UZ RU
28.02.2011

БОЛАЛАР СПОРТИ – ЎЗБЕК СПОРТИНИНГ КЕЛАЖАГИ, УНИНГ ХАЛҚАРО МАЙДОНДАГИ ОБРЎ-ЭЪТИБОРИНИ ЮКСАЛТИРИШНИНГ ПОЙДЕВОРИДИР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раислигида 25 февраль куни Оқсаройда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгаши раиси Ислом Каримов ушбу тузилма ташкил этилганидан буён ўтган даврда амалга оширилган кенг кўламли ишлар, уларнинг аҳамияти, моҳияти ва амалий натижалари ҳақида сўз юритиб, Жамғарма фаолияти ривожига давлат ва ҳукумат идоралари, ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик ва фермерлик субъектлари, нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилик ўз ҳиссасини қўшаётгани, уларнинг бу борадаги ишларни қўллаб-қувватлаши туфайли бу ташкилот қисқа муддатда умуммиллий ҳаракатга айланганини қайд этди.

Бу ҳақда гапирар экан, давлатимиз раҳбари қуйидаги фикрларни алоҳида уқтириб ўтди:

Ушбу йўналишда тўпланган тажрибамиз асосида хулоса чиқариш ва олдимизда турган вазифалар, мақсад-муддаоларимиз хусусида қисқача тўхталиб ўтишни зарур, деб биламан. Бунда, аввало, қуйидаги масалаларга, гарчи улар кўпчиликка маълум бўлса-да, яна бир бор эътиборимизни қаратиш фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман.

Биринчидан, фарзандларимизнинг спортга қизиқиши ва интилишини, керак бўлса, спортга бўлган меҳрини айни ёш болалик давридан уйғотган тақдирдагина спорт ҳар қайси одамнинг ҳаётида, ҳақиқатан ҳам, доимий ҳамроҳ бўлиб қолишига эриша оламиз.

Ҳаётнинг ўзи бу фикрни ҳар қадамда тасдиқлаб беради. Бу фикр-хулосага ҳар биримиз ўз ҳаётимиз, ўз тажрибамиз мисолида ишонч ҳосил қилишимиз қийин эмас, албатта. Яъни болаларимизни боғча ва мактаб ёшидан спорт оламига жалб этган ҳолда, бу борада кўзланган мақсадларга эришиш мумкин.

Шуни айтиш керакки, ҳар бир кичик боланинг ўзига хос катта дунёси борлигини унутмаслигимиз, бунга алоҳида эътибор беришимиз лозим.

Иккинчидан, бугун ҳеч кимга сир эмас, эрта ёшдан бошлаб спорт билан мунтазам шуғулланадиган болаларгина жисмонан соғлом, бақувват бўлиб вояга етади. Шу асосда ҳар бир ота-онанинг эзгу орзуси бўлмиш соғлом фарзанд ўстириш, аҳолимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш учун катта имкониятлар пайдо бўлади.

Айнан ёшлик чоғидан спорт билан дўст бўлиш боланинг ўз устида ишлаши, характерининг тобланиши, мусобақаларда қатнашиш орқали қатъиятлик ва мардлик хусусиятларининг шакл­ланиши, ғалабага интилиши, таъбир жоиз бўлса, аввало, ўз устидан ғалаба қозониши, бир сўз билан айтганда, ­мустаҳкам иродага эга бўлиши учун пухта замин яратади.

Ўз устидан ғалаба қозониш деганда, мен ўзини ўзи тарбиялаш, ўзини интизомга ўргатиш, айрим камчилик ва нуқсонлардан халос бўлиш, синовларни енгиб ўтишни назарда тутаман.

Учинчидан, ўз-ўзидан аёнки, болалар спортини ривожлантирмасдан ­туриб, ўзбек спортининг келажагини таъминлаш, халқаро майдонда унинг обрў-эътибор қозонишига эришиш мумкин эмас.

Бугунги кунда айнан спорт бутун ­жаҳонда ҳар қайси миллат, ҳар қайси халқни дунёга танитишнинг, унинг ўз салоҳиятини намоён этиши, ғурур ва ифтихорини юксалтиришнинг энг ­самарали ва таъсирчан воситасига айланиб бораётганини кўриш-кузатиш қийин эмас.

