаттоки, уй бекаси вазифасинигина адо этиб юрган хокисор аёлларнинг бирортаси ҳам беэътибор қолмаслиги учун жамиятда шарт-шароит яратиш; - оналаримизнинг уй-рўзғор, бола-чақа билан боғлиқ бўлган юмушларидан, оилаларидан узоқлашмаган ҳолда оила даромадига ўз улушини қўшиши, уйда туриб меҳнат билан банд бўлишларини таъминлаш; - оилалардаги муаммоларни ҳал этиш, оналарнинг фарзандлар тарбияси ва парвариши борасидаги масалаларга эътибор қаратиш; - оила ва жамиятдаги ҳар қандай муаммоли масалалар юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганлиги эътиборга сазовордир. Алоҳида эътироф этиш жоизки, ҳукуматимиз томонидан ижтимоий йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ичида хотин-қизларга, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган ишлар асосий ўринда бўлиб келмоқда. Бугунги кунда "соғлом она – соғлом бола", никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги, оналар ва болалар тиббий муассасалари фаолияти ва уларнинг замон талаблари ҳамда халқаро андозаларга мос равишда тубдан яхшиланиши, болалар ва хотин-қизлар спортини ривожлантириш, фарзандларимизнинг таълим олишига бўлган эътиборини ҳар томонлама кучайтириш, аҳолини, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, инсон ҳуқуқларини, шу жумладан, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини жаҳон андозалари даражасида ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. Биргина 2009 йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги (1096-сонли), "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида"ги (1144-сонли) қарорлари қабул қилиниб, ҳозирги кунда ушбу ҳужжатлар асосида жойларда тадбирлар амалга ошириб келинаётганлигининг ўзи ҳам юқорида қайд этилган фикримизнинг ±рқин далилидир. Фуқаролар соғлиғини мустаҳкамлашга оид масалаларга жиддий эътибор қаратилиши боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда оналар ва гўдаклар ўлимини камайтириш, аҳолини юқумли, вирусли ва ўта хавфли инфекциялардан асраш, соғлом, қулай атроф-муҳит шароитлари билан ва экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чоралар самарадорлигини ошириш ҳамда беморларга тегишли ҳажмдаги малакали тиббий, жумладан, шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш, қишлоқ жойларида замонавий қишлоқ врачлик пунктларини барпо этиш орқали у ерда истиқомат қилаётган фуқароларга врачлик тиббий ёрдамини яқинлаштириш, тиббиёт ходимларининг меҳнатига кўра ҳақ тўлаш, тиббиётнинг 10 та муҳим йўналиши бўйича замонавий ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларни ташкил этиш каби талайгина ижобий ишлар амалга оширилган. Шунингдек, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама, жисмонан, руҳан соғлом, баркамол авлодни мураккаб замон талабларига мос равишда бекаму кўст тарбиялаб, вояга етказишни амалга ошириш учун муҳтарам Юртбошимиз томонидан 1997 йилдан буён ҳар йилга алоҳида ном берилиб, шу ном билан давлат ва жамият аҳамиятига молик бўлган муҳим вазифаларни ҳал этишга қаратилган Давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, амалда бажариб келинаётганлигини, ушбу саъй-ҳаракатларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий ва сиёсий аҳамияти ҳақида ҳам алоҳида эслатиб ўтишни жоиз деб биламан (масалан, "Аёллар йили", "Оила йили", "Соғлом авлод йили", "Она ва бола йили", "Ёшлар йили", "Баркамол авлод йили" кабилар). Бош ислоҳотчи – давлатимиз томонидан кўрилган комплекс чоралар ва тизимдаги ислоҳотлар туфайли мустақиллик йилларида Ҳамдўстлик давлатлари ичида биринчилардан бўлиб, Ўзбекистонда аввалги кам самарали, ноқулай