Ёшлар – соғлом турмуш тарафдори
Фарғона вилоятида «Ёшлар гиёҳвандликка қарши» шиори остида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилган тадбирлар ташкил этилмоқда.
Фарғона политехника институтида ушбу мавзуда ўтказилган давра суҳбатида профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Бугун жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган иллатлардан бири – гиёҳвандлик руҳий ва жисмоний қарамлик билан боғлиқ нохуш оқибатларга олиб келувчи касалликдир. Бу иллат кўплаб ёшларнинг умрини хазон қилаётгани, турли жиноий ҳолатларни келтириб чиқараётгани сир эмас. Мамлакатимизда аср вабосига қарши кескин ва изчил курашиш, ёшларни унинг чангалидан асраш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбирда Фарғона политехника институти ректори О.Отақулов, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғ.Бобораҳимов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раисининг ўринбосари А.Ҳайдаров ва бошқалар шулар хусусида сўз юритиб, гиёҳвандликка қарши курашишда ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳаллалар ва ўқув юртлари ҳамкорлигини кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Мутахассислар томонидан гиёҳвандликнинг мудҳиш оқибатлари аниқ мисоллар асосида ёшларга тушунтириб берилди. Мавзуга оид “Талваса”, “Гиёҳвандлик – аср вабоси” ҳужжатли филмлари намойиш этилди.
М.Сулаймонов,
ЎзА.