Ҳозирги вақтда дунёда 7 миллиардга яқин аҳоли яшаётган бўлса, жаҳон миқёсида энг машҳур, таниқли шахслар — бу спортчилардир. Мана, ўтган йили Хитойда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон жамоаси қанча-қанча ­йирик давлатлар вакиллари орасида юксак шоҳсупага кўтарилганда, шахсан мен тўлқинланиб, ҳаяжонли бир ҳолатни ­бошимдан кечирдим. Ўйлайманки, бундай ютуқлар барча юртдошларимизга катта қувонч бағишлагани, шубҳасиз.

Ёки футбол бўйича мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоаси Осиё қитъасида ғолиб бўлиб, бу йил Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгани бизнинг спорт ҳаётимиздаги тарихий воқеадир. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Шу маънода, биз ўзбек спортининг халқаро майдонда ҳар томонлама муносиб ўрин эгаллашига интилар эканмиз, болалар спортини, ўсмирлар спортини тизимли асосда изчил ривожлантирмасдан туриб бу мақсадга эришиб бўлмаслигини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Бир сўз билан айтганда, болалар спорти — ўзбек спортининг келажаги, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг пойдеворига айланиши зарур.

Тўртинчидан, болалар спорти биз ўз олдимизга қўйган буюк бир мақсадга эришиш учун, яъни баркамол авлодни тарбиялаш, вояга етаётган болаларимизни ҳаётимизда ҳал қилувчи кучга айлантириш, Ўзбекистонимизнинг дунёдаги тараққий топган давлатлар қаторидан жой олишида қандай ­беқиёс ўрин ва аҳамият касб этиши ҳақида ­бугун ҳеч кимга тушунтириб беришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.

Мана, кўряпсизлар, бугунги кунда мамлакатимизда юксак технологиялар асосида ишлайдиган қанча-қанча корхоналар фаолият кўрсатмоқда, уларда юртимиздаги олий ўқув юртлари, лицей ва коллежларда таълим олган минг-минглаб фарзандларимиз меҳнат қилмоқда. Болаларимизнинг мана шундай юқори малакали мутахассис бўлиб камол топишида, албатта, улар эгаллаган замонавий билим ва кўникмалар билан бир қаторда спорт билан шуғулланиб, соғлом, бақувват бўлиб ўсиб-улғайгани ҳам муҳим омил бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу муносабат билан илгари айтган бир фикрни яна бир бор таъкидлашни ўринли деб биламан: XXI асрда ҳам жисмоний, ҳам маънавий етук, интеллектуал бойликка эга бўлган авлод ва халқгина жаҳон миқёсидаги бугунги кескин мусобақада ғолиб бўла олади.

Агар эътибор берадиган бўлсак, кўпгина хорижий давлатларда шу мамлакат, шу халқни улуғлайдиган, дунёга танитадиган тасвирлар, яъни шоҳсупага кўтарилган спортчилар шанига давлат байроғининг кўтарилиб, давлат ­мадҳиясининг янграши билан боғлиқ лавҳалар таъсирчан равишда мунтазам намойиш қилиб борилади.

Ўйлайманки, бизнинг миллий телевидениемиз ҳам Ўзбекистонимизнинг довруғини дунёга таратадиган айнан мана шундай лавҳаларни кўпроқ намойиш этса, она-юртимизнинг халқаро майдондаги тимсолини яратишга кўпроқ эътибор берса, катта маънавий, тарбиявий ишни амалга оширган бўлар эди.

Бешинчидан, биз мана шундай гўзал ва бетакрор, беқиёс бойлик ва имкониятларга, улкан салоҳиятга эга бўлган юртимизда ўзгаларнинг ҳавасини тортадиган, барча эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришга қодир бўлган навқирон авлодни тарбияламоқчи эканмиз, бунинг учун жисмоний тарбия ва спорт ҳаётимизга янада чуқур кириб бориши, айниқса, болалар спортини ривожлантириш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат марказида туриши даркор.

Бу ҳақда фикр юритар экан, ­Президент Ислом Каримов масаланинг яна бир ўта муҳим жиҳатига эътибор қаратди: кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, спорт, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, одамларимизнинг ҳаёт ­даражаси ва сифатини, маданиятини ошириш, ижтимоий муҳофазани кучайтириш масаласига устувор аҳамият ­берилиб, комплекс ёндашув натижасида аҳолининг, айниқса, болаларнинг ­саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Бу ҳақда кўп гапирмасдан, бир мисол келтириш жоиз. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, агар 2005 йилда юртимизда мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи 52,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2010 йилда бу рақам 62,6 фоизга етди.

