ТИББИЁТЧИЛАРИМИЗ ЮТУҒИ ЖАҲОН ОЛИМЛАРИ НИГОҲИДА
Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар масаласига бўлган эътибор кучайтирилиб, уларнинг касбий маҳорати ва илмий салоҳият йўлидаги фаолиятларини янада чуқурлаштириш мақсадида кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилиб, ёш олимларнинг изланиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўзининг амалий ифодасини бераётганлиги барчамизни қувонтиради. Бу албатта, Президентимизнинг соғлиқни сақлашга бўлган эътибори ва давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар нафақат Ўзбекистон тиббиёти равнақига, балки бу соҳада эришилаётган ютуқларни жаҳон оммасига кенг намоён этиш, ривожланган давлатлар билан тажриба алмашиш, ҳамкорликда ишлаш каби муҳим йўналишларга пойдевор бўлмоқда. Зеро, Юртимиздаги илмий-текшириш, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида фаолият юритаётган, ёш мутахассисларимиз томонидан олиб борилаётган изланишлар бугунги кунда ўзининг самарали натжаларини бераётганлиги, соҳадаги фан ютуқларининг жаҳон ҳамжамияти нигоҳидан ўрин олаётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.
Шундай экан, давлатимиз ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан онкология соҳасига берилаётган эътибор боис, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси ошиб бормоқда. Бунинг баробарида, дунё миқёсида ўтказилаётган нуфузли анжуманларда Республика онкология илмий маркази ходимларининг иштирок этаётганликлари ҳам бундан мустасно эмас. Мазкур марказда илмий салоҳият йўлида фаолият олиб бораётган ёш олимлар учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, уларнинг хорижий давлатларда тажриба алмашиш, шунингдек, конгресс, съезд, конференцияларда иштирок этишлари учун имконият эшиклари очилган. Бунинг исботи сифатида айтиш жоизки, 2011 йилнинг февраль ойида Франция давлати пойтахти Париж шаҳрида “Саратон касаллигини даволаш мезонлари” бўйича бутунжаҳон етакчи онкологларининг 22-Конгрессида Республика онкология илмий марказининг бир қатор етакчи ходимлари иштирок этишди. Ушбу анжуманни Конгресс президентлари, профессор David Khayat ва Gabriel N. Hortobagyi (Houston, USA) кириш сўзи билан очиб, дунё миқёсида онкологик хизмат бўйича олиб борилаётган изланиш ва фаолиятларга атрофлича урғу бериб ўтдилар. Конгрессда 2000 тадан ортиқ мутахассис, шунингдек, халқаро илмий кенгаш, яъни дунёнинг АЈШ, Италия, Германия, Япония ва бошқа давлатлардан 132 нафар етакчи олимлар қатнашишди. Анжуманда саратон касаллигига қарши даволаш йўналишлари алоҳида секциялар шаклида ўтказилди. Бунда айниқса, бутунжаҳон ҳамда Ўзбекистон олимлари учун долзарб мавзулар бўлган сут бези, йўғон ичак ва меъда саратони касалликларини даволашнинг янги йўналишларида тажрибали мутахассисларимиз фаол иштирок этишиб, ўзлари учун янги хулосаларга эга бўлишди. Халқаро даражадаги бундай анжуманларда мамлакатимиз олимларининг доимий равишда иштирок этиши республикамиз онкология хизматини замонавий жаҳон тиббиёти даражасига кўтариши табиийдир. Эътироф этиш жоизки, олимларимизнинг ана шундай нуфузли анжуманлар доирасидаги баҳс-мунозараларда фаол иштирок этиши республикамиз онкология хизматини бутунжаҳон глобаллашув жараёни билан ҳамнафас ривожланишига замин яратади.
Анжуманда чоп этилган 450 та илмий мақоладан 79 таси деворий маъруза этиб танланди, улардан 12 таси Ўзбекистон олимларининг маърузаси бўлиб, мамлакатимиз олимларининг бу изланишлари конгресс иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Конгрессда тақдим этилган илмий ишлар ўртасида энг яхши деворий маъруза учун танлов ўтказилди ва бу танловда Ўзбекистон вакили, онкология илмий маркази ёш ходими Дилшод Эгамбердиевнинг “Меъда саратони касаллигини даволаш”га бағишланган илмий иши халқаро ҳайъат томонидан кўриб чиқилди ва ғолиб деб топилди ҳамда фахрий диплом билан тақдирланди. Таъкидлаш муҳимки, хорижий мамлакатларда ўтказилаётган анжуманларда ёш мутахассисларимизнинг чет тилларда мустақил маъруза ва ўзаро суҳбат жараёнида бемалол мулоқот қилишлари ҳам уларнинг касбий маҳортлари қаторида ноёб истеъдодга эга эканликларини намоён этмоқда. Жумладан, Дилшод Эгамбердиевнинг инглиз тилида эркин маъруза қилганлиги хорижлик олимлар томонидан ижобий баҳоланиб, иштирокчилар диққатига сазовор бўлди.
Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ҳамкорлигида мамлакатимиз олимларининг мазкур анжуманда иштироки ва эришилган ютуқлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари томонидан махсус репортажлар ҳамда суҳбатлар тайёрланди.
Бундай муваффақиятларга эришиш ва хорижий давлатларда муносиб ўринга эга бўлиш, албатта ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун доимий изланиш ҳамда тиббиётнинг очилмаган қирралари сари интилиш ва унинг сир-синоатларини чуқур ўрганиш, илмий салоҳият бобида фаолият юритаётган ҳар бир мутахассисдан масъулият ва машаққат талаб этади. Шундай экан, бу борада машаққатли меҳнатлар ортидаги ютуқлар сари интилаётган ёш олимлар ишига улкан зафарлар тилаб қоламиз.