ЁШЛАР ТАРБИЯСИ ВА МАЪНАВИЯТИ УЧУН БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ
Давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказишга кўмаклашишдан иборат экан, бу борада юртимизда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларнинг билим олиши ва касб танлаш борасидаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, спорт иншоотлари замон талаблари даражасида бунёд этилиб, етарли шарт-шароитлар билан тўлиқ таъминланмоқда. Фахр билан айтиш жоизки, кўплаб ёшларимиз ўзларининг интеллектуал салоҳияти билан халқаро олимпиадалар, спорт мусобақалари, қолаверса, барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришиб, юртимиз байроғини, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётганлиги барчамизни дилдан қувонтиради. Лекин, ютуқларимиз билан бир қаторда айрим ёшлар ўртасида зарарли одатларга ружу қўйиш ҳолатлари учраб турганлигини инкор қилиб бўлмайди. Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, оила, мактаб ва таълим муассасаларида соғ-лом муҳитни шакллантириш масалаларига бугун барчамиз жиддий ёндашмоғимиз лозим. Юқоридаги фикрларимизни таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Ҳафиза Каримова билан суҳбатда бўлдик.
– Ҳафиза Қўлдошевна, ёшлар орасида ичкиликбозлик, тамакига ружу қўйиш каби салбий ҳолатларнинг юзага келишида аввало, оила ва қолаверса, ота-оналарнинг роли қандай деб ўйлайсиз?
– Айтиш муҳимки, соғлом фарзандларимиз тарбиясига зид бўлган иллатлар, асосан, оиладаги носоғлом муҳит ҳамда унинг тенгдошлари билан салбий муносабатдаги ҳолатлар, яъни ичкиликбозлик ва тамакига ружу қўйган уларнинг бу йўлга киришига сабаб бўлади. Ёшларни бундай зарарли одатлардан сақлашда ота-оналар асосий ўрин тутиб, фарзандлари кун бўйи нималар билан машғул бўлганлигини эътибордан четда қолдирмаслиги лозим. У билан жиддий, самимий гаплашиш, ваъда берган бўлса, албатта уни бажаришга ҳаракат қилиш, агар бажара олмаса сабабини болага ётиғи билан тушунтириб, унинг ишончига эришиш бола тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир. Акс ҳолда, боланинг ота-онага нисбатан ишончи йўқолиб, унда масъулиятга нисбатан сусткашлик ривожлана бошлайди. Натижада болада ўз-ўзидан, кейинчалик турли зарарли одатларга ўрганиш ҳамда буни улардан сир сақлаш ҳолатлари юзага келади. Баъзи ота-оналар фарзандининг ичкилик ва тамакига ўрганиб қолганлигини узоқ вақтгача билмайдилар. Шу боис, боласининг кўнглида кечаётган ҳар бир ҳодисадан ота-она биринчи навбатда хабар топиши, унга тўғри йўл кўрсатиши лозим, деб ҳисоблайман.
– Хорижий телеканаллар орқали намойиш этилаётган ғарбона ҳаёт тарзини тар-ғиб этувчи фильм, клип ва шоу-дастурлар, компьютер ўйинлари таъсири ҳам ичкиликбозлик ва кашандалик каби салбий хусусиятларнинг авж олишига хизмат қилиши мумкинми?
– Албатта, таъсир қилади. Халқимизда фарзанд тарбиясидаги нозик жиҳатларга, айниқса, уни меҳнаткаш, меҳ--р-оқибатли, иродали ва мард инсонлар бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилади. Лекин афсуски, улар орасида енгил-елпи ҳаёт кечиришга мойил, эътиқоди суст, иродасиз болалар ҳам учраб туради. Бу тоифадаги инсонларни ғарбона ҳаёт тарзига қизиқмайди, турли шоу дастурлар, ажнабий руҳдаги кечалар улар тақдирини ўзгартирмайди, дея олмаймиз. Ҳозирда компьютер, интернет клублари, телевидение каби воситалардаги енгил-елпи, мазмунан саёз ва турли зарарли одатларни тарғиб этувчи фильмлар, ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилувчи воситалар кўпайгани ҳеч биримизга сир эмас. Булар ўз навбатида кашандалик, ичкиликбозликнинг авж олиши, тарбиянинг бузилишига олиб келади.
