НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТНИНГ УЗВИЙЛИГИ
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир соҳа мутахассислари ўз вақтида малакаларини ошириб борсалар, уларнинг амалдаги тажриба кўламлари кенгайиб, ишда ўз самарасини бериши муҳимлигини яхши биламиз. Шундай экан, бу борада соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган тиббиёт, шунингдек, муассасаларда меҳнат қилаётган молия ва ҳисобчи ходимлар, қолаверса, ҳайдовчиларнинг ҳам тизимли равишда ўқув-семинарларда иштирок этиб, малакаларини ошириб қайтаётганликлари мутахассислар давр талаб этганидек, янгиликлар сари интилишларига катта имконият яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 2 октябрдаги "Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-700-сон Қарорига биноан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги йилларда бошқарув орган раҳбарлари, иқтисодий ва молиявий мутахассисларнинг малакаси, касбий тайёргарлигини ошириш мақсадида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг "Соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш ва бошқариш" кафедраси ҳамда молия вазирлиги ҳамкорлигида ўқув-семинарлар ташкил этиб келмоқда.
Жумладан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 январдаги "Соғлиқни сақлаш муассасаларидаги молия ҳисоб ходимларининг малакасини ошириш ҳақида"ги 12-сонли буйруғига асосан тизимнинг иқтисодий ва молиявий бўғинини такомиллаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бош ҳисобчилари ва бош иқтисодчилари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги "Бюджет ташкилотлари молия ҳисоб ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази"да касбий маҳоратларини ошириб қайтдилар. Тингловчиларга Молия вазирлиги Ижтимоий соҳаларни молиялаштириш Бош бошқармаси бошлиғи Ш. Шораҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилик бошлиғи ўринбосари Ф. Нурмуҳамедов, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Назорат-тафтиш Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Р. Аҳмедов, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг иқтисодиёт ва маблағ билан тайинлаш Бош бошқармаси бошлиғи Б. Ҳошимов, Бухгалтерия ҳисоботи бўлими бошлиғи С. Махмудходжаевлар умумий мавзу, яъни давлат молия тизими ва бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби бўйича амалий машғулотлар олиб бордилар. Тажрибали мутахассислар томонидан олиб борилган ўқув-семинари тингловчиларни янгича тизим билан ишлаш ҳамда тажрибалари бойишида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар олган билимларини фаолиятларида татбиқ этишларида асосий омил бўлиб хизмат қилади.
– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган махсус қисқа муддатли ўқув-семинар давомида тингловчиларга муҳим, яъни янги бюджет таснифи, бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби ва у тўғрисидаги буйруқномада киритилган асосий ўзгаришлар, амалдаги ҳисоб юритиш тартибининг фарқли жиҳатлари ҳамда ташкил қилиш, асосий воситалар ва бошқа узоқ муддатли номолиявий активлар, товар-моддий захиралар ҳисоби, дебиторлар ва кредиторлар ҳисоби, молиявий активлар ва номолиявий активларга қуйилмалар ҳисоби, молиявий натижалар ҳисоби, бюджет ташкилотларида ҳисоботларни тузиш тартиби тўғрисидаги мавзулар бўйича дарс машғулотлари олиб борилди. Шу жараёнда иштирокчилар фаолиятларида муаммо бўлиб турган айрим масалаларга ойдинлик киритиш имкониятига эга бўлдилар. Улар мазкур ўқув-семинардан олган билимларини татбиқ этган ҳолда маблағларни тўғри йўналтириб ва улардан оқилона фойдаланишда ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонч билдириб қоламиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси бошлиғи Саидолим Махмудходжаев.
Ушбу йўналиш бўйича тизимда йилнинг охиригача 947 нафар мутахассис ўқитилиши режалаштирилган.