Агар дунёнинг ривожланган давлатларида бу кўрсаткич 70-72 фоизни ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистонда бу масала бўйича қандай жиддий ўсиш суръатларига эришилаётгани яққол аён бўлади.

Шу билан бирга, 2010 йилда 2005 йилга нисбатан ўқувчилар ўртасида ўткир респираторли вирусли инфекция билан касалланиш 12,8, пневмония билан касалланиш 15,5, бронхит билан касалланиш 16,2 ва сколиоз билан касалланиш 11,6 фоизга камайди. Сўнгги беш йилда спорт билан шуғулланадиган 10 — 14 ёшдаги болаларнинг бўйи ўртача 2,3, қиз болаларнинг бўйи 2 сантиметрга ўсгани, вазни эса тегишли равишда 2,6 ва 2,9 килограммга ошганини ҳам шу борадаги ижобий кўрсаткичлар сифатида қайд этиш жоиз.

Лекин биз бундай натижалар билан кифояланмасдан, ўз олдимизга янада улкан мақсадлар қўйишимиз, яъни тараққий топган давлатлар даражасига етиш бўйича мунтазам иш олиб ­боришимиз зарур, деди мамлакатимиз раҳбари.

Мажлисда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ўтган йил давомидаги фаолияти атрофлича таҳлил қилинди.

Маълумки, 2010 йилда “Баркамол авлод йили” Давлат дастури доирасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги улкан ишларни изчил давом эттириш, жумладан, болалар спортини янада ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқларимизда замонавий спорт мажмуалари ва стадионлар бунёд этиш, уларни спорт анжомлари, юқори малакали спорт устозлари ва мураббийлар билан таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилди. Мазкур дастурда белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, оммавий спортни, биринчи навбатда, болалар спортини ривожлантириш борасидаги ишларни янада фаоллаштириш имконини берди.

Йиғилишда 2010 йилда болалар спорти объектлари ва сузиш ҳавзаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дастурининг ижроси муҳокама этилди. Жумладан, ўтган йили 95 та объект ишга туширилгани, шунинг 61 таси қишлоқ жойларда фойдаланишга топширилгани қайд этилди. Шунингдек, иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан тендер савдолари ва маблағларни қайта тақсимлаш натижалари бўйича қўшимча равишда 4 та болалар спорти объекти фойдаланишга топширилгани ҳам ижобий баҳоланди.

Бу йил “Баркамол авлод — 2011” спорт мусобақаларининг финал бос­қичи Сурхондарё вилоятида ўтказилади. Шу муносабат билан Термиз шаҳрида бир қатор янги болалар спорти мажмуалари қурилмоқда. Хусусан, 10 минг томошабинга мўлжалланган футбол-енгил атлетика майдонига эга бўлган универсал спорт зали барпо этилмоқда. “Кураш” спорт мажмуасини реконструкция қилиш бўйича қўшимча ишлар амалга оширилмоқда.

Юртбошимиз Сурхон воҳасида биринчи марта ўтказилаётган бундай спорт мусобақасини мамлакатимиз ёшларининг катта анжумани, муҳим ­сиёсий-ижтимоий, маънавий аҳамиятга молик тадбир сифатида юксак савияда ўтказиш, бунинг учун пухта тайёргарлик ишларини олиб бориш бўйича ўзининг таклиф ва тавсияларини билдирди.

Футболни ривожлантириш дастурига мувофиқ, 2011 йилда Андижон, ­Наманган ва Самарқанд вилоятларида профессионал футбол клублари қошида болалар-ўсмирлар футбол клубларини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, жорий йилда Жамғарма маблағлари ҳисобидан 149 та объект, жумладан, 130 та болалар спорти объекти, 19 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал ­таъмирлаш кўзда тутилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, ушбу объектларнинг 118 таси қишлоқ жойларда бунёд этилади.

