ҲАМКОРЛИКДАГИ САМАРАЛИ ФАОЛИЯТЛАР
Жорий йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йил иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлисидаги маърузаларидан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳининг 2010 йилдаги фаолияти якунлари ва 2011 йилга белгиланган устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидландики, депутатлар гуруҳининг фаолиятида экологик муаммоларни ҳал этишни соҳадаги қонунчилик тизимини мунтазам янгилаб бориш жараёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда амалга ошириш, қабул қилинган қонунлар ижроси устидан парламент назоратини ўрнатиш, парламентнинг мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар ташаббускорига айланишига эришиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳисобот даврида Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоларининг иштирокида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 2 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. "Экологик назорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди. Анжуманда журналистлар Экоҳаракат депутатлари гуруҳининг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ҳақида ҳам батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўлдилар.
– Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан 2010 йил давомида Ўзбекистон Республикаси қонунларининг жойлардаги ижроси ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича 2 та назорат-таҳлил тадбири, 2 та парламент эшитуви, 3 та халқаро анжуман ташкил этилди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган "Ўрта Осиёнинг трансчегаравий экологик муаммолари: уларни ҳал этишда халқаро ҳуқуқ механизмларини қўллаш" мавзусидаги халқаро конференцияда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари ҳам фаол иштирок этдилар, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи раҳбари Борий Алихонов.