UZ RU
03.02.2011

ҚОНУН ИСЛОҲОТЛАРИ — ТАРАҚҚИЁТНИНГ БОШ ОМИЛИ

Мамлакатимиз ривожининг 20 йиллик тарихига назар соладиган бўлсак, барча йилларда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасига юксак эътибор берилганлигига гувоҳ бўламиз. Соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида ўндан ортиқ қонунлар, истиқболни белгиловчи Давлат дастурларининг қабул қилиниши, олиб борилган технологик модернизация туфайли мамлакатимизда замонавий алоқа инфратузилмаси барпо этилди.

Шу боисдан, давлат ва жамият бошқарувида, банк, солиқ, тадбиркорлик, бизнес ишларида ахборот алмашинуви замонавий ахборот технологиялари негизида амалга оширилиб, иқтисодий тежамкорлик, тезкорлик ҳамда юқори даражадаги сифатга эришилиб, иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлиги ошмоқда. Маълумки, жамиятни ахборотлаштириш борасида қабул қилинган муҳим қонунлардан бири, электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни белгиловчи ва тартибга солувчи "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Қонун саналади. Ушбу Қонунни ҳаётга татбиқ этиш натижасида республикада электрон рақамли имзони қўллаш миллий инфратузилмаси шаклланди ҳамда тобора ривожланиб бормоқда. Чунончи, электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш марказларини рўйхатдан ўтказиш органи тузилди, электрон рақамли имзо калитларини рўхатга олиш бўйича саккизта марказ рўйхатдан ўтказилган бўлиб, ҳозирда фаолият кўрсатмоқда. Республикадаги электрон рақамли имзо фойдаланувчиларининг умумий сони бугунги кунда 150 мингтадан ортиқни ташкил этади. Шу ўринда айтиш жоизки, ўтган йилда солиқ идораларига 30 минг субъект электрон рақамли имзодан фойдаланиб солиқ ҳисоботларини топширган бўлса, 2011 йилнинг январь ойига келиб, электрон рақамли имзодан фойдаланувчи субъектлар сони 80 мингдан ошган.

Муҳтарам Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида баён этган "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси"дан ўрин олган устувор йўналишлардан бири демократик бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш масаласи бўлиб, давлатимиз раҳбари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун кўпроқ эркинликлар беришни кўзда тутиш, молия ва статистика ҳисоботлари тизимини янада соддалаштириш, жумладан, бундай ҳисоботларни ваколатли давлат органларига электрон шаклда тақдим этиш каби механизмлар ҳисобидан қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлаган эдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Қонуннинг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш бўйича доимий равишда тизимли фаолият юритилмоқда. Мазкур Қонуннинг нормаларини такомиллаштириш бўйича назорат-таҳлил йўналишидаги тадбирлар, муайян мавзулардаги давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказиб борилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот коммуникацион технологиялар қўмитаси 2008 йил 10 апрелда "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги, "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги, "Электрон тижорат тўғрисида"ги Қонунларнинг амал қилиш механизмларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари" мавзуида, Давлат солиқ қўмитасида 2008 йил 23 июнда "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги ва "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг Давлат солиқ қўмитаси тизимидаги ижросига бағишланган кенгайтирилган сайёр йиғилишини ўтказди. Қўмитамиз томонидан мазкур қонунларни такомиллаштириш юзасидан ўтган 2010 йилда бир неча бор мутахассис ҳамда экспертлар иштирокида йиғилишлар бўлиб ўтди.

Қайд этилган йўналишдаги фаолиятлар давомида аниқланишича, республикада электрон рақамли имзо технологияларини кенг қўллаш учун ҳуқуқий шароитлар яратилганлигига қарамай, ҳозирги кунда мазкур соҳа ўзининг етарли ривожига эга эмас. Бунинг асосий сабабларидан бири амалдаги Қонуннинг айрим моддаларида камчиликлар мавжудлиги билан изоҳланмоқда. Шу боис, қўмитамиз амалдаги Қонун нормаларини такомиллаштириш лозимлигини мақсадга мувофиқ деб топди. Қонун нормаларини такомиллаштириш борасида соҳа мутахассислари билан лойиҳа тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Республика Мониторинг институти, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) идораларига юборилиб, ушбу идоралар таклифлари инобатга олиниб, Қонун лойиҳаси такомиллаштирилди.

Жумладан, "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Қонуннинг нормаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати қуйидаги мақсадларда пайдо бўлмоқда:

- Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатларини халқаро ҳуқуқ нормалари ва хорижий давлатларнинг электрон рақамли имзони қўллаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан уйғунлаштириш;

- "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Қонун принципларининг ахборот-коммуникация технологиялари ривожланишининг ҳозирги замон даражасига мувофиқлигини таъминлаш;

- электрон рақамли имзони қўллаш масалаларида қонун ҳужжатларидаги электрон рақамли имзолардан фойдаланишни анча тўхтатиб турган мавжуд камчиликлар ва ҳуқуқий камчиликларни истисно этиш.

