UZ RU
16.02.2011

ТИЗИМДАГИ АМАЛИЙ НАТИЖАЛАР ВА КЕЛГУСИДАГИ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАР

Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ ҳар бир соҳада тубдан ўзгаришлар бошланди. Шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муайян ишлар амалга оширилиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда босқичма-босқич ислоҳотлар жараёнидаги фаолиятлар тезкорлик билан олиб борилди. Бунинг натижасида халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошиб, замонавий типдаги тиббиёт муассасалари барпо этилиб, янги технологиялар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланди.

Айтиш муҳимки, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, Президентимиз ва ҳукуматимизнинг диққат-эътиборидаги асосий масалалардан биридир. Бу албатта, соғлом она – соғлом бола ва соғлом оилани шакллантиришга қаратилган муҳим йўналишлардан бири бўлиб, бу борада тиббий хизмат сифатининг яхшиланиши халқимизнинг ҳаёт даражаси кўтарилишига олиб келди.

Юртимиз фуқаролари соғлигини муҳофаза қилиш, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, инсон саломатлигига хавф соладиган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва уни бартараф этиш, юқумли ҳамда вирусли инфекцияларга қарши кураш борасида Юртбошимиз раҳнамолигида кенг кўламли ва чуқур ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, тизимнинг пойдеворини мустаҳкамлаш, яъни аҳолининг ҳаёт ва соғлигига бевосита дахлдор бўлган барча муносабатларни тартибга солувчи муҳим қонунлар қабул қилиш бўйича самарали ишлар бажарилмоқда. Жумладан, истиқлол йилларида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир 13 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва бир қанча Қарорлари қабул қилинди.

Тизимдаги айрим, яъни "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида", "Давлат санитария назорати тўғрисида", "ОИТС касаллиги профилактикаси тўғрисида", "Дори воситалари ва фармацевтика тўғрисида", "Алкоголизм, наркомания ёки токсикоманияга чалинган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида"ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бундан ташқари, "Одам иммунтанқислиги вируси орқали юзага келувчи касаллик профилактикаси тўғрисида", "Гиёҳванд воситалар ва психотроп моддалар тўғрисида", "Фуқароларга психиатрия ёрдами кўрсатиш тўғрисида", "Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида", "Қон ва унинг компонентлари донорлиги тўғрисида", "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида", "Бола хуқуқлари кафолатлари тўғрисида", "Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари кучга кирганлиги ҳам соҳадаги ҳуқуқий асослар шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Яна шуни таъкидлаб ўтиш муҳимки, бугунги кунда "Соғлом она – соғлом бола" мақсадли вазифаларнинг давоми сифатида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1096-сонли ва ПҚ-1144-сонли ҳамда 2010 йил 22 июлдаги Вазирлар Маҳкамасининг 156-сонли "Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорлари оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимининг асосий йўналишларини белгилаб берди десак, муболаға бўлмайди.

Бу борада оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишларига жиддий эътибор қаратилган ҳолда ижобий натижаларга эришилмоқда. Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббий маркази Япониянинг Халқаро ташкилоти (JICA) томонидан замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бундан ташқари, Республика перинатал маркази ва унинг 11 та вилоятдаги филиалларида 158 минг нафардан зиёд, яъни 2000 йилга нисбатан 10 баробар кўпроқ оналар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари "Соғлиқни сақлаш муассасаларининг босқичма-босқич қурилиш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ва жиҳозлаш бўйича 2010-2014 йилларга мўлжалланган Дастури"га киритилган. Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда скрининг марказлари ташкил этилди ва уларнинг фаолиятини таъминлаш учун 2010 йилнинг ўзида 4,0 млн. доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди. 2010 йилда 116 минг нафардан зиёд бўлажак она скрининг марказларида тиббий кўрикдан ўтказилди.

Дастур асосида олиб борилаётган ишлар натижасида Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботларига кўра, туғма нуқсон билан туғилган болаларнинг интенсив кўрсаткичи 2000 йилга нисбатан 14 фоизга камайди. Шу билан бирга, ўтган йилда 2009 йилга нисбатан 2000 дан зиёд ногирон болалар ҳомиладорлик вақтида аниқланиб, тўхтатилди. Аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида 1,2 мингдан ортиқ профессор-ўқитувчи ва юқори малакали мутахассислар томонидан 9,0 мингдан зиёд чиқишлар қилиниб, жойларда амалий ва услубий ёрдамлар кўрсатилди ҳамда ўтган давр мобайнида 8,0 млн. нафар фертил ёшидаги аёллар ва 14 ёшгача бўлган болаларнинг 8,5 млн. нафари тиббий кўрикдан ўтказилди.

