UZ RU
19.02.2011

ОЗОДАЛИК — СОFЛИFИМИЗ ГАРОВИ

Хушхўр таомлар дастурхонимиз кўркидир. Шу боис ҳар йили табиатнинг сархил неъматлари пишиб ­етилиши билан уй бекалари қишки мавсумга атаб хилма-хил консерва маҳсулотларини ­тайёрлашга киришишади.

Турли дармондориларга бой мева ва сабзавотлардан таркиб топган бундай таомлар “илигузилди” пайтда танимизга қувват бўлиши яхши, албатта. Аммо шуниси борки, консерваланган мева ва сабзавотлар таркибида турли витамин ҳамда минерал моддалар билан биргаликда, инсон соғлиғи учун жиддий хавф туғдирувчи вируслар бўлиши ҳам мумкин.

Ана шундай вируслар сабаб ­келиб чиқадиган хасталиклардан бири ботулизмдир. Ушбу юқумли касаллик, асосан, марказий асаб тизимининг оғир шикастланиши билан кечади. ­Гигиена қоидаларига риоя қилинмасдан тайёрланган консервалар, шунингдек, заҳарланган гўшт ва гўшт маҳсулотлари орқали инсон организмига тушган ботулинотоксин моддаси меъда ҳамда ичакда тез сўрилиб, қон ва ички аъзоларга ўтади.

Тажрибада турли ҳолатларга гувоҳ бўлганмиз. Масалан, бундан уч-тўрт йил аввал юқумли касалликлар шифохонасига оғир аҳволдаги эмизикли болани олиб келишди. Афсуски, шифохонага етмаёқ гўдак нобуд бўлган экан. Маълум бўлишича, чақалоқнинг онаси шиша идишда тузланган помидор ва бодринг истеъмол қилган. Қўшимча овқат сифатида гўдагига ҳам тузламанинг сувидан берган. Орадан бир неча соат ўтиб, бола безовталана бошлайди. Нафас олиши қийинлашиб, ранги кўкариб кетганига қарамай, она шифокорга мурожаат қилмаган. Лоқайдлик сабаб ўз вақтида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмагани чақалоқнинг аҳволини оғирлаштирган...

Тиббий текширувлар шуни кўрсатдики, гигиена қоидаларига риоя қилмасдан тайёрланган консерва маҳсулоти истеъмол қилиниши натижасида онанинг ўзи ва қолган икки фарзандига ҳам ботулизм вируси юққан. Яхшиямки, уларга кечиктирмай тиббий ёрдам кўрсатилди ва барча хавф ­ортда қолди.

Шуни унутмаслик лозимки, саломатлигимизга хавф солувчи ҳар қандай юқумли хасталикнинг олдини олиш ўз қўлимизда. Зеро, соғлом турмуш тарзига амал қилиб, ҳамиша ва ҳар ерда гигиена талабларига риоя этсак, ҳеч бир юқумли хасталик саломатлигимизга хавф сола олмайди.

Гулмира КАРИМОВА,

шифокор.