ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛИ ВА ИСТИҚБОЛЛИ РЕЖАЛАР
Жорий йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икрамов кириш сўзи билан очиб, давлатимиз раҳбарининг 2010 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси бўйича тўхталиб, ўз фикрларини билдирди:
– Аввало, Юртбошимизнинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, соҳа мутахассислари меҳнатини қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратаётган эътибор ва ғамхўрликларини фахр билан тилга олишимиз жоиздир. Таъкидлаш муҳимки, Президентимиз томонидан соҳага оид чиқарилаётган фармон ва қарорлар замирида инсон саломатлиги ётар экан, бу албатта тиббиёт ходимлари меҳнатига бўлган юксак ишончдир. Ана шундай ишончни оқлаш ҳар бир мутахассис олдига катта масъулият юклаган ҳолда, уларни касбга меҳр ва қасамёдларига садоқат билан ишлашга ундаётганлиги бежиз эмас. Бугунги кунда республикамиз миқёсида 72 минг нафар шифокор, 228 минг нафар ҳамшира фаолият юритиб, халқимизга тиббий хизмат кўрсатиб келишмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида қад кўтарган замонавий қишлоқ врачлик пунктлари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий ҳамда она ва бола скрининг марказлари ва уларнинг вилоят филиаллари, ихтисослаштирилган ҳамда илмий-амалий тиббиёт марказлари ва яна бир қанча тиббиёт муассасаларининг давр талаби даражасида фаолият олиб бораётганлигини Юртбошимиз мустақиллигимизнинг 19 йиллиги, 2010 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисида, Конституциямиз қабул қилинганлигининг 18 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросим ҳамда 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаларида таъкидлаб, тизимда амалга оширилаётган самарали ишларга алоҳида эътибор қаратганликларига ҳар биримиз гувоҳ бўлдик.
Жумладан, куни-кеча бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида давлатимиз раҳбари сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган ва республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларини ўз ичига олган тиббиёт муассасалари тармоғи шаклланганлиги, шунингдек, барча вилоятлар марказларида катталар ва болалар учун кўп тармоқли тиббиёт марказлари, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктларининг иш олиб бораётганлигини ва ушбу қишлоқ врачлик пунктларининг сони 2000 йилга нисбатан 2 баробар кўпайиб, яъни 3 минг 200 тадан ошганлигини эътироф этдилар. Бундан ташқари, мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича юксак самарали замонавий тиббиёт муассасаларининг мустаҳкам тизими яратилганлиги ҳамда барча вилоят ва Тошкент шаҳрида она ва бола скрининг марказлари ташкил этилганлигини ҳамда уларнинг фаолиятини таъминлаш учун 2010 йилнинг ўзида 4 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтирилганлигини айтиб, 2010 йилда 116 минг нафардан зиёд бўлажак она скрининг марказларида тиббий кўрикдан ўтказилганлигини, шу билан бирга, перинатал марказлар тармоғи ҳам жадал ривожланаётганлигини ва ўтган ўн йил давомида юртимизда 11 та перинатал марказ ташкил этилганлигига алоҳида урғу бериб ўтдилар. Мазкур марказларда 2010 йилда 158 минг нафардан ортиқ, яъни 2000 йилга нисбатан 10 баробар кўп она ва бола тиббий кўрикдан ўтказилганлиги ва бунинг натижасида кейинги ўн йилда мамлакатимизда оналар ўлими коэффиценти 33,1 промилледан 19,7 промиллега, болалар ўлими коэффиценти эса 18,9 промилледан 10,1 промиллега тушганлигини, туғма ҳамда ирсий касалликлар билан туғиладиган болалар сони қарийб икки баробар камайганлигини, бундан ташқари, аҳолининг юқумли касалликлар, жумладан, сил, гепатит каби оғир турдаги ва бошқа хасталикларга чалинишининг умумий даражаси анча пасайганлигини таъкидлаб, бундай натижаларга эришишда шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг меҳнати борлигини ҳамда моддий рағбатлантириш масалаларига алоҳида тўхталдилар. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш учун ҳисобот даврида жами 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилганлигини ва бунинг 1 триллион 700 миллиард сўми бюджет маблағлари эканлигини айтиб ўтдилар. Шундай экан, бундай муваффақиятларга эришиш давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлар натижасида юзага келаётганлигини жуда яхши биламиз. Давлатимиз раҳбарининг мазкур мажлисда тиббиёт ходимлари меҳнатини эътироф этганликларининг ўзи тиббиёт ходимларини янада кўтаринки кайфиятда, бор билим ва илмий салоҳиятларини ишга солган ҳолда ишлашга ундайди. Демак, ҳар биримиз юқоридаги фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда тиббиётимиз равнақини ривожлантиришда янгилик ва ўзгаришлар сари дадил қадам ташламоғимиз зарур, деб биламан.
Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икрамовнинг фикрларидан сўнг ҳайъат иштирокчиларига давлатимиз раҳбарининг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан видеолавҳалар намойиш этилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Мамазоир Хўжамбердиев Юртбошимизнинг мазкур мажлисдаги маърузалари хусусида тўхталиб, ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда тиббиёт тизимидаги ишлар амалда ўз ифодасини топаётганлигини ва унинг натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифат даражасининг ошиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб, бунда шифокору ҳамшираларнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан қадрланиб келаётганлигини фахр билан гапириб ўтди. Шунингдек, давлатимиз томонидан тизим фаолиятини янада яхшилаш мақсадида ажратилаётган маблағлардан оқилона фойдаланган ҳолда тиббиёт муассасаларининг замон талаблари даражасида қад кўтараётганлиги, янги технологиялар билан жиҳозланаётганлиги ҳамда малакали кадрлар билан таъминланаётганлиги боис, аҳолининг тиббиётга бўлган ишончи ва ўз саломатликларига эътиборлари кучайиб бораётганлигини, айниқса, давлат сиёсатининг асосий устувор вазифаларидан бўлган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлиги ошиб бориши туфайли соғлом онадан соғлом фарзанднинг дунёга келиши, касалликларни олди олиш борасида юзага келаётган муваффақиятларга тўхталди. Шунингдек, тизимдаги амалий фаолиятларни давом эттириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишда тиббиёт ходимлари астойдил хизмат қилишларига ишонч билдирди.