Зўравонлик, шафқатсизлик акс этган компьютер ўйинларини ўйнаш айрим ёшларнинг таълим-тарбияси, турмуш тарзи ва маданиятига таъсир этади. Олимларнинг тадқиқотича, жангари компьютер ўйинлари айниқса, болаларда қизиққон ва муросасиз бўлиб қолиш, атрофдагиларга нисбатан бефарқ, шафқатсиз муносабатда бўлиш, ўз ҳиссиётларини устун қўйиш каби салбий ҳолатларнинг шаклланишига олиб келади. Натижада иродасизлик, енгил табиатлилик каби хусусиятлар болани алкоголь ва тамакига берилиш орқали жиноят кўчасига етаклаб боради.
Сизга ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб бермоқчиман. Ёшларнинг интернет клубларида нималар билан шуғулланишини яқиндан билиш мақсадида пойтахтдаги интернет клубларидан бирига кирдим. У ерда бир четдан туриб, ўсмир ёшдаги болаларнинг ҳатти-ҳаракатлари ва компьютерда қандай машғулот билан бандлигига эътибор қаратдим. Гуруҳларга бўлиниб, турли жангари ўйинлар ўйнаётган болаларнинг бир-бирларига айтаётган ҳақоратли сўзларини эшитиб, ҳайрон қолдим. Бу каби ҳодисалар уларнинг вақтини бекор ўтказиб, фойдасиз ишлар билан бандлигига олиб келиши табиий ҳол. Шу боис, ота-оналар ўз фарзандига компьютер ўйинларига рухсат беришдан аввал унинг саломатлиги, ахлоқига кўпроқ эътибор беришлари лозим, деб биламан.
– Юқорида таъкидланганидек, интернет ва тунги клубларга 18 ёшга тўлмаганларни ёлғиз (ота-онасиз ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларсиз) киритмаслик масаласида сиз қандай фикрдасиз?
– Конституциямизнинг 64-моддаси ва Оила кодексининг 65-моддасига биноан, ота-оналар зиммасига ўз фарзандларини тарбиялаш, ривожлантириш, уларнинг соғлиги, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбуриятини юклайди. Юқорида айтиб ўтилган ҳолатларнинг содир бўлаётгани эса ўз-ўзидан эҳтиёткорликни янада ошириш, масалага янада чуқурроқ ва жиддий ёндашув зарурлигини кўрсатади. Шунинг учун компьютер клублари фаолияти, телевидениедаги ҳар хил, миллий менталитетимизга ёт телесериалларни маълум маънода чеклаш билан бирга 18 ёшга тўлмаганларни ёлғиз кўнгилочар масканларга киритмаслик мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Шу маънода, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1882 -моддасида "Вояга етмаган шахсларнинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади" деб белгиланган. Дарҳақиқат, ёшларнинг тунги вақтини клубларда эмас, оила аъзолари, яқинлари даврасида ўтишини таъминлаш, бу борада оилада ота-она, маҳалла, ёшлар ва жамоат ташкилотлари масъуллигини янада кучайтириш, келажак авлодни одобли, билимдон, оқил, маънавиятли, етук ва баркамол инсон қилиб тарбиялаш бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидан эканлигини унутмаслигимиз лозим.