фельдшер-акушерлик пунктлари, қишлоқ врачлик амбулаториялари ва участка касалхоналари ўрнига қишлоқ аҳолисига дастлабки врачлик ёрдамини кўрсатишга ихтисослашган мутлақо янги типдаги, барча керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланган замонавий қишлоқ врачлик пунктлари барпо этилди (бугунги кунда уларнинг сони 3180 дан ортиқ). Мазкур масканлар фаолиятида туғиш ёшидаги аёллар ва болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш асосий ўринни эгаллаб келмоқда. Охирги 20 йил ичида мамлакатимиз фуқароларининг ўртача яшаш умри 67 ёшдан 73 ёшгача кўтарилганлигининг ўзи жамиятимиз аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ ислоҳотлар, шу жумладан, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган чуқур мақсадли ва манзилли фаолиятни ҳамда давлатимизнинг фуқаролар соғлиғини сақлашга оид сиёсати самарадорлигини белгиловчи бир баҳо десам, янглишмайман. Президентимизнинг АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисдаги нутқида эътироф этилган ушбу ижобий кўрсаткичларга дунё оммаси, халқаро тоифадаги нуфузли ва таниқли экспертлар, сиёсатчи ва журналистлар ҳанузгача юксак баҳо бермоқдалар. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида санитария-эпидемиологик жиҳатдан хотиржамлик таъминланган, турли хилдаги хавфли – юқумли ва вирусли (полиомиелит, дифтерия, кўкйўтал, қизамиқ, столбняк (қоқшол) ва В гепатит каби) инфекцияларга қарши кураш борасида самарали ютуқларга эришилди. Дарҳақиқат, истиқлол шарофати билан соғлиқни сақлаш тизимида амалга ошириб келинаётган чуқур ислоҳотлар туфайли оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш ва фуқароларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида мақтовга аризигулик натижаларга эришдик. Аммо, ҳаёт давом этаверади ва бугунги кунда жаҳонда рўй бераётган глобаллашув жараёнларига мувофиқ баҳолаганда, олдимиздаги масъулият янада ошиб бораверади. Шундай экан, фуқаролар соғлиғини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид эзгу мақсадларни самарали йўлга қўйиш, айниқса, аҳоли онгига соғлом турмуш тарзи тамойилларини сингдиришни изчил давом эттириш муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб келаверади. Дарҳақиқат, 2011 йилнинг 25 февраль куни Президентимиз бошчилигида Оқсаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига оид материаллари билан ОАВ орқали танишиб чиқиб, оналар ва болалар соғлиғини сақлашга доир саъй-ҳаракатлар ичида мамлакатимизда болалар ҳамда хотин-қизлар спортини ривожлантиришга бўлган эътибор, бу ишларда шахсан юртимиз раҳбарининг бош-қош бўлаётганликларини фахр билан айтиш жоиздир. Бу албатта, хотин-қизлар соғлом бўлиши учун имкониятлар яратиш баробарида, уларнинг мавқеи, интеллектуал салоҳиятини ошириш ва намоён этиш учун жамиятда кенг имконият, шарт-шароитлар яратиш – оналар ҳамда фарзандларнинг янада соғлом бўлишига, оилалар мустаҳкамланишига, хотин-қизлардан аксариятининг нафақат ўз оилалари, балки жамият тараққиёти, ривожи учун фидойиларча меҳнат қилишларининг фаоллашувига, ҳуқуқий демократик жамият қуриш жараёнида улар иштирокининг кўпайишига олиб келиши табиийдир.

Юқоридаги фикрлардан хулоса қиладиган бўлсак, а±лларимизнинг жамият ва оиладаги ўрни тўғрисида қанчалар гапирсакда, озлик қилади. Шундай экан, шоирнинг қуйидаги сатрлари бежизга айтилмаган: Сенинг бир номинг муҳаббат, бир номинг матонат, Бир номинг жасоратдир, бир номинг садоқат. Бир номинг онадир, бир номинг ҳа±т, Бир номинг латофату, бир номинг нафосат.

Зуҳра Ботирова,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари.