UZ RU
01.03.2011

БОЛАЛАР СПОРТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ – СОҒЛОМ АВЛОД ГАРОВИ

Аввал маълумот берганимиздек, жорий йилнинг 25 февраль куни Оқсаройда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган эди. Йиғилишда 2010 йилда қилинган ишлар, амалий ютуқлар таҳлил этилиб, 2011 йилдаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Мазкур фаолиятлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида давлатимиз раҳбари барча тегишли ташкилотларга, ҳокимликлар, вазирликлар мутасадди ходимларига кўрсатма ва топшириқлар берган эди. Матбуотда эълон қилинган ушбу йиғилишнинг баёни барча соҳа мутахассисларини юқоридаги масалаларга нисбатан жиддийроқ муносабатда бўлиб, ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишларига ундайди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ давлатимиз томонидан ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом ва ақлан етук бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Мазкур жараёнларни узлуксиз давом эттириш мақсадида юртимизда бозор иқтисодиётининг барча босқичлари эзгу мақсад ва режалар, кучли ижтимоий сиёсат доирасида олиб борилмоқда. Ушбу сиёсатнинг ёрқин намунаси сифатида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Унинг асосий йўналишларидан бири оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларида ёндошувлар бўлиб, улар соғлом авлоднинг дунёга келиши ва тарбияланишига доир барча шароитлар яратилишига йўналтирилгандир.

Бугунги кунга келиб, юртимизда кенг қамровли соғломлаштириш тадбирлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – "Соғлом она – соғлом бола" мақсадига эришишдир.

Республикамизда ўсиб келаётган ёш авлод саломатлигини шакллантириш ва уни мустаҳкамлашда қонунчилик тизимининг яратилиши ҳамда бу орқали фаолиятлар кўламини яхшилаш масалалари давлатимизнинг асосий эътиборида бўлиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 24 октябрдаги 3154-сонли Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 31 октябрдаги 374-сонли "Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида"ги Қарори бу жараёнларни янада такомиллаштириш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Жисмоний тарбия ва спортни ҳар бир маҳалла, оила ва кенг жамоатчилик орасида татбиқ этиш учун барча имкониятлар эшиги очилди. Ўқувчи болалар ва ёшлар ўртасида "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва "Универсиада" каби спорт мусобақалари оммалашди. Шу билан бирга, спорт иншоотларини қуриш ишларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди. Республикамизда спортнинг оммавий турлари анчага кўпайиб қолганлигини таъкидлаш жоиз. Хусусан, аёллар спортига берилаётган эътибор туфайли кўпчилик спортчи қизларимиз халқаро мусобақаларда иштирок этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар. Айниқса, спортнинг бадиий гимнастика тури мактаб ўқувчилари орасида тобора оммалашиб бормоқда. Бу эса таълим жараёнини яхшилаб, ёшларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан камол топишларига кенг имконият яратмоқда.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари ҳар бир масалага алоҳида эътибор билан ёндашдилар. Шунингдек, барча йўналишлар қаторида спорт билан шуғулланиш мактаб ёшидаги болалар саломатлиги ва жисмоний ўсишига ижобий таъсирининг барқарор тенденциялари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Икрамовнинг ахбороти тингланди ва муҳокама этилди. Амалга оширилган ишлар таҳлил қилинар экан, Президентимиз бу мавзуга янада чуқур ва теран назар билан ёндашиш лозимлигини таъкидлаб, ушбу ҳолатни 2011 йилда янада яхшилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўпгина вазифаларни юкладилар. Жумладан, 2011 йилнинг 1 июлигача фойдаланилаётган тадқиқот индикаторларини ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида спорт билан шуғулланишнинг болалар ривожланишига жинси ва ёши инобатга олинган ҳолда таъсир кўрсатишининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартлари ва халқаро мезонларга мос келадиган илмий асосланган услубини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этиш бўйича йўриқномани тақдим этиш, спорт билан шуғулланишнинг мактаб ёшидаги болалар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига таъсирини туман ва шаҳарлар кесимида, антропометрик кўрсаткичлар динамикаси ҳамда ёш ва жинс гуруҳлари бўйича касалланиш даражасининг пасайишини ўз ичига олган маълумотлар базасини шакллантирган ҳолда чуқур ўрганишни тизимли равишда давом эттириш вазифаси топширилди. Маълумки, Андижон, Бухоро, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш орқали мактаб ёшидаги болалар, айниқса, қизларнинг соғлиги ва жисмоний ривожланиш кўрсаткичлари ижобий томонга яхшиланганлиги йиғилиш давомида эътироф этилди. Ушбу тажрибани бошқа вилоятлар кесимида ҳам оммалаштириш, аҳоли орасида тарғибот ишларини кучайтириш вазифаси мутасадди раҳбарлар олдига катта масъулият юклайди. Ундан ташқари, спорт билан боғлиқ тадбирлар, ижобий кўрсаткичлар хусусида таҳлилий материалларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши, йиллик статистика бюллетенлари ва рисолаларини тайёрлаш ҳам йил давомидаги фаолиятлар таркибига киритилди. Худди шу каби бошқа вазирлик, ҳокимликларга ҳам ўз йўналиши доирасида бажарилиши лозим бўлган топшириқлар юклатилди. Муҳокамалар чоғида галдаги асосий вазифаларнинг қатъий назорати ва мониторинги бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари болалар спортини ривожлантириш соғлом миллат камолотининг асосий омили бўлишлилигини таъкидлаб ўтдилар. Ўз ўрнида барча ташиклот ва тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари ҳам юклатилган вазифаларни янада чуқурроқ ҳис этиб, масалага эътиборли ва жиддийроқ ёндашадилар, деб ишонамиз. Зеро, болалар спортини ривожлантириш – эртамиз яратувчилари бўлган ёш авлод саломатлигига бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг амалий ифодасидир.

Намоз ТОЛИПОВ.