UZ RU
18.02.2011

ҚВП: МАЛАКАЛИ КАДРЛАР ВА ЗАМОНАВИЙ ХИЗМАТ

Бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ривожи ва ушбу соҳадаги сифат ўзгаришларини таъминлаш борасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Зеро, миллат соғлиғини асраш, жисмонан ва руҳан баркамол авлодни вояга етказиш фаровон келажагимиз кафолатидир.

Ана шундай эзгу мақсад йўлида олиб борилаётган ­тиббий ислоҳотларнинг ижобий самарасини бугун Навоий ­вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳудудда оналик ва болалик муҳофазаси, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ­сифатини янада такомиллаштириш ҳамда мавжуд шифо ­масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. 2010 йилда вилоятдаги кўплаб даволаш профилактика муассасалари хорижда ишлаб чиқарилган энг замонавий ташхис ускуналари билан жиҳозланди. Бу, ўз навбатида, нафақат шаҳар ва туман марказлари, балки энг олис қишлоқларда ҳам аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш, кўплаб хасталикларнинг олдини олиш имконини яратаётир.

— Бугун соғлиқни сақлаш тизимида хизмат кўрсатиш сифати тобора такомиллашиб бораётганлиги кенг жамоатчилик орасида тиббий маданиятнинг юксалишига хизмат қилмоқда, — дейди Томди тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Камаш Нагашбоева. — Ҳудуддаги барча ҚВПларда малакали умумий амалиёт шифокорлари ҳамда патронаж ҳамширалари фаолият кўрсатади. Бу мутахассислар иштирокида мунтазам равишда ўтказиб борилаётган “Саломатлик ҳафталиги”, “Шифокор тавсиялари”, “Туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғ­ломлаштириш ҳафталиги” каби махсус тадбирларда аҳоли, айниқса, ёшларга соғ­лом турмуш тарзи тарғиботи бўйича кенг тушунчалар бериб борилмоқда. Бугун энг олис овулларимизга бориб, одамлар орасида бўлсангиз, бунинг нечоғли ­ижобий самара бераётганлигига амин бўласиз. Негаки, аввалги пайтлардан фарқли ўлароқ, ҳозир ҳар бир киши ўз саломатлигини асрашга, энг аввало, ўзи масъул эканлигини кун сайин чуқурроқ англаб етмоқда.

Қувонарлиси, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, тиббиёт соҳасига татбиқ этилаётган янгиланишлар инсон қадрини улуғлаш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Олис қишлоқлар аҳлининг узоғини яқин, мушкулини осон қилаётган бу ўзгаришларнинг яққол ифодаси сифатида ҳудудда ­бунёд этилаётган янгидан-янги шифо масканларини тилга олиш мумкин. Жорий йилда Янги Томдида 150 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли поликлиниканинг замонавий кўринишдаги муҳташам биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шифо масканида умумий амалиёт шифокори, невропатолог, стоматолог, жарроҳ, акушер-гинеколог каби тажрибали мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Энг муҳими, шифо муассасаси УЗИ, ЭКГ сингари замон талабларига мос тиббий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган.

Навбаҳорликларга эса айни пайтда 285 қабулга мўлжалланган туман тиббиёт бирлашмасининг марказий шифохонаси, 250 қатновли кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда 19 та ҚВП хизмат кўрсатмоқда. Ўтган 2010 йилнинг инвестиция дастурига асосан, марказий шифохонадаги шошилинч тиббий жарроҳлик, қон қуйиш, қабул бўлими ҳамда ички дорихона бюджет маблағлари ҳисобидан капитал таъмирланди. Бундан ташқари, жорий йилда вилоят марказидаги кўп тармоқли тиббиёт марказини реконструкция­лаш ишлари ниҳоясига етказилади. Шунингдек, ҳудудда ОИТС­га қарши кураш марказининг асосий биноси янгидан қурилмоқда. Қурилиш-монтаж ишлари ниҳоясига етказилгач, ушбу шифо масканларини энг сўнгги даволаш-ташхис жиҳозлари билан таъминлаш ва ­хизмат сифатини янада юксалтириш кўзда тутилган.