Юқоридаги Қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида қарийб икки йилдирки, "Фертил ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш ҳафталиги" мунтазам олиб борилди. Жумладан, ҳудудларда 12 маротаба мазкур ҳафталиклар ўтказилиб, 2700 дан ортиқ қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникаларда 490 мингдан ортиқ аёллар, ўсмир қизлар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, улар орасида соғломлаштириш ишлари амалга оширилди. Бунинг баробарида, умумий контрацептив воситалар билан қамраб олиш ишлари ҳам йўлга қўйилиб, бу борада ижобий натижаларга эришилмоқда.

Жорий йилнинг 5 февраль куни ўтказилган аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом оила ва баркамол авлодни шакллантириш борасидаги Давлат дастурлари ижросини такомиллаштириш мақсадида "Фертил ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш ҳафталик"лари самарадорлигини оширишга бағишланган республика амалий конференцияси ўзига хос тарзда ўтказилиб, унда асосий долзарб мавзулар бўйича малакали мутахассислар томонидан маърузалар қилиниб, мазкур ҳафталик доирасидаги фаолиятлар ўз самарасини берганлиги таъкидлаб ўтилди. Эндиликда ушбу ҳафталикни узвий тарзда давом эттиришнинг янгича босқичлари ишлаб чиқилиб, шу йўналишда фаолият олиб бориш режалаштирилди. Айни кунда мутахассисларимиз ҳафталик доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида бўлиб, семинарлар олиб боришмоқда.

Маълумки, 2000 йил 6-8 сентябрь кунлари Ўзбекистон "Мингйиллик Декларацияси"ни имзолаган мамлакат сифатида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича, яъни соғлиқни сақлаш тизимида мақсад қилиб олинган "Болалар ўлимини камайтириш", "Оналар саломатлигини яхшилаш" ҳамда "ОИВ/ОИТС, сил касаллиги ва безгакка қарши кураш" каби долзарб вазифалар бўйича фаолиятлар юритиб келмоқда.

Шунингдек, тизимдаги ишлар кўламини изчиллик билан олиб бориш ва кенгайтириш учун тизимдаги асосий йўналишлар, яъни репродуктив саломатлик, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан яхшилаш, тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, ОИТС/ОИВ профиликтикаси, фтизиатрия хизматини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилиб, муайян ишлар амалга оширилди ва бу фаолиятлар янада узвий давом этади. ОИТСга қарши кураш тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича 2010 йилда 10 та вилоят ОИТС марказларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Тошкент шаҳри, Фарғона ва Сирдарё вилоятлари ОИТСга қарши кураш марказларини жойлаштириш учун янги бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Республика ва вилоятлар ОИТСга қарши кураш марказларига замонавий диагностика ва даволаш аппаратуралари ўрнатилмоқда. Глобал жамғарма лойиҳаси ҳисобидан шифохоналарда тиббий муолажалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир маротаба ишлатиладиган жиҳозлар харид қилинди. Бундан ташқари, республикада ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш мақсадида Глобал жамғарманинг 2 та лойиҳаси ютиб олинди. 2010 йилда 1,5 млн. нафардан ортиқ фуқаро текширилиб, ОИВ билан касалланиш кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 фоизга камайди.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги фтизиатрия хизматини такомиллаштириш бўйича Миллий Дастур лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Сил касалликлари муассасаларини реконструкция, мукаммал ва жорий таъмирлаш, жумладан, Фтизиатрия ва пульмонология марказида капитал реконструкция ишларини олиб бориш, муассасаларни асбоб-ускуналар билан таъминлаш, асосий иш ҳақига устамалар белгилаш, сил касаллиги профилактикаси ва даволаш ишларини янада жадаллаштириш ҳамда амалга ошириш масалалари кўзда тутилган.

Хулоса сифатида айтиш муҳимки, инсон саломатлиги ва унинг манфаатлари давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири экан, бу борада тиббиёт ходимлари, қолаверса, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда фаолият олиб борилсагина, аҳоли соғлигини сақлашдек эзгу мақсадларимиз амалга ошиб, яъни соғлом она – соғлом бола ва соғлом оилани шакллантиришда барчамизнинг муносиб ҳиссамиз қўшилишига шубҳа йўқ.

Ибодат СОАТОВА.