Мажлисда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган болалар спорти иншоотларининг, айниқса, сузиш ҳавзаларининг замонавий талаблар даражасида бўлишини таъминлаш, улардан самарали фойдаланиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилишда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан мақсадли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Ўтган йили ушбу мақсадлар учун 111,1 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 116,8 миллиард сўмни ташкил этди. Хорижий валютадаги тушумлар эса 1,72 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Айтиш жоизки, 2008 — 2011 йилларда маблағлар тушуми 55,9 фоизга кўпайди ва бу, ўз навбатида, ҳомийларнинг мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш ва ­Жамғарма ишини фаоллаштиришга эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.

Ушбу сарф-харажатлар мақсадли амалга оширилди — болалар спорти объектлари ва иншоотлари, сузиш ҳавзаларини қуриш ва капитал реконструкция қилиш, 2010 йилда фойдаланишга топширилган спорт объектларини жиҳозлаш ишлари бажарилди. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, айниқса, қизларни спорт кийимлари ва анжомлари билан таъминлаш, спорт тадбирларини ўтказиш, мактаб ўқувчиларининг халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун ҳам тегишли маблағлар йўналтирилди.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва маҳаллий ҳокимликлар ўғил-қизларимизни спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш борасида фаол ҳамкорлик қилаётгани эътиборга лойиқдир. 2010 йилда бу борада амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимизда 6 — 15 ёшдаги 1,6 миллион нафар ўқувчи спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланмоқда. Бу борадаги кўрсаткич ҳозирги ­кунда 2008 йилдаги 29,2 фоиздан 34,5 фоизга, қизлар орасида эса 24,1 фоиздан 30,9 фоизга етди.

Айниқса, вилоятларда гимнастика бўйича ҳудудий федерациялар ҳамда марказларнинг ташкил этилиши натижасида қизларнинг нафис спорт турлари билан шуғулланиш имкониятлари янада кенгайди. Сўнгги икки йилда ­бадиий гимнастика билан шуғулланадиган қизлар сони уч баробар ошгани бунинг тасдиғидир. Бундан ташқари, стол тенниси ва сузиш билан шуғулланаётган қизлар сони ҳам кўпайиб ­бормоқда.

Президент Ислом Каримов йиғилишда қизларни спортга жалб этиш масаласи алоҳида ёндашувни талаб этишини таъкидлади. Болалар спортини ривожлантириш, қизларнинг спорт билан шуғулланиши учун, айниқса, қишлоқларда тегишли шарт-шароит яратиш масаласига атрофлича тўхталди.

Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, спорт билан шуғулланган қиз бола ­эртага она бўлади, соғлом зурриётни дунёга келтиради. Айни пайтда ўз фарзандига спортга меҳр туйғусини сингдиради. Қайд этиш керакки, мамлакатимизда амалга оширилаётган “Соғлом она — соғлом бола” дастурининг ­асосий маъно-мазмуни ҳам шундан иборатдир, деди Юртбошимиз.

Йиғилишда болалар спорти объектларини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган зарур спорт инвентарлари ва ускуналари билан жиҳозлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

2003 — 2010 йилларда Ўзбекистон ­Болалар спортини ривожлантириш ­жамғармаси маблағлари ҳисобидан барпо этилган 1199 та болалар спорти объекти умумий қиймати 18,91 миллиард сўмлик спорт инвентарлари ва ­ускуналари билан жиҳозланди.

Мамлакатимиздаги Навоий кон-металлургия комбинати, “Файз” холдинг компанияси, “Совпластитал” қўшма корхонаси, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компания­си ва бошқа корхоналарда, шунингдек, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларида кенг турдаги спорт инвентарлари ва ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Хусусан, 2010 йилда “Ўз-Тонг-Хонг Ко” қўшма корхонасида баскетбол, футбол ва волейбол тўплари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида болалар спорти объектлари, аввало, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобидан жиҳозланмоқда. 2010 йилда фойдаланишга топширилган барча спорт объектлари белгиланган нормативларга мувофиқ ўзимизда тайёрланган спорт ускуналари ва инвентарлари билан тўлиқ таъминланди. 2011 йилда секундомер ва шахмат соатлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилмоқда.

Мажлисда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг келгуси фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р. Азимов, Бош вазир ўринбосари Б. Хўжаев, халқ таълими вазирининг ўринбосари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори А. Очилов, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ­вилоят ҳокимларининг ахборотлари тингланди.

Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

(ЎзА).