МУҲИМИ: СОҒЛОМ ОНА, СОҒЛОМ БОЛА ВА СОҒЛОМ ОИЛАНИ ШАКЛЛАНТИРИШ
Давлатимиз раҳбари 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаларида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган самарали ишларга алоҳида урғу бериб ўтдилар. Бу албатта, тизимда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатлик ҳамда соғлом оилани шакллантириш борасида олиб борилган ишларга берилган юксак баҳодир. Шундай экан, бундай ишонч ҳар бир тиббиёт ходимининг янада кўтаринки кайфият ҳамда ўз касбига бўлган садоқатини ошириб, халқимиз саломатлиги йўлида астойдил меҳнат қилишга ундаши, табиий.
Жорий йилнинг 5 февраль куни В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом оила ва баркамол авлодни шакллантириш борасидаги Давлат дастурлари ижросини такомиллаштириш мақсадида "Фертил ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш ҳафталик"лари самарадорлигини оширишга бағишланган республика амалий конференцияси ўтказилди.
Ушбу анжуманда Республика Соғлиқни сақлаш ва бир қанча вазирликлар, халқаро ташкилот вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари ҳамда уларнинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосарлари, акушер-гинеколог, педиатр, пульмонологлар иштирок этди.
Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Икрамов кириш сўзи билан очиб, тизимда ислоҳотлар жараёнида босқичма-босқич амалга оширилаётган ишларга урғу бериб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Арипов кейинги йилларда тиббиёт тизимида олиб борилаётган фаолиятларга алоҳида тўхталиб, замон талаблари даражасида қад кўтараётган тиббиёт муассасалари ва уларнинг янги технологиялар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланаётганлиги боис, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ошиб бораётганлигини таъкидлади. Шунингдек, Юртбошимиз томонидан соҳа ютуғига берилган эътирофларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, бу албатта давлатимизнинг тиббиёт ходимлари меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг машаққатли ишларига берилган муносиб баҳо эканлигини ўз фикрларида баён этди. Айниқса, юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб, унинг замирида соғлом онадан – соғлом бола, баркамол авлод ва соғлом оилани шакллантириш масалалари ётар экан, бу борадаги фаолиятларни янада чуқурлаштириш мақсадида скрининг ва перинатал марказларининг ташкил этилганлиги айни муддао бўлганлиги ҳамда ижобий натижалар юзага келаётганлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Акбарова мамлакатимизда соғлом она – соғлом бола дастури асосида олиб борилаётган ишлар бугунги кунда ўз самарасини бераётганлиги ва бу йўналишда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 13 апрелдаги ПҚ-1096-сонли "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ва 1 июлдаги ПҚ-1144 сонли "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида"ги Қарорлари ижросини амалиётга татбиқ этиш тўғри йўлга қўйилган бўлиб, аҳоли орасида тушунтириш ишлари кучайтирилиб, репродуктив саломатлик, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича диққатга молик фаолиятлар қилинганлигига атрофлича тўхталди.
Ўзбекистондаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик Фонди (UNFA) ваколатхонаси бошлиғи К. Куллеса мазкур конференция юқори даражада ташкил этилганлиги ва ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимидаги бундай ютуқлар соҳада олиб борилаётган ислоҳот жараёнларининг босқичма-босқич амалга оширилаётганлиги, шунингдек, тиббиёт ходимларининг билим ва илмий салоҳияти асосий ўринга эга бўлаётганлигини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишдаги кун тартибидан ўрин олган соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини оширишда "Фертил ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш ҳафталик"ларининг аҳамияти ва уларни такомиллаштириш, қишлоқ врачлик пунктларининг фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилашда контрацепциянинг аҳамияти, аҳоли орасида сил касаллигини аниқлаш профилактикаси ҳамда соғломлаштириш чора-тадбирлари, ҳомиладор аёллар скринингини ташкиллаштириш мавзулари бўйича мутахассислар маъруза қилдилар.
Конференция сўнгида Соғлиқни сақлаш вазири А. Икрамов 2011 йилда белгилаб олинган вазифалар ҳамда юқоридаги қарорлар ижросини таъминлаш, шунингдек, "Фертил ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш ҳафталик"ларини такомиилаштириш мақсадида янгича режалар асосида иш юритиш муҳимлиги ва бунда ҳар бир тиббиёт ходими масъулият билан меҳнат қилиши лозимлигини айтиб ўтди.