Ўзбекистон Республикасининг "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги ва "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳасига асосан "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Қонуннинг 3, 5, 6, 10, 12, 13, 14, 17, 20-моддаларига, "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Қонуннинг 5-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Мазкур Қонун лойиҳаси қуйидаги жиҳатларни кўзда тутади:

1. Электрон рақамли имзо қўлда қўйилган имзо билан бир хил аҳамиятга эга эканлиги, шартларни аниқлаштириш ва конкретлаштириш. Ушбу ўзгартиришлар электрон рақамли имзонинг турли соҳаларда қўлланиши сабабли, хусусан, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот тизимларидаги субъектларни идентификация қилиш, шунингдек, электрон ҳужжатларни имзолаш ва уларга юридик жиҳатдан аҳамиятли мақомни бериш учун зарур.

2. Электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли органнинг вазифалари ва ваколатларини конкретлаштириш ҳамда аниқлаштириш. Ушбу қисмда рўйхатга олиш марказларининг ўз фаолиятларини қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ амалга оширишларини махсус ваколатли орган томонидан назорат қилиш механизмларини юритиш, шунингдек, электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш марказига берилган электрон рақамли имзо очиқ калити сертификатининг бекор қилиниши мумкин бўлган ҳолатларни аниқлаш кўзда тутилмоқда.

3. Электрон рақамли имзодан фойдаланувчилар доирасини уларни юридик шахслар қаторига киритиш йўли орқали кенгайтирувчи нормаларнинг киритилиши, бундай фойдаланувчилар томонидан электрон рақамли имзодан фойдаланиш принциплари ва юридик шахс электрон рақамли имзосининг мақомини белгилашдан иборат. Электрон рақамли имзонинг юридик шахслар томонидан қўлланилиши жаҳон амалиёти ҳисобланиб, амалий нуқтаи назардан юридик шахс ҳужжатларини нафақат ушбу юридик субъект мансабдор шахсининг электрон рақамли имзоси билан, балки бевосита юридик шахсга тегишли бўлган ва ушбу ҳолда "корхонанинг электрон муҳри" ўрнидаги электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш имконини беради.

Қонунга киритиладиган ушбу ўзгартишлар шартномаларни электрон шаклда тузиш учун ҳуқуқий шароитларни яратиш, юридик шахслар ўртасидаги электрон ҳужжат айланишини оптималлаштириш, юридик шахслар билан ўзаро муносабатлардаги қаллоблик қилиш имкониятларини истисно этиш имконини беради. Шунингдек, юридик шахснинг электрон рақамли имзоси тушунчасининг киритилиши амалдаги қонун ҳужжатларининг мукаммал эмаслиги сабаблари билан киритилган электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш марказининг ваколатли шахси тушунчасини истисно этиш имкониятини беради.

4. Электрон рақамли имзоларни олиш ва хизмат кўрсатиш тартибларининг жаҳон амалиётига мувофиқ электрон рақамли имзо очиқ калитининг қоғоз элтувчидаги сертификатини бериш заруратининг истисно этилиши ҳисобига соддалаштирилиши. Ҳужжатларни учта электрон рақамли имзолар – раҳбарнинг имзоси, бош бухгалтернинг имзоси ҳамда Давлат солиқ қўмитаси идораларига юридик шахслар томонидан электрон ҳисоботни тақдим этишда корхонанинг имзоси билан тасдиқлаш имкониятига эга бўлиш орқали ҳозирги вақтда мансабдор шахслар имзолари ва ташкилот муҳрининг изи мавжуд бўлган ҳолда расмийлаштириш талаб этиладиган қоғоз кўринишидаги худди ўша ҳужжатларни ҳам тақдим этиш зарурати йўқолади.

"Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Қонунга киритилаётган ўзгартишлар электрон ҳужжат айланиши соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни белгиловчи ва тартибга солувчи "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Қонуннинг баъзи нормаларига тегишлидир. Электрон рақамли имзо электрон ҳужжатларнинг мажбурий реквизитлари таркибига кирганлиги сабабли, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар ҳуқуқни қўллаш амалиётини анча кенгайтиради, қонуности ҳужжатлари, фаолиятнинг турли соҳаларида электрон рақамли имзо ҳамда электрон ҳужжат айланишидан фойдаланиш амалий технологияларини такомиллаштириш учун ҳуқуқий шарт-шароитларни яратади. Амалдаги Қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг қабул қилиниши электрон рақамли имзони қўллаш соҳасидаги миллий Қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш, соҳадаги қонун ҳужжатларини ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг ҳозирги замон ҳолатига мувофиқ, шунингдек, жаҳон амалиётининг ҳуқуқий нормалари билан уйғунлаштириш имконини беради.

Фахриддин СОЛИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати.