UZ RU
14.02.2011

ҚВП: сифат ва самарадорлик ошмоқда

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида ҳар бир туманда замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди.

Қишлоқларда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишда, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашда “Саломатлик-2” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳам салмоқли ўрин тутади. Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги 242 қишлоқ врачлик пункти ўтган йиллар давомида икки миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига ФЕК, ЭКГ, автоклав, сентрафуга ва бошқа замонавий тиббий жиҳоз ҳамда ускуналар билан таъминланди. Тоғли ҳудуд туманларига махсус жиҳозланган еттита “УАЗ”, чўл ҳудудидаги туманларга “Дамас” русумли олтита автомашина ажратилди.

Шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг касб маҳоратини изчил ошириш йўлга қўйилди. Туман тиббиёт бирлашмалари қошида ҳамширалар ўқув хоналари ташкил этилди. Мазкур бирлашмаларни шошилинч тиббий ёрдам учун зарур дори-дармон ва лаборатория реактивлари билан узлуксиз таъминлаш жорий этилди.

КВП.jpg– Қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш устувор аҳамиятга эга, – дейди “Саломатлик-2” ҳамда “Аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаларини амалга ошириш вилоят бюроси директори Зокир Мамараҳимов. – Аҳолига яна бир қулайлик яратиш мақсадида 31 ҚВП қошида “Сурхон дори-дармон” масъулияти чекланган жамиятининг дорихона шохобчалари ташкил этилди. 19 ҚВПда хусусий дорихоналар очиш мўлжалланаётир. 152 ҚВПда фаолият юритаётган фитобар керакли дамламалар билан таъминланмоқда.

ҚВПлар атрофида тиббиёт ходимлари учун замонавий турар-жой бинолари барпо этилаётгани ҳам эътиборга сазовор. Ана шу мақсадда ўтган йили ўнта ҚВП шифокорлари учун турар-жой бинолари қурилиши бошланди. Ҳозирга қадар Денов туманидаги “Жартепа”, “Сино” ва “Янгибоғ” ҚВПлари шифокорлари янги уйларга кўчиб ўтди.

Термиз туманида 13 қишлоқ врачлик пункти аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётир. Уларда давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 1 июлда қабул қилинган “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Врачлик пунктимизда йигирма нафарга яқин олий ва ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходимлари меҳнат қилади, – дейди “Дўстлик” қишлоқ врачлик пункти мудираси Зебинисо Ёдгорова. – Бу ерда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит мавжуд. Тиббиёт ходимларимиз хонадонларда тез-тез бўлиб, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш юзасидан суҳбатлар ўтказишаётир. Натижада қишлоғимизда 19 ёшгача бўлган аёллар ўртасида туғруқлар қайд этилмаётир. 35 ёшдан юқори бўлган аёлларда туғруқлар 2008 йили 0,7, ўтган йили 0,6 фоизни, туғиш ёшидаги аёлларни контратсептив воситалар билан қамраб олиш 2008 йилда 61,3, ўтган йили 85 фоизни ташкил этди.

Қишлоқ врачлик пунктимизнинг малакали, қўли енгил, ширинсухан ходимлари доимий равишда саломатлигимизни назорат қилиб боради, – дейди Дўстлик қишлоғида яшовчи Марҳамат Арамова. – Врачлик пунктида тиббий кўрикдан ўтиш, даволаниш учун барча шароит бор. Сал тобимиз қочгудек бўлса, Туман ерда дардимизга малҳам топамиз. Туман ёки вилоят марказидаги шифохоналарга боришга ҳожат йўқ. Яратилган бундай қулайликлардан, кўрсатилаётган ғамхўрликлардан беҳад миннатдормиз.

Х.Маматрайимов,

ЎзА.