БОЛАЛАР СПОРТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ – ДАВР ТАЛАБИ
Жорий йилнинг 25 февраль куни Оқсаройда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Юртбошимиз ўтган йил мобайнида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилган ишлар ўз самарасини бераётганлигини таъкидлаб, соҳа тараққиётини юксалтириш келажак авлоднинг янада баркамол ўсиши, шунингдек, соғлом келажак сари ташланаётган муҳим қадамлардан эканлигига урғу берди. Давлатимиз раҳбари жамғарма фаолияти ривожига давлат ва ҳукумат идоралари, ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик ва фермерлик субъектлари, нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилик ўз ҳиссасини қўшаётгани, уларнинг бу борадаги ишларни қўллаб-қувватлаши туфайли жамғарма қисқа муддат ичида умуммиллий ҳаракатга айланганини қайд этди.
Мажлисда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ўтган йил давомидаги фаолияти атрофлича таҳлил қилинди. 2010 йилда болалар спорти объектлари ва сузиш ҳавзаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш дастурининг ижроси муҳокама этилди. Жумладан, ўтган йили 95 та объект ишга туширилгани, шунинг 61 таси қишлоқ жойларда фойдаланишга топширилганлиги айтиб ўтилди. Хусусан, ўтган йили ушбу мақсадлар учун 111,1 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 116,8 миллиард сўмни ташкил этди. Айтиш жоизки, 2008-2011 йилларда маблағлар тушуми 55,9 фоизга кўпайди ва бу ўз навбатида ҳомийларнинг мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш ва жамғарма ишини фаоллаштиришга эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.
Президент йиғилишда қизларни спортга жалб этиш масаласи алоҳида ёндашув талаб этишини таъкидлади. Болалар спортини ривожлантириш, қизларнинг спорт билан шуғулланиши учун, айниқса, қишлоқларда тегишли шарт-шароит яратиш масаласига атрофлича тўхталди.
– Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, спорт билан шуғулланган қиз эртага она бўлади, соғлом зурриётни дунёга келтиради. Айни пайтда ўз фарзандига спортга меҳр туйғусини сингдиради. Қайд этиш керакки, мамлакатимизда амалга оширилаётган "Соғлом она – соғлом бола" дастурининг асосий маъно-мазмуни ҳам шундан иборатдир, – деди Юртбошимиз.
Таъкидлаш ўринлики, бу йил "Баркамол авлод – 2011" спорт мусобақаларининг финал босқичи Сурхондарё вилоятида ўтказилади. Шу муносабат билан Термиз шаҳрида бир қатор янги болалар спорт мажмуалари қурилмоқда. Хусусан, 10 минг томошабинга мўлжалланган футбол-енгил атлетика майдонига эга бўлган универсал спорт зали барпо этилмоқда. "Кураш" спорт мажмуасини реконструкция қилиш бўйича қўшимча ишлар амалга оширилмоқда. Йиғилиш сўнгида жамғарманинг келгуси йилдаги фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Унда тегишли давлат ташкилотлари, қатор вазирликлар, идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг ахборотлари тингланди. Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.