Ҳайъат йиғилишининг кун тартибидан ўрин олган биринчи масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Анвар Алимов Республика Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Фармон ва Қарорлари талабларининг ижроси ҳамда 2010 йил "Баркамол авлод йили" Давлат дастури юзасидан амалга оширилган ишлар, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва келгусидаги режалар хусусида ўз фикрларини билдириб, жумладан, йил давомида Давлат дастури доирасида юртимизда соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш учун зарур имкониятлар ва шарт-шароитларни яратиш бўйича чора-тадбирлар кўрилиб, уларни молиялаштириш учун ажратилган маблағлардан оқилона фойдаланганлиги 2010 йилда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва тизимда сифат ўзгаришини амалга оширишни таъминлаш борасидаги ишлар ҳамда ҳозирги кунда мамлакатимизда сифат жиҳатидан янги, энг юксак даражага жавоб берадиган ва республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларини ўз ичига олган тиббиёт муассасалари тармоғи шаклланганлигини қайд этиб ўтди. Сўнгги йилларда юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича юксак самарали замонавий тиббиёт муассасаларининг мустаҳкам тизими яратилгани соҳада муҳим қадам бўлганлигини, барча вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида скрининг марказлари ташкил этилиб, улар фаолиятини таъминлаш учун 2010 йилнинг ўзида 4 миллион доллардан ортиқ маблағ сарф бўлганлигини, шунингдек, 32 номдаги дори препаратлари ишлаб чиқарилганлиги, бу 2009 йилга қараганда 23 фоизга кўпайганлиги, стационар тиббиёт муассасаларида қўшимча равишда 1630 та ёки 2009 йилга нисбатан 2,5 марта кўп даволаниш ўринлари топширилганлигини баён этди. Жорий йилнинг "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" деб эълон қилиниши муносабати билан 2011 йилда белгиланган мақсадларга эришиш бўйича дастурий чора-тадбирларни, шу жумладан, хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти эркинликларини ишончли муҳофаза қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун энг қулай бизнес муҳитини яратиш шу асосда аҳоли бандлиги ҳамда фаровонлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратди.
Иккинчи масала бўйича вазирликнинг даволаш-профилактика ёрдами Бош бошқармаси бошлиғи Дониёр Миразимов "Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Қонун лойиҳаси бўйича маъруза қилиб, мазкур қонун ўз вақтида ишлаб чиқилган муҳим меъёрий ҳужжат эканлигига алоҳида урғу бериб, аҳоли ўртасида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши, истеъмол қилинишини чеклаш ҳамда уни соғлиқ учун зарари катта эканлигини ва бу борада тарғибот ишлари олиб борилиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, бу иллат ёшлар орасида кенг тарқалаётганлиги жиддий муаммо сифатида барчамизни ташвишга солмоқда. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг ишчи гуруҳи томонидан мазкур қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритиш масалалари инсонлар соғлигига бўлган асосий эътиборлардан бири эканлигини гапириб ўтди.
Учинчи масала бўйича Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Асомидин Камилов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 13 апрелдаги ПҚ-1096-сонли "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ва 1 июлдаги ПҚ-1144-сонли "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида"ги Қарорлари тизимда изчиллик билан олиб борилаётганлиги, яъни йил давомида ўтказилаётган соғломлаштириш ҳафталиги, фертил ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, соғлом оилани шакллантириш ҳамда контрацептив воситаларидан мақсадли фойдаланиш масалалари самарали олиб борилаётганлиги ва ижобий натижаларга эришилаётганлиги, шунингдек, айрим камчилик ҳамда муаммоларга жиддий эътибор қаратиш хусусида атрофлича тўхталди.
Шунингдек, вазирликнинг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Дилором Аҳмедова "Фертил ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш ҳафталиги" чора-тадбирларини такомиллаштириш ва ушбу ҳафталикларни 2011 йилда ҳам мунтазам тарзда ўтказиб бориш, Иқтисодиёт ва маблағ билан тайинлаш Бош бошқармаси бошлиғи Б. Ҳошимов, Соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш профилактика муассасаларига 2011 йилда Республика ва маҳаллий бюджетлардан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, Давлат санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси бошлиғи Лазиз Тўйчиев 2010 йилда юқумли касалликларга қарши амалга оширилган эмлаш тадбирларининг ҳолати ва жорий йилдаги вазифалари, Республика йирингли хирургия ва қандли диабет хирургик асоратлари маркази директори Бахтиёр Бобожонов республикада йирингли хирургия хизматининг ҳолати ва ушбу хизматни янада яхшилаш чора-тадбирлари, Комплекс фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Эргашев республикадаги даволаш-профилактика муассасаларида қишга тайёргарлик, олиб борилаётган капитал таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари ҳамда тиббиёт масканларида электр энергиясидан самарали фойдаланиш тўғрисида ўз фикрларини билдириб ўтдилар.
Йиғилишнинг кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича жойларда ишларни тўғри ташкил этишга доир муаммоларни изчил ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва бажариш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.