– Оммавий ахборот воситаларида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари рекламасини таъқиқлаш (чеклаш) тўғрисидаги қонун, умуман "Реклама тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгаришлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Жамият тараққий этиши билан унда амал қилаётган қонунлар юзага келаётган янги муносабатлар таъсирида янгиланиб, такомиллашиб бораверади. Қонуннинг мукаммаллиги унинг қай даражада ижро этилаётгани, жамият манфаатларига хизмат қилаётгани билан белгиланади. 1998 йилда қабул қилинган "Реклама тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Реклама муносабатларини тартибга солувчи ушбу қонун рекламани тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Мазкур қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алькоголли ичимликлар рекламасини бутунлай тақиқлаш, ноқонуний носоғлом рақобатдан тадбиркорларни муҳофазалаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари томонидан ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси, соғлиги, тафаккури, билим олиши ҳамда маънавиятига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш, ўз соғлиғига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга мактабгача таълим муассасаларидан тортиб олий ўқув юртларигача бўлган масканларда чуқур сингдирилиб, аҳлоқсизлик, четдан кириб келаётган "оммавий маданият" ниқоби остидаги таҳдид ва хатарларнинг асл моҳиятини теран англаб етиши учун барча механизмлар ишга солинмоқда. Юқорида келтирилган қонун ўзгаришлари ҳам ана шу мақсадларни амалга оширишга, ёшларнинг зарарли одатлардан сақланишларини таъминлашга хизмат қилади.
– Баъзида таълим муассасалари, айниқса, мактаб ва коллежлар яқинида алькогол ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳолатларига дуч келамиз. Қонунчиликда бу масалага қандай ўрганиб чиқилмоқда?
– Мактаб – бу таълим-тарбия ўчоғи. У ерда тарбияланаётганлар фақат намунали, фойдали, ҳаётий, ижобий воқеа ҳодисалардан тегишли хулосалар чиқаришга мойил ёшлардир. Мазкур муассасалар яқинида алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиш, уни истеъмол қилган инсонларнинг ноўрин ҳатти-ҳаракатлари тарбияга салбий таъсир этмай қолмайди. Психологларнинг аниқлашича, оналарнинг бола тарбиясига етарли даражада эътибор бермаслиги сабабли уларда жаҳлдорлик ва тажовузкорлик хусусиятлари юзага келар экан. Айниқса, ўсмир ёшдагиларнинг организмида юз бераётган гармонал ўзгаришлар унинг кайфияти ва ҳиссиётларига таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу даврда болани эшита билиш, унга ишониш, у билан тўла қонли, самимий мулоқотда бўлиш, меҳр-эътибор кўрсата билиш ҳамда мунтазам назорат қилиш талаб этилади. Алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиш билан боғлиқ масалалар қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги ПҚ-605-сонли Қарорига кўра, алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилувчи савдо шаҳобчалари ўқув, мактабгача ва диний муассасалардан камида 500 метр масофада жойлашганҳудудда савдо қилишлари белгилаб қўйилган. Аммо бу ҳолатларга айрим тадбиркорларимиз томонидан кўп хатоликларга йўл қўйилмоқда. Шу маънода мазкур ҳолатларга чек қўйиш нафақат қонунлар, балки жамиятдаги ҳар бир шахснинг масъуллиги орқали амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
– Алкоголь ва тамаки маҳсулотларига ружу қўйиш ва унга ўрганиб қолиш ёшларни турли жиноят кўчаси томон бошлаши табиий. Бу каби иллатларнинг кенг қанот ёймаслиги учун ёшлар онггига қандай ғояларни сингдириш лозим.
– Глобаллашув жараёнининг "оммавий маданият" ниқоби остида кириб келиши ёшлар ўртасида ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, ёт ғоялар ҳисобига бойлик орттириш сингари хатарли ғояларни вужудга келтирар экан, бу барчамиз учун ачинарли ҳолдир. Чунки, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига бўлган катта хавф – бу алкогол ва тамаки маҳсулотларини сингдиришдир. Бунинг оқибатида ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик ҳолатлари содир этилаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Атрофимизда содир бўлаётган ҳодисаларга хотиржамлик ва лоқайдлик билан эмас, балки ҳушёрлик билан қараш зарур. Юртбошимиз таъкидлаганларидек: "Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча – қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади".
Мазкур фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда, ёшлар тарбиясига барчамиз масъулликни ҳис қилиб, жамиятимизга хос бўлмаган иллатларга қарши биргаликда курашишимиз лозим. Зеро, баркамол авлод ва юксак ахлоқли ватанпарвар ёшлар бугунимиз ва эртамизнинг ҳақиқий давомчиларидир.