Соғлом овқатланишни ташкил этиш – давр талаби
Пойтахтимизда таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда таълим, соғлиқни сақлаш ва савдо соҳаси раҳбарлари, ўқитувчилар, шифокорлар иштирок этди.
Ўзбекистон халқ таълими вазирининг ўринбосари А.Холбеков ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлом авлодни вояга етказиш жараёнида мактаб ўқувчиларининг тўғри овқатланишини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августда қабул қилинган “Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори бу борада Дастуриламал бўлаётир.
Мазкур қарорга мувофиқ бугун таълим муассасаларининг ошхона ва буфетларидаги озиқ-овқатларнинг сифати ва хавфсизлиги устидан давлат санитария назорати янада кучайтирилди. Ўтган йилнинг сентабр ойидан бошлаб мактабларда овқатланишни ташкил этишга оид фаолият танлов-тендер асосида саралаб олинган тадбиркорлик субектлари томонидан амалга оширилаётир.
Ҳозир юртимиздаги барча мактаблар ошхоналарига маҳсулотларни етказиб бериш, сақлаш, тайёрлаш жараёнида белгиланган талаб ва меъёрларга амал қилинмоқда. Халқ таълими вазирлиги ва Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди ҳамкорлигидаги “Мактабда сут” лойиҳаси доирасида ўқувчилар сифатли сут маҳсулотлари билан таъминланмоқда. Болаларнинг тўғри овқатланишга оид билимини янада мустаҳкамлаш мақсадида умумий ўрта таълим мактабларидаги “Саломатлик сабоқлари”, “Соғлом авлод асослари” каби дарслар учун элликдан ортиқ янги ўқув ишланмалари яратилди.
– Мактабимизда қарийб 1,9 минг ўқувчи билим олади, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 324-умумий ўрта таълим мактаби директори Салима Шаропова. – Билим масканимиздаги буфетда тендерда ғолиб бўлган “Шафақ барака” фирмаси фаолият олиб бормоқда. Ўқувчиларнинг сифатли ва тўғри овқатланиши учун барча шарт-шароит бор. Мактаб ўқувчиларини иссиқ овқат, бошланғич синф ўқувчиларини сут ва темир моддасига бойитилган қандолат маҳсулотлари билан таъминлашга оид ишлар талаблар даражасида йўлга қўйилди.
Давра суҳбатида мактаб ошхоналарини табиий тоза, сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш, таълим муассасалари билан фермер хўжаликлари ва маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамкорлигини кучайтириш, мактаб ошхоналаридаги моддий-техник базани мустаҳкамлаш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Назокат Усмонова,
ЎзА